Кўнгилларда чексиз ифтихор
  • 01 Сентябрь 2015

Кўнгилларда чексиз ифтихор

Ўтган ўқув йилида ўқувчиларимдан бирининг Ватанимиз тараққиёти мавзуида ёзган иншоси эътиборимни тортди. Сарлавҳаси ҳам ўзига хос: “Бари — ўзимизники!”.

У шундай бошланади: “Бобомнинг айтишича, ҳозир омборхонамизда яроқсиз ҳолда ётган совутқични ишхонасида навбат кутиб харид қилган экан. Чунки ўша вақтларда кўп нарсалар қатори, бу қурилма ҳам танқис бўлган экан-да. Шунданми, ҳар гал бирон янги нарса сотиб олсак, унинг тайёрланган жойини сўрайдилар. Масалан, тунов куни дадам укамга велосипед олиб келганда, бобом менга “Қара-чи, қаерники экан”, дедилар. Дарҳол, велосипеддаги “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёзувни ўқиб бердим. Шунда у киши “Э, барака топишсин. Энди ҳаммаси ўзимизники! Ахир авваллари оддий гугуртни ҳам четдан олардик-да, болам” дедилар...”.
 Иншони ўқиб, қалбим ғурурга тўлди. Унда юртимизнинг тарихан қисқа даврда қўлга киритган улкан ютуқлари кичик бир воқеа тимсолида  ифодаланган эди. Буни ёшларимиз ҳам қалбан чуқур ҳис этаётгани янада қувонарли. Тўғри-да, бугун  қайси  савдо дўконига кирманг, улар мамлакатимизда тайёрланган маҳсулотлар билан тўла. Яна равон йўлларимизни тўлдириб юрган улкан юк машиналаридан тортиб, енгил автомобилларгача ўзимизники! Ўқувчимнинг бобоси айтганидек, бир вақтлар навбат кутиб олинган совутқичлар эса аллақачон замонавий технологиялар асосида юртимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаяпти.
“Ўзимизники, Ўзбекистонники!”. Бу сўз кўнгилларга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди. Зеро, унинг замирида ҳар биримизнинг шу она-Ватан, бетакрор ва ягона заминга чексиз меҳр-муҳаббатимиз ҳамда садоқатимиз мужассам. Бу туйғулар бизни юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ундайди, янгидан-янги марралар сари руҳлантиради.

Нодира ЭРГАШЕВА,
Сардоба туманидаги 15-умумтаълим мактаби ўқитувчиси,
«Шуҳрат» медали соҳибаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn