Фаол ва ташаббускорлар тақдирланди
  • 08 Сентябрь 2015

Фаол ва ташаббускорлар тақдирланди

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз шукуҳи кезиб юрган айни кунларда мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, халқимиз маънавияти ва маданиятини юксалтириш, ходимлар ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш борасида фаоллик ва намуна кўрсатиб келаётган турли соҳа ходимлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром” нишони билан тақдирланди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда таъкидланганидек, бугунги кун талабидан келиб чиқиб, касаба уюшмаларининг ислоҳотлар жараёнидаги иштироки тобора кенгайиб бормоқда. Хусусан, ижтимоий шериклик асосида аҳоли, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, жамоа шартномалари ҳамда келишувлари орқали ходимларнинг даромадларини янада ошириш, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва битирувчиларини моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш, оилалар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш каби масалаларга алоҳида эътибор берилаётир. “Эҳтиром” нишонининг таъсис этилиши ушбу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жорий йилда мазкур нишон учун 62 нафар номзод тавсия этилган бўлиб,  улар фаолияти махсус комиссия томонидан ҳар томонлама ўрганиб чиқилди. Айниқса, номзодларнинг ижтимоий шерикликни ривожлантириш, ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш ҳамда меҳнат жамоасини янги марралар сари илҳомлантириш борасидаги изланишларига диққат қаратилди. Пировардида энг фаол ва ташаббускор 22 номзод “Эҳтиром” нишонига муносиб кўрилди.
— Ушбу нишонга сазовор бўлганлар орасида иш берувчилар, ижтимоий шериклар, маҳаллий ҳокимликлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари вакиллари борлиги эътиборга молик, — дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Х. Каипназаров. — Совриндорлар қаторида эканимиздан мамнунмиз. Истиқлолнинг 24 йиллик байрамига ўзига хос туҳфа бўлган ушбу нишон бизни янги марралар сари руҳлантиради.
Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, жамоа шартномалари ижтимоий таркибини кучайтириш хусусида сўз юритилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини касаба уюшмаларига жалб қилиш, шу орқали уларда ишлаётган ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш зарурлиги ҳам қайд этилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn