Эъзоз ва эҳтиром ифодаси
  • 08 Сентябрь 2015

Эъзоз ва эҳтиром ифодаси

Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ, юз ёшдан ошган бир гуруҳ юртдошларимиз “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. Улар орасида Хатирчи туманининг “Олтинсой” қишлоғида умргузаронлик қилиб келаётган 101 ёшли Умит момо Юлдашева ҳам бор.

Онахоннинг давлатимиз юксак мукофоти билан тақдирлангани бир зумда бутун қишлоққа, туманга ёйилди. Узоқ-яқиндан қариндош-уруғлари, яқинлари, маҳалладошлари уни қутлашга шошилдилар.
Бугун Умит момо 56 невара, 105 чевара, 45 эвараси ардоғида мазмунли ҳаёт кечирмоқда. Ўғил-қизларини ўқитди, эл-юрт корига камарбаста инсонлар қилиб камолга етказди. Неваралари ҳам ота-онасига муносиб фарзандлар бўлиб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилишаяпти.
Куни кеча вилоят ҳокими Э. Турдимов кенг жамоатчилик вакиллари билан Умит момо хонадонига ташриф буюриб, табаррук ёшли онахонга юксак мукофот — “Шуҳрат” медалини Президентимиз номидан топширди ҳамда энг улуғ, энг азиз байрам билан табриклади.
— Шундай тинч-осойишта, фаровон ҳаётга етказганига шукр, — дейди момо. — Буларнинг барчаси мустақиллик бераётган имкониятлар самарасидир. Шундай дориламон кунларимизга кўз тегмасин. Биз, кексаларни қадрлаб, иззат-эҳтиром кўрсатаётган Юртбошимизга мингдан-минг раҳмат.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn