Болалар манфаати — қонун ҳимоясида
  • 10 Сентябрь 2015

Болалар манфаати — қонун ҳимоясида

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Бола ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқий механизмларни амалга ошириш тизимини такомиллаштириш” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ҳамда идоралар, таълим ва илмий муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мустақилликнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизда инсон манфаатлари, шу жумладан, бола ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва унинг иккита факультатив протоколи иштирокчиси сифатида мазкур ҳужжатларнинг барча қоидасига тўлиқ амал қилиб келмоқда. Ушбу Конвенция қоидалари миллий қонунчилигимизга ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятига изчиллик билан имплементация қилинди.
Шуларга мос равишда истиқлол йилларида 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар — Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, бир қатор қонун ҳужжатлари, Президент Фармон ва қарорлари ҳаётга татбиқ этилди. Бу борада, айниқса, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Мазкур ҳужжатда Конвенция қоидалари эътироф этилгани ҳолда, улар янада такомиллаштирилди. Яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг оилавий муҳит ва жамиятга интеграциялашуви, тураржойи, ижтимоий ҳимояси ҳамда таълим олиши билан боғлиқ ҳуқуқлари ҳам кафолатланди.
Тадбирда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, болалар саломатлигини мустаҳкамлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли муайян ютуқ ва натижаларга эришилаётгани алоҳида қайд этилди.
Иштирокчилар мамлакатимиз таълим тизимидаги ислоҳотлар ва бунинг натижалари хусусида ҳам батафсил сўз юритди. Аввало, фарзандларимизнинг 12 йиллик таълимдан баҳраманд бўлиши қонуний кафолатланди. Пировардида бугунги кунга келиб мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълим билан қамраб олиш 98-99 фоизни ташкил этаётир.
Бугун мамлакатимиз умумтаълим муассасаларида 7 тилда билим берилмоқда.
Фарзандларимизнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир билимларини мустаҳкамлаш юзасидан ҳам муҳим чора-тадбирлар кўрилаётир. Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабгача таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларида инсон манфаатлари, шу жумладан, бола ҳуқуқлари, одам савдосига қарши курашиш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган машғулотлар йўлга қўйилган. Шу ўринда 2014 йилда 1 — 7-синф ўқувчиларига Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини ўқитиш Миллий истиқлол ғояси ва маърифат асослари, 8 — 9-синфларда эса Ўзбек давлати ва ҳуқуқи асослари ҳамда Конституциявий ҳуқуқ асослари дарслари доирасида ташкил этилганлигини айтиш жоиз.
— Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ибратли тизими шакллантирилган, — дейди бола ҳуқуқлари бўйича халқаро эксперт Ренате Винтер. — Соҳа қонунчилиги яратилган, энг муҳими, у тобора такомиллаштирилмоқда. Болаларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарни эгаллашлари учун барча шарт-шароит ҳамда қулайликлар муҳайё қилинган. Уларнинг ҳуқуқлари тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан тўлиқ таъминлаб келинмоқда. Шуларнинг ўзиёқ мамлакатингиз бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга жиддий эътибор қаратаётганини тасдиқлайди.
Давра суҳбатида бола ҳуқуқларига доир қонунчиликни ҳамда ҳуқуқни қўллаш механизмларини янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn