Бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ифодаси
  • 03 Сентябрь 2015

Бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ифодаси

Пойтахтимизнинг Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида Республика Байналмилал маданият маркази томонидан “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” мавзуида тадбир ўтказилди.

Унда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, юртимизда фаолият юритаётган миллий маданият марказлари аъзолари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Республика Байналмилал маданият маркази раҳбари Н. Муҳаммадиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида юртимизни демократлаштириш ва модернизация қилишда бағрикенглик, миллатлараро тотувликни асраб-авайлаш тамойилларига қатъий амал қилинаётганини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, бугун юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, ўз қизиқиш ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданиятлари, урф-одатлари, анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришлари учун барча имконият яратиб берилган. Бундай беқиёс эътибор натижасида кўп миллатли халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси қайта тикланди, қадр топди. Барча миллат вакилларининг давлат бошқаруви, иқтисодий, ижтимоий ва маданий жараёнларда кенг ва эркин иштирок этиши кафолатланди.
Қолаверса, мамлакатимизда миллатлар ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий тарбияни кучайтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлашда алоҳида аҳамият касб этаётир.
Айтиш жоизки, Республика Байналмилал маданият маркази томонидан мустақиллигимизнинг 24 йиллиги муносабати билан республикамизнинг барча ҳудудида “Ўзбекистон — умумий уйимиз”, “Шу азиз Ватан — барчамизники!”, “Ягона ва аҳил оилада” каби мавзуларда давра суҳбатлари, дўстлик фестиваллари, концертлар, ижодий танловлар, кўргазмалар ўтказилмоқда. Ушбу анжуманлар иштирокчиларга унутилмас онларни туҳфа этаяпти.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn