Ёш мутахассислар форуми
  • 29 Август 2015

Ёш мутахассислар форуми

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Ёш мутахассислар” III Республика форуми ўтказилди.

Қайд этилганидек, юртимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 1991 йилда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, йигит-қизларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кафолатлари шакллантирилди.
Фарзандларимизни баркамол этиб тарбиялашда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги йўлга қўйилгани уларнинг барча соҳада юксак натижаларни қўлга киритишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Касаба уюшмалари томонидан ўқувчи ва талабаларнинг, корхона, ташкилот ҳамда муассасаларда меҳнат қилаётган ёш мутахассисларнинг ғоя ва лойиҳалари рўёбга чиқарилаётгани мисолида ҳам буни кўриш мумкин. “Ёш мутахассислар” форуми айни шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бу анжуман ёшларнинг етук кадр бўлиш йўлидаги интилишларини қўллаб-қувватлаш, ёш мутахассисларнинг инновацион ғоя, лойиҳа ва ишланмаларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, иқтидорли йигит-қизларни муносиб рағбатлантириш, ҳар бирининг қалбида ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Форум доирасида “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови ташкил этилди. Шуни таъкидлаш керакки, унинг қуйи босқичларида 5 минг нафардан зиёд ёш мутахассис қамраб олинди. Ушбу танловнинг Республика-тармоқ босқичида эса 210 нафардан ортиқ иқтидор эгалари қатнашди, пировардида 48 нафари ғолиб ва совриндор сифатида “Ёш мутахассислар” III Республика форумида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Тадбир доирасида ёшларни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш масаласига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Айни чоғда қатнашчилар фаолиятига оид кўргазма уюштирилди. Иштирокчилар ижтимоий-меҳнат муносабатлари, ижтимоий-иқтисодий ҳимоя, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш, малака ошириш, раҳбарлик маҳорати ва нутқ маданияти каби йўналишларда машғулотларга ҳам жалб қилинди.
Анжуман давомида ёш мутахассисларнинг ишланма ва инновацион ғоялари тақдимоти ўтказилди ҳамда ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди. Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида уч нафар ғолибга Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши грантлари топширилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Нафосат сайли Аждодлар хотираси барҳаёт »