Аждодлар хотираси барҳаёт
  • 29 Август 2015

Аждодлар хотираси барҳаёт

Инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлаш, ўтганлар хотирасига эҳтиром кўрсатиш каби халқимизга хос хислатлар истиқлол туфайли янада янгича мазмун-моҳият касб этди. Тарихий адолатни тиклаш, шу жумладан, Ватан озодлиги йўлида шаҳид кетган аждодларимизни ёд этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилган бу эзгу ишлар, энг аввало, озод Ватан орзусини деб жон фидо қилган кишилар хотирасига эҳтиром кўрсатишга қаратилди.
 Мустабид тузумнинг қатағон сиёсати оқибатида турли жазо ва тазйиқларга маҳкум этилган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш юзасидан амалий ишлар олиб бориш учун 1999 йилда Жамоатчилик комиссияси тузилди, “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси ташкил қилинди. Орадан кўп ўтмай, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва кўрсатмаси асосида пойтахтимизда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи барпо этилди.
2001 йилда эса Президентимиз Фармонига мувофиқ, 31 август мамлакатимизда “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” деб эълон қилинди. 2002 йил 31 августда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуининг маънавий-маърифий маркази ҳисобланган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи очилди. Юртбошимизнинг 2008 йил 5 майдаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига биноан кенг кўламдаги илмий ҳамда амалий ишлар амалга оширилиб, 10 бўлимдан иборат, уч залга жойлаштирилган музейнинг янги экспозицияси яратилди. Экспозиция даврий чегараси XIX аср охиридан то мустақилликка эришилган кунгача бўлган даврни қамраб олган. Ўзбекистоннинг истиқлол йилларида қўлга киритган ютуқларига алоҳида ўрин берилган.
Янгиланган музейда компьютер технологияларидан, мультимедиали маълумот базаларидан, аудиоматериаллардан кенг фойдаланилганлиги унинг ўзига хос томонларидан ҳисобланади. Залларда ҳар бир бўлим учун махсус сенсорли киосклар ва ҳужжатли фильмлар ёзилган видеомониторлар ўрнатилган. Мақсад мустамлака давридаги сиёсий, иқтисодий, маданий жараёнларни ўрганиш, англаш, қатағон сиёсатининг фожиали оқибатларини тадқиқ қилиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдан иборатдир.
Ҳар йили музейга қирқ мингдан зиёд зиёратчи ташриф буюради. Уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. Мустақил илмий тадқиқот муассасаси сифатида музей томонидан турли тарихий мавзуларга оид лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, 2012 — 2014 йилларда “1937 — 1938 йиллардаги сиёсий қатағон: “Катта қирғин”нинг келиб чиқиш сабаблари ва фожиали оқибатлари” мавзуидаги илмий-амалий лойиҳа бажарилгани фикримиз исботидир. Ҳозир Давлат илмий тадқиқот дастури асосида 2015 — 2017 йилларга мўлжалланган яна бир амалий лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.
Республика миқёсида ҳам қатор йирик илмий-амалий анжуманлар ўтказилмоқда. Биргина жорий йилда “Садои Туркистон” ва “Садои Фарғона” газеталарининг ўзбек халқини истиқлол, миллий тараққиёт ғоялари руҳида тарбиялашдаги роли ва аҳамиятини ўрганишга бағишланган мулоқотлар ташкил этилди. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган бу сингари анжуманлар материалларининг алоҳида тўплам сифатида нашр қилинаётгани эса уларнинг амалий аҳамиятини янада оширмоқда.
Музей ходимлари томонидан олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида 20 дан ортиқ монография нашр этилди, 200 дан зиёд илмий мақолалар эълон қилинди. Айниқса, “Тарихнинг номаълум саҳифалари” (илмий мақолалар, архив ҳужжатлари ва хотиралар) номли даврий тўпламни алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. 2013 йилда ушбу тўпламнинг 4-китоби нашрдан чиқарилди. Жорий йилда унинг 5-китоби нашрга тайёрланди.
Олдимизда турган катта ва масъулиятли вазифалардан яна бири мустамлакачилик даври қурбонларини номма-ном аниқлаш, уларнинг ёруғ хотирасини абадийлаштиришдир. Ушбу вазифаларни бажариш мақсадида ҳозир вилоятлар бўйича қатағон қурбонларининг хотира китоблари тайёрланмоқда. Чунончи, 2014 йилда Андижон вилояти бўйича “1937 — 1938 йилларда қатағон қилинган ватандошларимизнинг Хотира китоби” нашрдан чиқарилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзининг меъморий ечими, ноёб материаллари, бой ҳамда мазмунли экспозицияси билан Марказий Осиё минтақасида, қолаверса, МДҲ мамлакатларида ягона бўлган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи бугунги кунда халқимиз, айниқса, ёшлар маънавий дунёқарашини шакллантириш, улар онгида аждодларга ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, истиқлолнинг бебаҳо неъмат эканлигини теран англамоқ, уни асраб-авайламоқ барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Бахтиёр ҲАСАНОВ,
«Қатағон қурбонлари хотираси» музейи директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn