Маҳалла институти: Тажриба, амалиёт ва устувор вазифалар
  • 03 Сентябрь 2015

Маҳалла институти: Тажриба, амалиёт ва устувор вазифалар

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан “Мустақиллик йилларида маҳалла институти: тажриба, амалиёт ва устувор вазифалар” мавзуида анжуман ўтказилди.

Унда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Ички ишлар ҳамда Халқ таълими вазирликлари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Республика Маънавият тарғибот маркази ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари, фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мустақилликнинг илк йиллариданоқ давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳалла институтининг ҳуқуқий асосларини яратиш, уларни замон талабларига мос ҳолда такомиллаштириб бориш, жамиятимиз сиёсий-иқтисодий ва маънавий ҳаётининг ажралмас бир қисми сифатида ушбу ноёб тузилма мақомини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Аввало, миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор шаҳарча, қишлоқ, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқаришнинг ҳудудий бирликлари сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилди, уларнинг мақомини белгилаш, ваколатларини кенгайтиришга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Биргина сўнгги 3 йилда янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар ҳамда соҳага оид 16 та низом ҳаётга татбиқ этилди. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича Ўқув курслари ҳамда “Mahalla” маърифий телерадиоканали фаолияти йўлга қўйилди.
Натижада бугун маҳалла аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилининг амалий ифодасига ҳамда кенг халқ оммасини давлат, ҳокимият идоралари билан боғлаб турувчи мустаҳкам кўприкка айланмоқда. Давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ишлари ҳам тизимли равишда амалга оширилаётир.
Умуман, ҳозирги пайтда юртимизда мавжуд 10 мингга яқин фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан маҳаллий аҳамиятга эга бўлган 30 дан зиёд вазифалар муваффақиятли бажарилаяпти. Миллий ва маънавий қадриятлар, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, ёшларни баркамол инсонлар сифатида камолга етказиш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган асосда қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигига кўмаклашиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш шулар жумласидандир.
Маҳаллаларда яраштириш, маърифат ва маънавият, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар билан ишлаш, вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари, тадбиркорлик фаолияти ҳамда оилавий бизнесни ривожлантириш, экология, табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, жамоатчилик назорати ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик комиссиялари ташкил этилиши фуқаролар йиғинлари фаолиятида янги имкониятлар яратмоқда.
Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан 1992 йилда “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ташкил этилиши фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, маҳаллаларда миллий қадриятларни эъзозлаш ва тарғиб қилиш, маданий-маърифий ишларни кучайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнаётгани қайд этилди. Хусусан, айни чоғда республикамиз бўйича 9532 та фуқаролар йиғини замонавий компьютер жамламаси, 7746 таси мебель жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган. Сўнгги 3 йил давомида 40 га яқин қўлланма ва адабиётлар тайёрланиб, фуқаролар йиғинларига етказиб берилди. Бу эса улар фаолияти янада самарали бўлишига хизмат қилмоқда.
Шу йилнинг биринчи ярмида маҳаллаларда 50 мингдан ортиқ маърифий-маданий тадбирлар ташкил этилишида Фонд ҳудудий тузилмалари томонидан услубий-амалий ёрдамлар кўрсатилди. Фуқаролар йиғинларининг соҳага оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашдаги фаолиятини ўрганиш, уларнинг илғор тажрибасини кенг оммалаштиришда ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этилаётган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари”, “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловлари ҳам айни муддао бўлаяпти.
Маҳаллаларда истиқомат қилаётган ота-оналарнинг ёш авлод тарбияси билан боғлиқ ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, физиологик билимларини оширишга кўмаклашиш мақсадида 9100 га яқин фуқаролар йиғинлари қошида “Ота-оналар университетлари” фаолияти йўлга қўйилди. 2015 йилнинг биринчи ярмида ушбу жамоатчилик тузилмалари томонидан 56 мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Фуқаролар йиғинларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ижтимоий шериклик муносабатлари ҳам тобора ривожланмоқда. Жумладан, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлик механизмини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар доирасида жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллаларда 58 мингдан ортиқ тадбирлар ташкил этилди.
Анжуманда маҳаллаларда болалар спортини ривожлантириш мақсадида ҳар йили ҳамкор ташкилотлар кўмагида ўтказилаётган “Футболимиз келажаги”, “Маҳалламиз паҳлавонлари”, “Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи”, “Биз ақл-идрокли оилалармиз” каби мусобақалар аҳамияти салмоқли бўлаётганига ҳам эътибор қаратилди. Яқинда ўтказилган “Футболимиз келажаги” республика турнирида 1 миллион 260 мингга яқин болалар ва ўсмирлар қатнашгани ҳам ана шундан далолатдир. Бу борада Фонд ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан маҳаллаларда болалар майдончаларини қуриш ва уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар муҳим омил бўлмоқда. Масалан, сўнгги йилларда Фонд ҳисобидан 1618 та болалар майдончаси қайта таъмирланди, 701 таси намунавий лойиҳа асосида қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам эътиборлидир. Биргина охирги 5 йилда Фонд ҳисобидан 16 мингдан ортиқ оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатилди, 27 минг нафарга яқин фуқароларга кийим-кечак берилди, 2300 дан ортиқ оилалар уй-жойларини таъмирлашга, 600 нафарга яқин ногирон ва боқувчисини йўқотган талабаларга ўқув-шартнома пулини тўлашга ёрдам кўрсатилди.
Бу борадаги хайрли ишлар Кексаларни эъзозлаш йилида ҳам изчил давом эттирилмоқда. Давлат дастури доирасида Фонд ҳисобидан 520 нафар уруш ва меҳнат фахрийсига телевизорлар, 6 минг нафарга яқин кексаларга кийим-кечак олиб берилди, 1200 нафарга яқин ёлғиз кексаларнинг уй-жойларини таъмирлаш учун моддий ёрдамлар ажратилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи ҳам доимий эътиборда турибди. Оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Фонд ҳудудий тузилмалари ва фуқаролар йиғинлари томонидан шу йилнинг биринчи ярмида ҳудудларда 302 мингдан зиёд янги иш ўринларини яратиш, 41 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга кўмаклашилди. Бу борада, айниқса, 7102 та фуқаролар йиғинида тадбиркорлик фаолиятини — оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида очилган маслаҳат марказларининг ҳиссаси салмоқлидир.
Иштирокчилар томонидан маҳаллалар фаоллари саъй-ҳаракатлари билан жорий йилнинг биринчи ярмида 1,4 миллиондан ортиқ оилаларда маънавий муҳит ўрганилгани ҳамда 32 мингга яқин оилаларда турли низоли ҳолатларга барҳам берилгани алоҳида айтиб ўтилди.
Бундай кенг кўламли натижаларга эришилишида давлатимиз раҳбарининг 2013 йил
10 октябрдаги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган Ўқув курслари муҳим ўрин тутмоқда. Ҳозирги пайтгача бу курсларда 36 мингдан ортиқ тизим фаоллари малака оширди.
Тадбирда истиқлол йилларида маҳалла институтини ривожлантириш борасида тўпланган ижобий тажрибалар билан бир қаторда, келгусидаги устувор вазифалар хусусида ҳам батафсил сўз юритилди. Жумладан, маҳаллаларда аҳоли маънавиятини янада кучайтиришга қаратилган тарғибот ишларини изчил давом эттириш, мутасадди давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик комиссиялари фаолиятини янада жонлантириш лозимлиги айтилди. Айни чоғда  мустақиллик йилларида республикамизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, қўлга киритилган улкан ютуқларимиз ҳамда “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?”, “Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган саволларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш, юртдошларимизни янги марралар сари руҳлантириш юзасидан зарур фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn