Энг улуғ, энг азиз байрам шодиёналари юртимиз шаҳару қишлоқларида зўр кўтаринкилик билан нишонланди
  • 03 Сентябрь 2015

Энг улуғ, энг азиз байрам шодиёналари юртимиз шаҳару қишлоқларида зўр кўтаринкилик билан нишонланди

Бугун озод ва обод Ватанда яшаяпмиз. Истиқлол бизга ўз тақдиримизни ўзимиз белгилашдек беқиёс имкониятларни бахш этди. Шу боис ўтаётган ҳар бир кунимиздан рози бўлиб яшамоқдамиз.

Эртанги кунга бўлган ишончимиз юксак. Фарзандларимиз камолу иқболидан кўнглимиз тўқ. Бу ўтган йигирма тўрт йил давомида мамлакатимизда “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун!” деган эзгу тамойил асосида амалга оширилган изчил ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир.
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида шу ҳақда тўхталар экан, жумладан, шундай деди: “Мустақиллик биз учун ҳаётимизнинг маъно-мазмунини бутунлай ўзгартирган, тарихимизда янги саҳифа очган буюк воқеа бўлиб, Ватанимизни, халқимизни эски мустабид тизим кишанларидан озод қилгани, миллий демократик давлат қуриш, барча мамлакатлар ва халқлар билан тенг бўлиб, фаровон ҳаёт барпо этиш йўлини очиб бергани билан қадрли ва мўътабардир”. Бу энг улуғ, энг азиз байрамимиз муносабати билан жойларда ўтказилган шодиёналарда ҳам яна бир бор намоён бўлди.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси аҳли ҳам мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрамини ҳар соҳада юксак муваффақиятлар билан қарши олди. Чунончи, ўтган қисқа даврда ҳудуд маркази — Нукус шаҳри қиёфаси бутунлай ўзгарди. Кенг ва равон йўллар, муҳташам кўприклар қурилди. Турли рангларда жилоланувчи замонавий фавворалар, кўркам ва шинам уй-жойлар қад ростлади. Қувонарлиси, бундай улкан бунёдкорлик ишларининг қамрови тобора кенгайиб бормоқда. Жорий йилда Президентимиз қарорига мувофиқ, Оролбўйида қарийб 5 триллион 800 миллиард сўмлик инвестицияларни ўзлаштириш белгиланганлиги ҳам фикримиз тасдиғидир.
“Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида Нукус шаҳрида ўтказилган байрам тантанасида ҳам бу каби ютуқ ва муваффақиятлар яна бир бор ўз эътирофини топди. Театрлаштирилган бадиий-мусиқали томошалар барчада катта таассурот қолдирди.
Андижонда эса энг улуғ, энг азиз айёмимиз арафасида 80 дан зиёд саноат, тиббиёт, таълим, маданият ва спорт иншоотлари фойдаланишга топширилди. 35 миллиард 600 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига барпо этилган ушбу объектларда 700 дан ортиқ иш ўринлари ташкил қилинди. Уларнинг тантанали очилиш маросимлари истиқлол шодиёналарига уланиб кетди.
— Мустақиллик кунида ажойиб байрам туҳфасини қабул қилиб олдик, — дейди Жалақудуқ туманидаги 14-умумтаълим мактаби директори Қизлархон Расулова. — Натижада ўғил-қизларимиз таҳсилни янгидан қурилган муҳташам бинода давом эттириш имкониятига эга бўлдилар. Бундан нафақат жамоамиз, балки ўқувчиларимиз ва уларнинг ота-оналари ҳам беҳад мамнун.
Мамлакатимизнинг барча гўшасида бўлгани каби Бухоро вилоятида ҳам мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллиги катта шоду хуррамлик билан нишонланди. Байрамнинг асосий тантаналари Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган “Бухоро маданий маркази”да бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққанлар истиқлол йилларида юртимизда эришилган ютуқлар ҳақида атрофлича тўхталиб, иштирокчиларни айём билан қутлади. Санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури эса кўнгилларга кўтаринкилик бахш этди.
Тўйга тўёна билан, деганларидек, байрам арафасида Навоий вилоятида намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган юзлаб тураржойлар, маданий-маърифий иншоотлар, қатор саноат корхоналари фойдаланишга топширилди. Масалан, шундай фараҳбахш кунларда Қизилтепа ва Кармана туманларида ҳар бири 64 хонадонга мўлжалланган “Камолот” уйларига ёш оилалар кўчиб ўтди. Вилоят марказида янгидан барпо этилган Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғининг ишга туширилиши эса навоийликларга байрам совғаси бўлди.
Самарқандда истиқлолимизнинг 24 йиллик тантаналари “Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивали билан уйғунлик касб этди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳрларида байрамона безатилган истироҳат боғлари, хиёбонлар аҳоли билан гавжум бўлиб, уларда юртимиз санъаткорлари ҳамда “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалига ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар томонидан концерт дастурлари намойиш қилинди.
Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида бўлиб ўтган байрам тадбирига меҳнат фахрийлари, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда чет эллик сайёҳлар таклиф этилди. Она Ватан, истиқлол, тинчлик-осойишталик мадҳ этилган дилтортар куй-қўшиқлар барчага завқу шавқ улашди.
Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилган байрам тадбирида мустақиллик йилларида эришилган улкан муваффақиятлар, ўзгариш ва янгиланишлар, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқат ўзига хос тарзда ифодаланди.
Таъкидлаш керакки, айём арафасида вилоят бўйича 200 дан ортиқ иншоотлар, жумладан, 12 та касб-ҳунар коллежи, 54 та умумий ўрта таълим мактаби, бир қатор тиббиёт муассасалари фойдаланишга топширилди. 
— Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим, — дейди “Ўзгеобурғунефтгаз” акциядорлик компаниясининг “Ҳисоролди нефть ва газ қидирув экспедицияси” масъулияти чекланган жамияти бош технологи Зиядулла Хўжамуродов. — Йигирма етти йилдан буён шу соҳада меҳнат қиламан. Юртимиз эришган улкан муваффақиятларга, оз бўлса-да, ҳиссам қўшилганидан, шу ишларга дахлдорлигимдан жуда хурсандман.
Жиззах вилояти марказидаги “Сангзоркўл” дам олиш маскани шодиёнага муносиб тарзда ранг-баранг панно ва шиорлар билан безатилди.  Ён-атрофдаги минглаб чироқлар саҳнага кўрк бериш билан бирга, нурафшон дилларнинг кўзгусига айланди. 
Саҳна узра Ўзбекистон мадҳияси янгради. Тадбирда улуғ аждодларимизнинг бой мероси рамзий чиқишлар орқали ифодаланди. Ўтган йигирма тўрт йиллик мустақил тараққиёт даврида эришилган натижалар, ислоҳотлар самараси, халқимизнинг тинч, осуда ҳаёти жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фазилатлари, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун ҳолда акс эттирилди.
Фарғона шаҳридаги “Ёшлар” амфитеатрида “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида бўлиб ўтган байрам тадбирида она-юрт, тинчлик, дўстлик, бағрикенглик каби мавзуларни ўзида мужассамлаштирган саҳна чиқишлари ҳамда дилрабо куй-қўшиқлар шодиёна иштирокчиларига бир олам қувонч бағишлади.
— Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги мен учун қўшалоқ байрам бўлди, — дейди Риштон туманидаги “Мискин” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилором Назирова. — Чунки камтарона меҳнатларим Юртбошимиз томонидан юксак эътироф этилиб, “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирландим. Бу нафақат менга, балки бутун жамоамизга, тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаётган маҳалладошларимга берилган мукофотдир.
Хоразмда ҳам энг улуғ, энг азиз байрамимиз ҳар галгидек юксак меҳнат зафарлари билан қарши олинди. Байрам арафасида вилоятнинг барча гўшаларида ўнлаб янги ишлаб чиқариш объектлари, тиббиёт муассасалари, тураржой бинолари, муҳташам коллеж ва мактаблар, спорт заллари, гузарлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари иш бошлади. Маҳаллалар, кўчалар байрамона қиёфа касб этди.
Айниқса, вилоят марказидаги “Авесто” боғ-мажмуида юксак савияда ўтказилган байрам тадбири хоразмликларга унутилмас онларни туҳфа этди. “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” эзгу ғоясини ўзида мужассам этган театрлаштирилган дастур барчага манзур бўлди. Таниқли хонандалар, фольклор жамоалар ҳамда халқ дасталарининг чиқишларида озод ва обод юртимиз, бугунги дориламон кунларга шукроналик туйғулари тараннум этилди.
Иккинчи мучал ёшини нишонлаётган истиқлол айёми Наманган вилоятидаги шаҳар ва қишлоқларда ҳам катта шодиёнага айланди. Маҳаллалар, меҳнат жамоалари, ўқув юртларида ўтказилаётган тантанали тадбирларда 24 йил давомида эришилган улкан ютуқлар, юртдошларимиз онгу шууридаги ўзгаришлар, мамлакат ободлиги, иқтисодий тараққиётнинг шиддатли одимларидан фахрланиш ҳисси яна бир карра намоён бўлмоқда.
Карнай-сурнай садолари кўпчиликни вилоят марказидаги “Кичкинтой” боғининг амфитеатрига, байрамнинг бош тадбирига чорлади. Унда сўз олганлар шаҳар ва қишлоқларимиздаги беқиёс ўзгаришлар хусусида гапириб, иштирокчиларни мустақиллик айёми билан муборакбод этди.
Сурхондарёда ҳам истиқлол тантанасининг кўтаринки руҳи ҳар бир шаҳару қишлоққа, ҳар бир хонадонга кириб борди. Натижада айём тадбирлари маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида юксак савияда ўтказилди. Хусусан, Термиз шаҳридаги “Алпомиш” мажмуасида бўлиб ўтган шодиёна иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Байрам дастуридан ўрин олган куй-қўшиқлар, саҳна кўринишларида она-Ватан, Мустақиллик, тинчлик-осойишталик, меҳр-муҳаббат каби эзгу туйғу ва тушунчалар мадҳ этилди.
Сирдарё вилояти аҳли энг улуғ, энг азиз айёмга кўтаринки кайфият билан пешвоз чиқди. Шаҳар ва туманларда бўлиб ўтган шодиёналарда ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизнинг жадал тараққиёти, халқимизнинг улкан бунёдкорлик ва яратувчилик ғайрат-шижоати эътироф этилди.
— Мустақиллик байрамимизнинг шукуҳи ўзгача, — дейди шифокор, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Расул Каримов. —  Бугун ким билан учрашманг, юзида фахр-ифтихор, шукроналик ифодаларини кўрасиз. Обод ва кўркам юртимиз жамоли, тинч-фаровон ҳаётимиз эса қувончимизга қувонч қўшади, қалбимиздаги Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини янада жўш урдиради.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари вакиллари иштирокидаги байрам тантанаси Гулистон шаҳридаги “Анҳор” мажмуасида бўлиб ўтди. Ушбу дастурни бутун воҳа аҳли вилоят телевидениеси орқали тўғридан-тўғри томоша қилиш имкониятига эга бўлди. Унда маҳаллий санъаткорлар ва пойтахтдан ташриф буюрган хонандалар ижросида истиқлол, Ватан, тинч-осойишта ҳамда фаровон ҳаётимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Энг улуғ, энг азиз байрам шодиёналарини пойтахт вилояти аҳли ҳам ўзгача кўтаринкилик, катта шоду хуррамлик билан нишонлагани бежиз эмас. Негаки, кейинги йилларда воҳада саноат, йўл-транспорт, коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш борасида залворли қадамлар ташланмоқда. Байрам арафасида жойларда 270 дан ортиқ катта-кичик саноат корхоналари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фойдаланишга топширилди. Бекобод, Чиноз, Паркент, Пискент, Зангиота, Қибрай ҳамда Юқори Чирчиқ туманларидаги 10 га яқин қишлоқ массивларида намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган 300 дан зиёд тураржойлар ўз эгаларига топширилди. Ангрен шаҳрида эса хитойлик сармоядорлар иштирокида конвейер тасмалари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари ва автомобиллар учун шиналар ишлаб чиқаришга мўлжалланган улкан корхонанинг тамал тоши қўйилди. Қиймати 314 миллион АҚШ долларилик мазкур лойиҳа тўлиқ амалга ошгач, бу ерда 1000 дан ортиқ  иш ўринлари барпо этилади.
Байрамнинг асосий тантаналари Олмалиқ шаҳридаги марказий стадионда бўлиб ўтди. Унда вилоят фаоллари, фахрийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, иқтидорли ёшлар ҳамда уларнинг устоз ва мураббийлари жамулжам бўлдилар. Санъат усталари ҳамда ижрочи ёшлар иштирокидаги катта байрам дастури барчага завқ улашди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn