Эҳтиром ва ифтихор тимсоли
  • 28 Август 2015

Эҳтиром ва ифтихор тимсоли

Эзгулик иштиёқи билан яшаётган инсонлардан ҳамиша яратувчанликни, бунёдкорликни, юксак матонат ва ташаббускорликни ўрганиш мумкин. Улар бир хайрли юмушни адо этиб, кейинги кўзлаган марраси сари ошиқадилар. Муҳими, доимо изланадилар, интиладилар...

Бугун белни маҳкам боғлаб, енгни шимариб, мамлакатимизни янада обод ва фаровон этишга муносиб ҳисса қўшишга чоғланган юртдошларимизнинг матонати, ғайрат-шижоатини кўриб, кўнглимиздан беихтиёр ана шундай фикрлар ўтади.
Зеро,  эл-юрт манфаатини ўз манфаатидан устувор қўядиган, толеини Ватан, халқ тақдири билан боғлайдиган кишиларни юртпарвар, элпарвар, деймиз. Уларни эъзозу ҳурматга, рағбату мукофотга лойиқ кўрамиз. Эътиборлиси, бугунги кунда мамлакатимизда фидокорона меҳнатлари билан юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бундай инсонлар сафи кенг. Уларнинг саъй-ҳаракати ва жонбозлиги натижасида Ўзбекистонимизнинг мустақиллиги мустаҳкамланиб, нуфузи, обрў-эътибори тобора юксалиб бораяпти.
Мустақиллик йилларида Юртбошимиз ташаббуси билан миллий ўзлигимиз, тарихий анъаналаримиз, қадриятларимизни мужассам этган қатор давлат мукофотлари — орден ва медаллар, фахрий унвонларнинг таъсис қилиниши бу борадаги эзгу мақсад-вазифалар рўёбини таъминлашда алоҳида ўрин тутмоқда. Бу фидойи, заҳматкаш юртдошларимизнинг хизматини муносиб тақдирлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш истиқлолимизнинг дастлабки йиллариданоқ давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг ёрқин тасдиғидир.
1998 йилнинг 28 августида таъсис этилган “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони ана шундай юксак мукофотлар сирасига киради. Жумладан, мамлакатимиз мустақиллигини, иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга, миллий маънавиятни, маданиятни юксалтиришга катта ҳисса қўшган, ўз меҳнати, илмий соҳадаги, жамоат ишидаги фаоллиги, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчиликнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлган инсонлар “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланишмоқда.
Мазкур орден марказида рангли йўл билан ҳошияланган Регистон меъморий мажмуи, мафтункор водий ва фусункор тоғлар узра мовий осмон, порлаётган қуёш ўз аксини топган. Бу бой тарихимиз, бугунги осойишта ва фаровон ҳаётимиз ҳамда порлоқ истиқболимиз рамзидир. “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мамлакатимиз фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланишлари мумкин. Президентимиз Фармонига биноан, ҳозирги пайтгача ушбу юксак мукофотга сазовор бўлган юртдошларимиз турли соҳаларда янада самарали меҳнат қилиб, давлатимизнинг эътибори ва рағбатига муносиб эканликларини исботлаб келишмоқда.
Бугун мамлакатимизда ўз маҳорати, истеъдод ва иқтидори билан дунёни лол қолдираётган ҳамда Ўзбекистон байроғини баланд кўтараётган умидли ёшларимиз сафи кенг. Уларнинг ғайрат-шижоати, орзу-интилишларини кўриб, бундай йигит-қизларни олға бошлаётган қудратли куч Ватан туйғуси эканлигига амин бўламиз.
“Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони ана шундай иқтидорли ёшларимизни янги марралар сари руҳлантиришга хизмат қилмоқда. Мазкур унвон жаҳон чемпионатларида, Олимпия ўйинларида ва бошқа халқаро спорт беллашувларида ғолиб бўлган, ўз ютуқлари билан Ватанимиз нуфузини, шон-шуҳратини улуғлашга муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон фуқароларига берилади.
Ҳар бир инсон учун эл-юрт эътибори ва эҳтиромини қозонишдан улуғроқ бахт бўлмаса керак. Бу бахтга сазовор бўлиш, Ватан ифтихорига айланиш эса барчамиз учун олий саодатдир.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn