Мавсум якунларига бағишланди
  • 10 Сентябрь 2015

Мавсум якунларига бағишланди

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Болаларни ёзги дам олдириш ҳамда соғломлаштириш ташкилотчиларининг  Республика форуми ўтказилди.

Унда вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари раҳбар ва ходимлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мустақилликнинг илк йиллариданоқ баркамол авлодни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, ёшларимизнинг интеллектуал ривожланиши,  маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Болаларни ёзги дам олдириш ҳамда соғломлаштириш йўналишидаги тадбирлар ҳам ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу борада, айниқса, давлат ва жамоат ташкилотларининг изчил ҳамкорлиги ўз самарасини бермоқда.
Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш концепцияси  асосида ушбу йўналишдаги ишлар сифати оширилгани, оромгоҳлар фаолияти бугунги талаб даражасида йўлга қўйилгани қайд этилди. Натижада оромгоҳлар нафақат жисмоний соғломлаштириш масканлари, балки болалар маънавиятини юксалтириш ҳамда интеллектуал салоҳиятини ошириш марказлари сифатида ҳам ўзини намоён этмоқда.
Бу йилги мавсумда республика бўйича 1167 та болалар соғломлаштириш оромгоҳи, шу жумладан, 213 та стационар, 795 та кундузги, 141 меҳнат ва дам олдириш оромгоҳлари фаолият олиб борди. Уларда 300 минг 372 нафар бола соғломлаштирилди.
Ўсмир ёшдаги ўғил-қизларнинг мароқли дам олишини таъминлаш мақсадида касаба уюшмалари, маҳаллий ҳокимликлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказлари, корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида жойларда 141 меҳнат ва дам олдириш оромгоҳи фаолияти йўлга қўйилди. Ташкилотлар ҳамда фермер хўжаликлари қошида ташкил этилган бу турдаги оромгоҳларда лицей ўқувчилари ҳордиқ чиқариши баробарида, ижтимоий-фойдали меҳнат билан шуғулланди, коллеж ўқувчилари эса ишлаб чиқариш амалиётини ўтади. Улар учун маданий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақалари ҳам уюштирилди.
Форумда мавсум давомида ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилганига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Оролбўйи минтақасидан 4 минг 960 нафар бола Тошкент шаҳри ҳамда Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги сўлим оромгоҳларда бепул дам олди. Касаба уюшмалари кўмагида 53 минг нафардан ортиқ болалар жамоа шартномалари ҳамда келишувлари орқали бепул ва имтиёзли ҳордиқ чиқарди, Меҳрибонлик уйларининг 2 минг 797 нафар тарбияланувчиси, 50 нафар жисмоний имконияти чекланган бола бепул йўлланмалар билан таъминланди. Маҳаллаларда яшаётган кам таъминланган оилаларнинг 600 нафар фарзанди ҳам ана шундай имкониятдан фойдаланди. Қолаверса, 3 минг нафардан ортиқ она ва болалар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда саломатлигини мустаҳкамлади.
Тадбирда ёзги соғломлаштириш мавсуми якунлари сарҳисоб қилиниши билан бирга, намунали оромгоҳлар ва мавсумни ўтказишда фаоллик кўрсатган ҳамкор ташкилотлар вакиллари диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланди.

З. ХОЛТЎРАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn