Маҳалла Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг муҳим институти ҳисобланади
  • 28 Август 2015

Маҳалла Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг муҳим институти ҳисобланади

Жавоҳарлаъл Неру номидаги университетнинг Халқаро тадқиқотлар мактаби ҳузуридаги Россия ва Марказий Осиёни ўрганиш дастури директори Ажай Кумар Патнаик (Ҳиндистон) Тошкентда бўлиб ўтган “Мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтириш: Ўзбекистон тажрибаси ва хорижий амалиёт” мавзуига бағишланган халқаро давра суҳбатида хорижлик эксперт сифатида қатнашган эди.

У яқинда “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан Деҳлида бўлиб ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги муваффақиятлари ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди.
— Мен Франция, Италия, Германия, Бельгия ва бошқа давлатлар экспертлари иштирокида Тошкентда бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатида қатнашганимдан ниҳоятда мамнунман.
Шуни алоҳида қайд этишим лозимки, биз анча йиллардан буён Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан яқин ҳамкорлик қилиб келамиз. Ўтган муддат давомида биргаликда мамлакатларимизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга бағишланган қатор давра суҳбатларини муваффақиятли ташкил этдик.
Менинг фикримча, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришдаги ноёб институт — маҳалла Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг энг муҳим институтларидан бири ҳисобланади. У жамиятингизда демократиянинг янада гуллаб-яшнашида ўта муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 8240 та нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатингизда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг энг замонавий демократик талаблар ҳамда халқаро стандартларга жавоб берадиган 200 дан зиёд қонунчилик ҳужжатларидан иборат меъёрий-ҳуқуқий база яратилган.
Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий ҳимояси ва молиялаштирилиши таъминланиши юзасидан кўрилаётган изчил чора-тадбирлар ҳам юксак эътирофга моликдир. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатингизда давлат ҳамда жамият тараққиётининг “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини амалга ошириш борасида кенг кўламли ишлар ҳаётга татбиқ этилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.

«Жаҳон» АА.
Деҳли

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn