Ҳаётдан розилик туйғуси аёл учун бахтдир
  • 04 Сентябрь 2015

Ҳаётдан розилик туйғуси аёл учун бахтдир

Ҳаётдан розилик, бугунги тинч ва осуда кунлар учун шукрона, эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишонч инсон умрининг мазмунини белгилайди, десак, айни ҳақиқатдир. Буни биз, хотин-қизлар учун истиқлол йилларида яратилган кенг имкониятлару мисли кўрилмаган шарт-шароитлар мисолида янада теранроқ ҳис этиш қийин эмас.

Президентимизнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида хотин-қизларга яна бир бор юксак даражада эҳтиром кўрсатиб, ўзбек аёлларини дунёдаги энг гўзал, мунис деб таърифлагани, ҳар биримизнинг ҳаётимизни эзгулик ва меҳр нури билан чароғон этиб келаётган оналаримиз ва опа-сингилларимиз олдида бош эгишга, уларни олқишлашга чорлаганлари барчани жудаям тўлқинлантириб юборди.
Истиқлол шарофати билан бугун аёллар жамиятнинг барча жабҳасида эркаклар билан тенгма-тенг фаолият кўрсатиб, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқдалар. Жамиятни демократлаштириш ва мамлакатни модернизация қилиш стратегияси асосида ўтган йилларда хотин-қизларимизнинг юртимиз тараққиётидаги ролини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ўз қобилиятларини юзага чиқаришлари учун кенг шарт-шароитлар яратиш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган тизимли ишлар амалга оширилди.
Айниқса, миллат генофондини давом эттирувчи, келажак авлодни дунёга келтириб, вояга етказувчи оналар соғлиғини янада яхшилашга қаратилаётган юксак эътибор натижасида мустақиллик йилларида мамлакатимизда одамларнинг ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида эса 75 ёшга етди. Оналар ва болалар ўлими даражаси 3 баробар камайди.
Буларнинг замирида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида ижтимоий соҳага давлат сиёсати даражасида устувор аҳамият қаратилаётгани, энг аввало, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, кекса авлод вакилларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш борасида узоқни кўзлаб ҳаётга татбиқ этилаётган оқилона сиёсат ётибди.
Узоққа бормайлик. Ён-атрофимизга назар ташлайдиган бўлсак, қайсики юртда тинчлик барқарор, осойишталик ҳукмрон бўлса, ўша жойда одамлар бугунги ҳаётидан рози, фарзандлари келажагидан кўнгли тўқ ҳолда яшамоқда. Бизни қувонтирадигани, бугун Ўзбекистон худди шу мезонларга тўла жавоб берадиган давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллаётир. Бунинг исботи сифатида энг нуфузли халқаро иқтисодий ва ижтимоий марказларнинг охирги маълумотларини келтириш ўринлидир. Унга кўра, мамлакатимиз “Бутунжаҳон бахт индекси”да 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида эса биринчи ўринни эгаллаб турибди. Бу, шубҳасиз, ҳар биримизни ғурурлантиради.
Президентимизнинг табрик сўзида келтирилганидек, тарихимизда янги саҳифа очган буюк воқеа — халқимиз қўлга киритган мустақиллик туфайли ҳаётга жорий қилинган, “ўзбек модели” деб тан олинган стратегик тараққиёт дастури бизни бугунги кунда дунёнинг энг тез тараққий топаётган давлатлари сафидан ўрин олишимизда, шаҳару қишлоқларимизнинг гуллаб-яшнашию ватандошларимизнинг турмуши кундан-кун фаровонлашиб боришида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Мухтасар айтганда, бахтиёр оналаримизнинг, ҳар бир аёлнинг ягона тилаги шу — юртимиздаги тинч ва осойишта ҳаётга ҳеч қачон кўз тегмасин! Буни таъминлаш биз, халқ вакиллари орасидаги хотин-қизлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Энг аввало, она сифатида эртанги кунимиз эгалари бўлмиш ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида камолга етказишимиз айни заруратдир. Депутат сифатида эса ҳаётимиз янада фаровон бўлишини таъминлайдиган, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга йўналтирилган қонунларни қабул қилишимиз, уларнинг ижроси устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз, пировардида юртдошларимизни янги ютуқ ва марралар сари руҳлантиришда янада фаоллик кўрсатишимиз талаб этилади.

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn