Солиқларни ўз вақтида тўлаш — ҳар биримизнинг бурчимиз
  • 08 Сентябрь 2015

Солиқларни ўз вақтида тўлаш — ҳар биримизнинг бурчимиз

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддасида “Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар”, деб белгилаб қўйилган. Зотан, жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқлари маҳаллий бюджет даромадларини тўлдириб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, ободонлаштириш, энг асосийси, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш каби эзгу ишларга йўналтирилади.

Солиқ кодекси тегишли моддаларига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг ихтиёридаги кўчмас мулк — уй-жой, квартира, дала ҳовли, гараж, бошқа иморат ва иншоотлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилган ер участкалари бу турдаги солиқ объектлари ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, солиқ ставкалари ҳар йили қайта кўриб чиқилади. Президентимизнинг 2014 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига биноан, 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб, жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи 1,10 ва  ер солиғи 1,15 бараварга индексация қилинди.
Мол-мулк ва ер солиқлари ҳисоблаб чиқилишида эса кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган тақдим этадиган маълумотларга таянилади. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан мол-мулк ва ер солиқлари суммаси, тўлаш муддати кўрсатилган тўлов хабарномаси жисмоний шахсларга ҳар йили 1 майдан кечиктирилмасдан топширилади.
Шу ўринда айтиш жоизки, жисмоний шахслар мол-мулкини баҳолаш бўйича ваколатли органлар белгилаган инвентаризация қиймати бўлмаган тақдирда, 2015 йилда солиқ ҳисоблаш учун Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида 20 миллион 328 минг сўм, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда 8 миллион 833 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қийматлари қўлланилади. Ёки бўлмаса, айрим сабабларга кўра, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари ҳисобланмаган бўлса (масалан, солиқ органида жисмоний шахс эгалигидаги кўчмас мулк ёки ер участкалари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда), давлат солиқ хизмати органлари бундай маълумотларни олган кундан бошлаб солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаши, уларнинг ҳисобланган суммасини қайта кўриб чиқиши мумкин.
Шу билан бирга, “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан Солиқ кодексининг 290-моддасига ўзгартиришлар киритилган. Унга асосан, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб кўчириб келтирилган фуқароларнинг келиб жойлашган ер участкалари ҳамда деҳқон хўжалиги юритиш учун жисмоний шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида берилган ер участкалари бўйича ер солиғидан имтиёзлар бекор қилинди.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолияти учун берилган ер участкалари, шунингдек, фуқаролар томонидан тураржой фонди объектлари нотураржой фонди тоифасига ўтказилганда ёки нотураржой фонди объектлари мулк сифатида харид қилинганда, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади. Уларга қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги Қонунига мувофиқ, Солиқ кодексининг 276 ва 291-моддаларига киритилган ўзгартиришларга кўра, жисмоний шахс ёки оилавий корхона тураржойдан унда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизмат кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, мол-мулк солиғи жисмоний шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади.
Мол-мулк ва ер солиқларини жорий йилнинг 15 октябрига қадар тўлаш белгиланган бўлиб, уни ўз вақтида амалга оширмаган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилади. Яъни Солиқ кодекси талабларига биноан, тўловнинг белгиланган муддатидан кейинги кундан эътиборан, ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади. Фуқаро солиқ органи томонидан солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома берилганидан кейин ўн кун ичида қарзини узмаса, мажбурий ундирув чораларини кўриш бўйича судга даъво аризаси киритилади. Шунингдек, Ер кодексининг 36-моддасига асосан, ер солиғини мунтазам равишда тўламай келаётган фуқароларнинг бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи бекор қилиниш чоралари ҳам қўлланилиши мумкин.
Мухтасар айтганда, мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш жисмоний шахсларнинг қонуний бурчидир. Зеро, бундан тушадиган маблағлар маҳаллий бюджетни бойитиш баробарида, турмушимиз янада фаровон бўлишига хизмат қилади.

Равшан НАСИМОВ,
Давлат солиқ қўмитасининг Жисмоний шахсларга солиқ солиш
бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn