Рағбат ташаббусга ундайди
  • 03 Сентябрь 2015

Рағбат ташаббусга ундайди

Ҳар йили Мустақиллик айёмини ўзгача интиқлик билан кутамиз. Чунки бу байрамнинг ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта. Пойтахтимизда ўтказилган тантаналарни телевизор орқали катта ҳаяжон билан кузатдик.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу маросимдаги табрик сўзини тинглар эканман, қисқа даврда мамлакатимизда қўлга киритилган оламшумул ютуқлар бир-бир кўз олдимда намоён бўлди. Айниқса, Президентимиз “Чуқур ва пухта ўйланган, машҳур беш тамойилга асосланган, бугунги кунда жаҳон миқёсида “ўзбек модели” деб тан олинган стратегик тараққиёт дастурини ишлаб чиқиб, уни амалга оширганимиз, ҳеч шубҳасиз, тарихимизда ўчмас из қолдирди”, дея таъкидлагани қалбимда юксак ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотди.
Дарҳақиқат, юртимиз куч-қудрати, халқимиз турмуш фаровонлигининг мустаҳкам пойдевори бўлган иқтисодиётимиз йил сайин юксалиб бормоқда. Бунда мазкур соҳанинг таянчи саналмиш кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг муносиб ўрни бор. Масалан, айни чоғда биргина вилоятимизда 15 мингдан ортиқ ана шундай субъектлар фаолият кўрсатиб, улар томонидан ялпи ҳудудий маҳсулотнинг асосий қисми ишлаб чиқарилмоқда. Буларнинг бари, энг аввало, Юртбошимизнинг хусусий сектор вакилларини доимий равишда қўллаб-қувватлаши, соҳадаги хўжалик юритувчи субъектларга давлат томонидан қатор имтиёз ва имкониятлар яратиб берилаётгани мевасидир. Зеро, эътибор ва рағбат янгидан-янги ғоялар, истиқболли лойиҳалар, эзгу ташаббуслар рўёбига кенг йўл очади. Жумладан, биз ҳам мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, ишлаб чиқаришни барқарор йўлга қўйиб олдик. Бу билан чекланиб қолмасдан, молия муассасасининг бир миллиард сўм миқдоридаги кредити ёрдамида Фарғона водийсида биринчи бўлиб мода ва дизайн марказини барпо этдик. Иқтидорли дизайнер изланишлари маҳсули асосида чеварларимиз тикаётган элликдан ортиқ турдаги кийим-кечакларга халқаро бозорда ҳам катта қизиқиш билдиришаяпти. Чунончи, ўтган йилнинг ўзида 280 минг АҚШ долларидан ортиқ миқдорда экспорт амалиётларини бажардик. Бу йилги мақсадимиз ундан ҳам юқори.
Истиқлолимизнинг 24 йиллик тўйи менинг ҳаётимда яна бир қувончли воқеа билан ёдда қоладиган бўлди. Самарали меҳнатларим эътиборга олиниб, давлатимиз раҳбари Фармони билан “Дўстлик” орденига муносиб, деб топилдим. Бундан нафақат мен, балки оила аъзоларим, бутун жамоамиз севинди. Ўз навбатида, масъулиятим янада кучайди. Келгусида ўзимга билдирилган юксак ишончни оқлаш учун астойдил меҳнат қилиб, эл-юрт равнақи ва фаровонлигига янада кўпроқ ҳисса қўшишни қатъий мақсад қилдим.

Бахтиёр УМАРОВ,
Наманган туманидаги  «Истиқлол текстиль дизайн» масъулияти чекланган жамияти бош директори,  
«Дўстлик» ордени соҳиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn