Она юртга муҳаббат — олий саодат
Версия для печати
  • 27 Август 2015

Она юртга муҳаббат — олий саодат

Мустақиллик байрами арафасида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан фуқароларда миллий ўзликнинг шаклланиш даражаси, миллатлараро муносабатларнинг барқарорлиги ва истиқболларини аниқлаш мақсадида социологик тадқиқот ўтказилди.

Сўровда юртимизнинг барча гўшаси қамраб олинди. Унда турли миллат ва эътиқод вакиллари, эркаклар ҳамда аёллар, ёшлар, кексалар, шаҳару қишлоқлар аҳолиси, давлат ташкилотлари ходимлари, тадбиркорлар, фермерлар, талабалар, оддий меҳнаткашлар иштирок этди.
Натижалар истиқлол йилларида шу йўналишда ўтказилган тадқиқотларда олинган маълумотларга таққосланган ҳолда таҳлил қилинди. Маълум бўлдики, ўзбекистонликларнинг миллий ғурури ўз халқига камарбасталик, у билан ўзини яхлит ҳис этиш, Ватанга муҳаббат ва маданиятга ҳурмат туйғулари билан мустаҳкамдир. У юрт мустақиллиги, миллий урф-одатлар ҳамда қадриятлар, маънавий ўзига хослик, бой тарих, аждодларнинг буюк мероси билан муштаракдир. Мазкур фазилат республикамизда яшаётган барча миллат ва элат вакилларига бирдек хосдир. Ўтган йиллар билан солиштирилганда, респондентлар ўз Ватани ўтмиши ҳамда маданиятига оид билимларини юқори баҳолаганлар. Бундан ташқари, уларнинг мутлақ катта қисми она-юрти — Ўзбекистонни беқиёс тарихий-маданий, адабий-маънавий ва илмий бойликка эга, деб билади.
Сўров шуни кўрсатдики, аҳолимиз давлат мустақиллигига катта аҳамият қаратиб, уни муҳим тарихий палладаги муваффақият, деб ҳисоблайди. Унда иштирок этганларнинг аксарияти ўтган 24 йилда эртанги кунга бўлган ишонч, эътиқод эркинлиги, миллий анъаналар ва удумларга риоя этиш, келажагини белгилаш, ўз она тилини чуқур ўрганиш, дунё бўйлаб ҳеч қандай тўсиқсиз саёҳат қилиш, хусусий мулк соҳиби бўлиш ҳамда ундан фойдаланиш, нуфузли, шу жумладан, хориждаги таълим муассасаларида таҳсил олиш ва фарзандларини ўқитиш имкониятига эга. Тадқиқотда қатнашганлар Давлат байроғини кўрганда ҳамда Давлат мадҳиясини эшитганда чексиз фахрланишини алоҳида таъкидлаганлар. Респондентларнинг деярли барчаси ўзини республика фуқароси, деб ҳис қилади ва улар учун Ватан мустақил Ўзбекистондир.
Иштирокчилар республикамиз кўп миллатли давлат, бу ерда миллати ҳамда динидан қатъи назар, фуқаролар учун конституциявий ҳуқуқлар тенг кафолатланган, деган якдил фикр билдиришган.
Яна шу аён бўлдики, аҳолининг миллий ўзлигини аниқловчи омиллар тузилмасида турли миллат ва эътиқод вакилларини бирлаштирувчи оила ҳамда маҳалла институти муҳим ўрин тутади. Юртимизда миллий-маданий марказлар фаолият юритмоқда. Ушбу даргоҳларда Ўзбекистонда умргузаронлик қилаётган турли халқларнинг миллий ўзига хослиги ва қадриятларини ривожлантириш ҳамда бойитиш учун барча шарт-шароит яратилган.
Респондентларнинг айтишича, сўров натижалари у ёки бу этник гуруҳга тааллуқли энг ёрқин сифатларни аниқлаш имконини ҳам берди. Республикамизда яшаётган барча инсонлар учун бу борада меҳнатсеварлик, очиқкўнгиллилик, фаоллик, меҳмондўстлик, кексаларга ҳурмат фазилатлари етакчи ўринда туради. Бизнинг халқимиз ҳар қандай вазиятда ҳам турли миллатларга мансуб ҳамюртларига ҳурмат билан муносабатда бўлади. Тадқиқотга қараганда, Мустақиллик ва бошқа умумхалқ байрамларини барча биргаликда нишонлаши жамиятдаги ҳамжиҳатлик кўрсаткичидир. Сўровда қатнашганларнинг эътироф этишича, мамлакатимиздаги ҳар бир миллат вакили энг улуғ ва энг азиз айёмни ўз оиласи билан катта қувонч ҳамда мамнуният оғушида қарши олади.
Ижтимоий изланишларда намоён бўлдики, ҳамюртларимиз ўзларини муайян бир миллат вакили сифатида ҳам, мамлакат фуқароси сифатида ҳам бирдек ҳис қиладилар. Бу эса жамиятда барқарорлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш бўйича самарали сиёсат олиб борилаётганининг тасдиғидир. Зеро, бугун ҳар ким ўз фикрини илгари суриш, маданий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш ҳуқуқига эгадир. Респондентларнинг кўпчилиги Ўзбекистонни тарихий Ватани деб ҳисоблаши ва фақат шу макондагина ўзини бахтли ҳис қила олишини айтиб ўтган. Фуқароларнинг 91 фоизи жаҳонда Ўзбекистондан кўра афзалроқ давлат йўқ деб билади.
Юқорида келтириб ўтганимиздек, тадқиқот давомида фуқаролар республикамиз тарихи ҳамда маданиятидан етарли даражада яхши хабардор эканлиги аён бўлди. Боиси бу борадаги кўрсаткичларда ҳам йилдан-йилга барқарор ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Ўзбекистонликларнинг аксарияти, хусусан, ёшлар, ўзларини ватанпарвар деб ҳисоблайди. Уларнинг айтишича, Ватанга муҳаббат унинг бахтли келажаги йўлида меҳнат қилиш билан узвий боғлиқдир.
Умуман, социологик тадқиқот кўрсатдики, ўзбекистонликларда ўзлари мансуб бўлган миллатга хос қадриятлар ҳамда урф-одатлар ҳақидаги билимлар ва уларга риоя этиш даражаси ошган. Натижалар таҳлилига кўра, фуқароларимиз давлатимиз раҳбарининг миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган сиёсатини юқори даражада қўллаб-қувватламоқда. Олинган маълумотлар асосида хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда турли миллат вакиллари ўзига хослигини сақлаган ҳолда, атрофидагиларига бағрикенглигини намойиш этиб, ҳатто, муайян масалада қарашлари ҳар хил бўлган инсонларга ҳурмат билан муносабатда бўлмоқдалар.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида
С. МАХСУМОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn