Ватанга содиқлик қасамёди
  • 04 Сентябрь 2015

Ватанга содиқлик қасамёди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида бу йил ўқишга кирган тингловчиларнинг қасамёд қабул қилишига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ота-оналар қатнашди.

Анжуманда сўзга чиққанлар мамлакатимиз эришган жамики ютуқ ва натижаларда тинчлик ҳамда осойишталик муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганлигини таъкидлашди. Бу улуғ неъматни кўз қорачиғидек асраб-авайлашда ички ишлар тизими ходимларининг ҳам хизмати салмоқлидир. Зеро, ўтган йиллар мобайнида соҳада кадрлар тайёрлашнинг самарали тизими йўлга қўйилгани ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат хавфсизлигини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, ИИВ академияси соҳа учун етук мутахассис ҳамда раҳбар кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган нуфузли олий ўқув юртларидан биридир. Таълим муассасасида тергов, тезкор-қидирув, жиноятларнинг олдини олиш ва эксперт-криминалистика мутахассисликлари ҳамда Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларидаги патруль-пост, йўл-патруль, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қўриқлаш, ёнғин хавфсизлиги, хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати, жазони ижро этиш каби йўналишлар бўйича малакали кадрлар етишиб чиқмоқда.
— Юртбошимиз Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги табрик сўзида таъкидлаганидек, ўтган йиллар давомида эришилган ютуқларимиз негизида тинчлик ва осойишталик мужассамдир, — дейди биринчи курс тингловчиси Дилмурод Ваҳобжонов. —  Шарафли соҳани танлаганимдан фахрланаман. Бу ерда яратилган шароит ва қулайликлардан унумли фойдаланиб, етук мутахассис бўлишга астойдил ҳаракат қиламан.
* * *
Давлат божхона қўмитаси Олий ҳарбий божхона институтида ўтказилган қасамёд маросимида парламент аъзолари, тегишли вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, ота-оналар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Президентимиз ташаббуси билан 2003 йилда ташкил этилган ушбу олий таълим даргоҳида божхона иши ва юриспруденция мутахассисликлари бўйича божхона мутахассислари тайёрланмоқда. Бу ерда таҳсил олган малакали кадрлар айни пайтда божхона органларида самарали хизмат қилаяптилар.
Тўрт йиллик таҳсил давомида тингловчилар профессор-ўқитувчилардан чуқур сабоқ олади. Қолаверса, улар ҳар ўқув йили якунида Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармаларида амалиёт ўташ имкониятига ҳам эга. Бу эса уларнинг малакали кадр бўлиб камол топишларида айни муддаодир. 
Тантанали маросимда тингловчилар она-Ватанимиз, халқимиз ва Президентимизга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилишди.
Бундай тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги олий техника мактаби ва Тошкент олий ҳарбий-техник билим юртида ҳам бўлиб ўтди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn