«Нима қилдик Ватан учун?»
  • 09 Сентябрь 2015

«Нима қилдик Ватан учун?»

Жиззахда истиқлолимизнинг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан “Нима қилдик Ватан учун?” ҳамда “Биз, ёшлар гиёҳвандлик ва терроризмга қаршимиз!” шиорлари остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Жумладан, тадбир доирасида Пахтакор, Зарбдор, Зафаробод туманларида бўлиб ўтган давра суҳбатлари, мусиқа машғулотлари ҳамда концерт дастурлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Янгиобод туманидаги мусиқа ва санъат мактабида уюштирилган маҳорат дарслари, Жиззах шаҳридаги 29-Меҳрибонлик уйидаги учрашувларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида инсон омили, хусусан, ёшларимизни баркамол авлод этиб вояга етказишдек эзгу ғоялар мужассам эканлиги таъкидланди.
Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” стадионида ўтказилган гала-концертда она-Ватанимиз, бағрикенг ҳамда бунёдкор халқимизни мадҳ қилувчи куй ва қўшиқлар янгради.

* * *
“Нима қилдик Ватан учун?” ҳамда “Биз, ёшлар гиёҳвандлик ва терроризмга қаршимиз!” шиорлари остидаги ёшлар фестивали Самарқанд вилоятида ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилган мазкур тадбир доирасида туман ва шаҳарлардаги маданият ҳамда истироҳат боғлари, махсус мактаб-интернатлари ва Меҳрибонлик уйларида учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда таниқли шоир ҳамда ёзувчилар, маданият ва санъат вакиллари қатнашди.
Ургут, Нуробод, Пайариқ, Оқдарё, Жомбой, Пастдарғом туманларида кечган мулоқотларда мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, соғлом турмуш асослари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
— Мамлакатимизда биз, ёшлар учун жуда кенг имкониятлар яратиб берилган, — дейди дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби, пастдарғомлик Диёра Келдиёрова. — Хусусан, пухта билим олишимиз, ўз иқтидоримизни намойиш қилишимиз учун барча шарт-шароит мавжуд. Мен ҳам шулардан унумли фойдаланиб, спортдаги ютуқларим орқали Ватанимиз номини янада улуғлашга ўз ҳиссамни қўшишга интилаяпман. Мана, яқинда Босния ва Герцеговина пойтахти Сараевода Халқаро дзюдо федерацияси томонидан ташкил этилган дунё биринчилигида қатнашдим. Мусобақада олтмишга яқин давлатдан беш юз нафарга яқин спортчи совринли ўринлар учун кураш олиб борди. Баҳсларда бор маҳоратимни ишга солиб, муваффақият қозонганимдан жуда хурсандман. Бу орқали Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслигини яна бир карра исботлашга муваффақ бўлдик, деб ўйлайман.
Ушбу фестиваль бизда алоҳида таассурот қолдирди. Жойлардаги учрашувларда ўз натижаларимиз, спортнинг инсон саломатлигидаги ўрни ҳақида гапириб бердик.
Уч кун давом этган акция доирасида ёш рассом ва ижодкорларнинг асарлари, миллий ҳунармандчилик буюмлари ҳамда ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмалари ҳам уюштирилди. Ёшларни гиёҳвандлик ва бошқа иллатлардан огоҳ этиш ҳамда асрашга бағишланган буклетлар, кўргазмали воситалар тарқатилди.
Фестиваль якунида Самарқанд педагогика коллежи амфитеатрида таниқли санъаткорлар иштирокида гала-концерт намойиш этилди.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Эъзоз ва эҳтиром ифодаси Ёшлар ва жамият »