Бетакроримсан, ягонасан, она ватаним — Ўзбекистоним!
  • 02 Сентябрь 2015

Бетакроримсан, ягонасан, она ватаним — Ўзбекистоним!

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишлаб ўтказилган байрам тантаналаридан репортаж

Тинчлик ва осойишталикда, озод ва обод юртда яшаш — улкан бахт.
Бу бахтиёрликни бизга Истиқлол туҳфа этди. Эзгу ниятлар ва улкан орзуларни дилга тугиб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилиш, фарзандлар камоли учун улкан ғамхўрлик кўрсатиш, кексаларни эъзозлаш, пировардида ҳеч кимдан кам бўлмаган жамият барпо этиш, гўзал давру давронда умргузаронлик қилиш саодатини ҳам Мустақиллик деб аталмиш бебаҳо неъмат туфайли қўлга киритдик.

Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?!

24 йил. Бугун иккинчи мучал тўйи нишонланаётган Ўзбекистоннинг шу қисқа фурсатда эришган ютуқ ҳамда босиб ўтган дадил одимларини бирма-бир кўз олдимизга келтирсак, асрларга татигулик оламшумул рақамларга, ҳайратомуз далилларга дуч келамиз. Аслида, гап далил ва рақамларда эмас. Аммо ҳар бир рақам ортида инсон тақдири борлигини инобатга олсак, эртанги кун — буюк келажак йўлида қанчалар муҳим ўзгаришлар рўй берганига амин бўламиз. Буларнинг барчаси мустақилликнинг илк кунлариданоқ Президентимиз Ислом Каримов томонидан олиб борилаётган сиёсат “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган эзгу ғояга хизмат қилаётганини яққол ифодалайди.
Шу боис биз Истиқлолнинг ҳар бир тонгида шукроналар айтамиз. Олам тинч, юртимиздаги хотиржамлик барқарор, миллати, тили, эътиқодидан қатъи назар, жонажон Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаро бахтиёр бўлсин, деб ниятлар қиламиз.
Бинобарин, биз фараҳбахш кунларга осонлик билан етиб келганимиз йўқ. Мустабид тузум зуғуми ортиб бораётган, қадриятларимиз таҳқирланган, эртанги кундан умид узилган бир пайтда Ислом Каримов мавжуд аҳволни ижобий ўзгартириш, республикани чуқур инқироздан олиб чиқиш борасида аниқ чора-тадбирлар қўллади. Шу тариқа ҳали истиқлол арафасидаёқ қадриятларимиз тикланди. Она тилимизга Давлат тили мақоми берилди. Наврўзимизни эмин-эркин нишонлайдиган бўлдик. Заминимизда камол топган азиз-авлиёлар қадамжолари обод этилди, зиёратгоҳга айлантирилди.
Демак, қалбимиздаги шукрона юртимизнинг ҳар бир ҳудудидаги ободликни ифодалайди. Бинобарин, ана шу гўзаллик, кўркамлигу хушрўйлик Ўзбекистонимизга ярашиб турганлигини бугун ҳар бир хонадон, маҳалла, қишлоқ, туман, шаҳар, вилоят тимсолида кўриб турибмиз.

Тантаналар оғушида

2015 йил, 31 август. Пойтахтимизнинг муаззам маскани — Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи шодиёнага муносиб тарзда безатилган.
Бу ерга Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, нуроний отахону онахонлар, фан ва маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий давлатлар элчихоналари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари ташриф буюрган.
Соат 19:00. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кириб келади. Меҳмонлар Юртбошимизни гулдурос қарсаклар билан кутиб олади. Чорлов мусиқаси янграйди.
Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга берилади.
Давлатимиз раҳбари халқимизни мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллик байрами билан муборакбод этади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди.
Муаззам майдон узра ўрнатилган улкан мониторларда мафтункор диёримиз табиати, бунёдкор халқимиз шижоати билан қад ростлаган бинолар, бахтли замонда яшаётган юртдошларимиз сиймоси гавдаланади. Бунга ҳамоҳанг тарзда дилларда Ватан туйғусини жўш урдирувчи тароналар, катта ашулалар ижро этилади.
Истиқлол фақат эркинликни эмас, балки қандай яшашни, бошқалардан кам бўлмасликни ҳам дилимизга жо қилди. Юртимизнинг ҳар бир гўшасида, олис-олис қишлоқ жойларгача саноатни олиб кириш, аҳолини иш билан таъминлаш, иш ўринларини кенгайтириш, қисқаси, ҳар соҳада ўзгаришларга кенг йўл берилди. Бу йилги тантаналарнинг “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётгани эса кенг кўламли ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини ифодалаб турибди. Бинобарин, машҳур беш тамойилга асосланган “ўзбек модели”нинг нақадар ҳаққонийлиги биз қураётган янги демократик тизимда, иқтисодиётимиз ривожланишининг барқарор, барчани ҳайратда қолдираётган суръатларида, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ортиб бораётганида ўзининг амалий тасдиғини топмоқда.
Хусусан, яқинда Швейцарияда Жаҳон иқтисодий форуми — “World Economic Forum” иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатлар рейтингини эълон қилди. Жаҳон банкининг “Глобал иқтисодий тараққиёт” прогнози асосида тайёрланган мазкур маълумотда Ўзбекистон 2014 — 2017 йилларда йиллик ўсиш даражаси юқори бўладиган давлатлар орасида 5-ўринни эгаллади.

Буюк келажак сари дадил одимлар

Бир пайтлар Ўзбекистонни билишмаган. Билганлар ҳам уни фақат аграр мамлакат деб ўйлашган. Истиқлол йилларида олиб борилган бемисл саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизни дунё таниди. Жаҳон аҳли илм-фан, тиббиёт, шеърият даҳолари шу муқаддас заминда туғилиб, камолга етганини тан олди. Ўтмиши бой халқнинг келажаги ҳам буюк бўлиши муқаррар. Шу маънода, бугун Ўзбекистон билан ҳар соҳада ҳамкорлик қилишни таклиф этаётган давлатлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Келинг, рақамларга мурожаат қилайлик: айни пайтда юртимизда 90 дан ортиқ мамлакатнинг хорижий капитали иштирокида ташкил этилган 4 мингдан зиёд корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Хусусан, машинасозлик соҳасида АҚШнинг “Женерал моторс”, Германиянинг “МАН”, “Клаас”, Япониянинг “Исузу” компаниялари, нефть-газ соҳасида Жанубий Кореянинг “Лотте кемикал” ва “Когаз” компаниялари, кимё саноатида Испаниянинг “Максам” компанияси, тўқимачилик саноатида Сингапурнинг “Индорама”, Жанубий Кореянинг “ДЭУ текстиль”, “Янг вон”, Швейцариянинг “Ритер” компаниялари, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида Хитойнинг “Хуавей” ва “ЗТЕ”, озиқ-овқат саноатида Швейцариянинг “Нестле” компанияси, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда Германиянинг “Кнауф”, Хитойнинг “Пенг Шенг”, фармацевтика саноатида Швейцариянинг “Нобель” компаниялари ҳамда бошқа кўплаб хорижий инвесторлар иштирокида тузилган қўшма корхоналар ана шулар жумласидандир.
Дунёда ном қозонган бундай компаниялар билан олиб борилаётган ҳамкорлик қисқа вақт ичида иқтисодиётимиз тармоқларини тубдан модернизация қилиш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва унинг турини кўпайтириш, жаҳон бозорига рақобатдош янги маҳсулотлар билан кириб бориш имконини бермоқда.
“Навоий”, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус иқтисодий зоналарини ташкил этиш ҳисобидан чет эллик инвесторлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ҳам ўзининг юксак самараларини кўрсатмоқда.

Бахтли мамлакатнинг бахтиёр фарзандлари

...Муаззам майдонни болажонлар тўлдиради. Болалар мусиқа ва ашула рақс дасталари — юртнинг бахтли авлоди куй-қўшиқлар садоси остида санъатларини намойиш этадилар. Улар шу тарзда улуғ байрамимиз тантаналарига файз киритадилар.
Болажонларнинг шўх-шодон чиқишларини кузатиб, дунёда Ўзбекистончалик фарзандлар камоли йўлида ғамхўрлик кўрсатаётган яна бирор мамлакат бўлмаса керак, деб ўйлаб қоласан, киши. Дарҳақиқат, юртимизда дилбандларимизни ҳар жиҳатдан етук инсонлар этиб тарбиялаш борасида олиб борилаётган эзгу ишлар барчанинг ҳавасини келтирмоқда. Хусусан, Президентимизнинг “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори моҳият эътибори билан болаларимизни жисмоний ҳамда маънавий жиҳатдан камол топтириш ва ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Бинобарин, биргина “Соғлом бола йили” деб ном олган 2014 йилда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофазалаш, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг қобилият ҳамда имкониятларини рўёбга чиқариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
“Соғлом она — соғлом бола” лойиҳаси доирасида жами 13 миллион 600 минг нафардан зиёд аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Бунинг натижасида 2 миллион 800 минг аёл ва 2 миллион 500 минг бола соғломлаштирилгани бу йўлдаги катта қадам бўлди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 2 миллионга яқин фарзандларимиз, шу жумладан, 840 мингдан ортиқ қиз болалар спортнинг 30 дан зиёд тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Нуфузли халқаро мусобақаларда мамлакатимиз спортчилари эришаётган ғалабалар тобора кўпайиб бормоқда.
Фарзандлар камолига хизмат қилувчи ўқув муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш борасидаги ишлар ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. 2014 йилда жами 540 дан зиёд объект, шу жумладан, 380 та мактаб, 160 дан ортиқ касб-ҳунар коллежи ва академик лицей тубдан янгиланди. Мазкур мақсадлар учун қарийб 550 миллиард сўм сарфланди. Ушбу маблағларнинг 120 миллиард сўмдан зиёди таълим муассасаларини ўқув, лаборатория ва ишлаб чиқариш ускуналари, компьютер ҳамда мультимедиа воситалари билан таъминлаш учун ажратилди.
2011 — 2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш дастури доирасида 19 та олий таълим муассасасида қурилиш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича қиймати 230 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. Андижон давлат университети, Бухоро муҳандислик-технология институти, Ўзбекистон Миллий университетида янги ўқув бинолари барпо этилди.
Жанубий Корея билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Инха университети ташкил қилинди. Мазкур олий ўқув юртида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, биринчи навбатда, дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ахборот тизимлари ва компьютер тармоқларини бошқариш бўйича халқаро стандартлар даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрланади.
— Бугунги яратилаётган имкониятларнинг барчаси биз, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов. — Бундай ғамхўрлик туфайли ўз истеъдодини, иқтидорини намоён этиб, қувонарли ютуқларга эришаётган тенгдошларим сафи ортиб бораётганлиги ҳар биримизга ғурур бағишлайди. Менинг ота-онам ҳам санъаткор. Улар бугун бизнинг ютуқларимизни кўриб, ҳавас қилишади. Чунки уларнинг ёшлигида бугунгидек шарт-шароит, имконият умуман бўлмаган. Биз эса бахти кулган авлодмиз. Бизга беқиёс меҳр кўрсатаётган, орзуларимизни рўёбга чиқараётган Президентимиздан жуда-жуда миннатдормиз.

Мардлар қўриқлайди Ватанни!

Бундай улкан ютуқ ва муваффақиятлар бизни қанчалик ғурурлантирса, истиқлолимизни, Ватанимизни, азалий анъаналаримизни шунчалик авайлаб-асрашга, қадрлашга ҳам ундайди. Зеро, бугун дунё қалқиб турибди. Бу мушфиқ замин, жафокаш олам не-не сир-синоатларни бошдан кечирмоқда. Қайсидир мамлакатда табиат синовлари кузатилаётган бўлса, яна бошқасида бегуноҳ одамлар ҳаётдан кўз юммоқда. Шундай экан, хотиржамликни, юртимиздаги файзу баракотни қадрлаш, уни асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Бинобарин, мустақил давлатимиз посбонлари ҳар томонлама тажрибали бўлиши учун истиқлолга эришганимиздан кейин кўплаб соҳалар қатори мудофаа тизимида ҳам улкан ўзгаришлар рўй берди. Ҳарбий хизмат борасидаги муҳим қадамлар, армиямизни профессионаллаштириш йўлидаги янгиликлар ўзининг самарасини кўрсатмоқда. Ҳарбий хизматчиларни ва уларнинг оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш, зарур тураржой ҳамда маиший шароит билан таъминлаш борасида ҳам ибратли ишлар қилинди.
Ана шу янгиланишларни тўласинча акс эттириш учун майдонга Ватан ҳимоячилари — Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Чегара қўшинлари йигитлари шахдам қадамлар билан кириб келади. Уларнинг ўзига хос кийимлари, дадил ҳаракатлари, “гурс-гурс” қадам ташлашларига ҳамоҳанг Ватан ҳақида жўшиб куйлашлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бир текис саф тортиб, мағрур қиёфада давра айланаётган ўғлонларни кузатиб, юртимиз тинчлиги, ҳимояси ишончли қўлларда эканлигидан янада хотиржам бўламиз.

Ободлик ва фаровонлик мезони

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан ўтказилган “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” рейтингида жаҳонда 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари орасида эса биринчи ўринни эгаллагани бежиз эмас.
Зеро, юртимизда одамларнинг даромадлари ортиши билан оилаларнинг моддий аҳволи ҳам сифат жиҳатидан ўзгариб бормоқда. Тадқиқотларга қараганда, бугунги кунда юртимиздаги оилаларнинг 94 фоизи холодильниклар, 84 фоизи турли ошхона электр жиҳозларига, 63 фоизи кир ювиш машиналари, ярмидан кўпи компьютер, чангюткич, микротўлқинли печларга эга, учдан бир қисми эса кондиционерлардан фойдаланмоқда.
Мустақиллик йилларида аҳолининг телевизорлар билан, айниқса, мутлақо янги авлод телевизорлари — плазма экранли рангли телевизорлар билан таъминланиши 1,6 баробар, енгил автомобиллар билан таъминланиши 3,5 марта ошгани ҳам оилаларимизнинг фаровонлиги юксалиб бораётганининг яққол тасдиғидир. Бугунги кунда деярли ҳар икки оиладан бири шахсий транспорт воситасига эга ҳамда бу машиналар айнан юртимизда ишлаб чиқарилгани барчамизга мамнуният ва ғурур бағишлайди.
Фуқароларимизнинг уй-жой шароитлари ҳам тубдан яхшиланиб бормоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида уй-жойлар қуриш суръати ҳамда кўлами йил сайин кенгаймоқда. Мустақиллик йилларида уй-жой фондининг умумий майдони 1,9 баробар ошди.
Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли давлат дастурининг амалга оширилиши алоҳида эътиборга лойиқдир. Ушбу дастур доирасида 2015 йилда 12 мингта янги тураржойлар барпо этилиб, эгаларига топширилади.
Айни пайтда шаҳарларимизни комплекс қуриш бўйича қабул қилинган дастурларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида Тошкент, Фарғона, Қўқон, Марғилон, Наманган, Урганч, Қарши, Термиз, Самарқанд ва бошқа кўплаб шаҳарларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда.

Тошкент — ғурур ва ифтихоримиз рамзи

Буюк Британиянинг нуфузли “Экономист” журналининг берган баҳосига кўра, Ўзбекистон пойтахти — Тошкент шаҳри ободлиги ва яшаш учун қулайлиги жиҳатидан дунё рейтингида 140 шаҳар орасида 58-ўринни эгаллади ҳамда жаҳон таснифида яшаш учун энг қулай бўлган йирик шаҳарлар қаторига киритилди. Бу бежиз эмас, албатта. Бинобарин, истиқлолимизнинг 24 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда жуда кўплаб иншоотлар қад ростлаб, чор-атрофга ўзгача кўрк ва чирой бағишлади. Чунончи, аҳоли ҳамда транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қулай имконият яратиш мақсадида Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтадиган янги кўприк қурилди. Пойтахт аҳли ва меҳмонларига улкан туҳфа бўлган мазкур иншоот ҳар жиҳатдан қулайлиги билан юртдошларимизга маъқул келди.
— Ер юзида мамлакат кўп, шаҳарлар бисёр, аммо жонажон диёримиз — Ўзбекистонимиз битта, — дейди тиббиёт фанлари номзоди, “Шуҳрат” медали соҳибаси Шоҳида Дадамуҳаммедова. — Осмони мусаффо, халқи фаровон, ёшлари илмга чанқоқ, нуронийлари эъзозда, тинч-осойишта шундай юртимиз борлигидан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати боис биз мана шундай фаровонликка эришаяпмиз. Шу боис ҳам аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш борасидаги ишлар натижасида пойтахтимиз тобора обод бўлиб бораётир.
...Зўр қувонч ва кўтаринки руҳда ўтказилган Истиқлол тантаналарида санъат усталари ҳамда истеъдодли ёшлар ижросида она-юрт тараннум этилди. Ватан, истиқлол ва дориламон кунларимиз ҳақида энг сара қўшиқлар жаранглади.
Шукронага ундовчи қўшиқлар оҳангида минглаб чироқлар ёниб, жўшқинликни, кўтаринкиликни акс эттирди. Осмонга мушаклар отилиб, бири-биридан чиройли манзаралар намоён бўлди. Бу гўзалликни, баравж хонишларни, дили хушнуд юртдошларимиз чеҳрасини кўриб, шундай кунларимизга кўз тегмасин, Мустақиллигимиз абадий бўлсин, деймиз!

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn