Ватанпарварлик ва жасорат тимсоли
  • 29 Август 2015

Ватанпарварлик ва жасорат тимсоли

Юртимиз бўйлаб энг улуғ, энг азиз айём — мустақиллигимизнинг қутлуғ 24 йиллик байрами шукуҳи ҳукм сурмоқда. Бу сананинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта.

Чунки шу ўтган давр мобайнида Президентимиз раҳнамолигида миллий анъана ҳамда қадриятларимизни қайта тиклаш, буюк аждодларимиз даҳосига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, улар қолдирган бой илмий, маънавий меросни чуқур ўрганиш, жаҳон миқёсида тарғиб қилиш борасида кўлами ва аҳамияти жиҳатидан жуда улкан ишлар бажарилди. Қадимий шаҳарларимизнинг юбилейлари, буюк алломаларимизнинг таваллуд саналари кенг нишонланмоқда. Натижада дунё аҳли Ўзбекистоннинг қандай улуғ зотларга бешик бўлган бетакрор замин эканлигини тан олиб, эътироф этаяпти, мамлакатимизга ҳурмат билан қарамоқда. Муҳими, юртимиздаги бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилаётир.
Биз тарихнинг турли даврларида Ватанимизни босқинчи, ёвуз кучлардан ҳимоя қилиш, миллатимизнинг эркинлиги, ор-номусини асраш йўлида жасорат ва мардлик кўрсатган бобокалонларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Ана шундай миллий қаҳрамонларимиздан бири Жалолиддин Мангубердидир. У ўз элининг бахту саодати учун ҳаёт-мамот жангларида жон фидо этган. Жалолиддиннинг матонати, фидойилиги, ватанпарварлик фазилати бугунги авлод учун ибрат саналади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1999 йилда Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллиги кенг нишонланди. Урганч шаҳрида унинг ёдгорлик мажмуи қад ростлади. Саркардага бағишланган кўплаб асарлар яратилди, жасоратга тўла ҳаёт йўлини ўрганиш мақсадида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Бундай эзгу ишларнинг узвий давоми сифатида 2000 йилнинг 30 августида “Жалолиддин Мангуберди” ордени таъсис этилди.
“Жалолиддин Мангуберди” ордени билан Ватан сарҳадларини, она-юртимиз тупроғини, мамлакатимиз мустақиллигини ҳимоя қилиш ва уни кўз қорачиғидай асрашда юксак ҳарбий маҳорат, қаҳрамонлик ва жасорат намунасини кўрсатган, давлатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган ҳарбий хизматчилар тақдирланадилар.
Президентимиз Фармонига мувофиқ, бир гуруҳ юртдошларимиз ҳозирги кунга қадар ушбу орден билан мукофотланган.
Маълумки, “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ушбу орден билан корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар ва ҳарбий бўлинмалар, шунингдек, мамлакатимизнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳам тақдирланиши мумкинлиги белгиланган. Чунончи, шундан келиб чиқиб, 2003 йилда Хоразм вилояти “Жалолиддин Мангуберди” ордени билан мукофотланган.
Дарҳақиқат, қисқа ҳаёти давомида элу юрт учун, халқ озодлиги учун сўнмас хизмат қилишга улгурган, ирода ва саботда тенгсиз хислатлари туфайли Жалолиддин Мангуберди номи тарих зарварақларига мангу муҳрланган. Бу ном биз, авлодлар учун чинакам фахр ва ифтихор тимсолидир.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn