Миллий тараққиётимиз фалсафаси акс этган асар
  • 26 Август 2015

Миллий тараққиётимиз фалсафаси акс этган асар

Маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” номли китоби “Ўзбекистон” нашриёти томонидан кўп минг нусхада чоп этилди. Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида улкан воқеа бўлган ушбу тўплам кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш ва эътибор билан кутиб олинди.

Ана шундай фикр алмашувлар бугунги кунда илмий тадқиқот, таълим-тарбия муассасалари, оммавий ахборот воситаларида қизғин давом этмоқда. Қуйида тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Мавруловнинг шу мавзудаги мақоласи эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.
1989 йил. Собиқ Марказ ва унинг “доҳийлари” томонидан сунъий равишда ўйлаб топилган “қайта қуриш”, “жадаллаштириш” деган баландпарвоз гаплар аслида ҳеч қандай илмий ва ҳаётий асосга, пухта ишланган қонуний механизмларга эга бўлмагани учун халқ томонидан қўллаб-қувватланмади. Қуруқ сафсатабозликдан ҳафсаласи пир бўлган Иттифоқдош республикаларда иқтисодий-ижтимоий ҳаёт издан чиқиб, миллатлараро муносабатлар тобора кескинлаша бошлади, аҳолининг турмуш даражаси ёмонлашди, оммавий норозиликлар кучайди. Айниқса, Ўзбекистон ижтимоий муаммолар гирдобида қолиб кетган, уларнинг ечими ҳақида бош қотирадиган, СССР раҳбариятига бу ҳақда очиқ ва дадил гапира оладиган мард инсон йўқ эди. Барчани эртанги кун ташвиши, “Бу кўргулик қачонгача давом этар экан?” деган дарду ҳасрат эзар эди. Одамларда тушкунлик ва умидсизлик кучайиб борарди. Пахта яккаҳокимлигининг мисли кўрилмаган даражада авж олиши, одамларнинг истеъмол таъминоти пасайиб кетгани туфайли илгари ота-боболаримиз билмаган, уларнинг тушига ҳам кирмаган касалликлар пайдо бўлиб, аёллар ва болалар ўлими кўпайди, ижтимоий норозилик жиддий муаммога айланди.
Ана шундай мураккаб шароитда, 1989 йил 24 июнь куни эндигина Ўзбекистон раҳбари бўлиб иш бошлаган Ислом Каримов халқимиз, Ватанимиз тақдири, келажаги учун бутун масъулиятни ўз зиммасига олиб, бундай деди: “Мен сизларни мавжуд аҳволни танқидий баҳолашга ва бундан буён эскича яшаш мумкин эмаслигини англашга чақирмоқчиман. Ҳақиқатан ҳам,  биз энди бундай яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди” (Ислом Каримов. “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”, Тошкент, “Ўзбекистон”, 2011 йил, 38-бет). 
Орадан роппа-роса саккиз ой ўтгач, 1990 йил 24 февраль куни Юртбошимиз, мавжуд вазиятни янада теран баҳолаб, барча раҳбар ва фаолларни сергак ва дадил бўлишга даъват этди: “Халқимиз бошига тушган бу ташвишларни чуқур ҳис қилиш, уларни бартараф этиш нақадар мураккаб ва зарур эканини англаш учун кўп нарса керак эмас — безовта юрак керак, очиқ кўз керак” (ўша китоб, 139-бет).
Ислом Каримов ана шундай улкан жасорат билан мудроқ қалбларни уйғотиб, барчамизни миллий мустақиллик сари ундади. Ўтган йиллар давомида ҳаётимизнинг барча соҳаларида эришган ютуқларимиз аслида ўзимизга, жамиятимизнинг бугунги ва эртанги истиқболига ана шундай безовта юрак ва очиқ кўз билан қараб, мақсадларимизни аниқ белгилаш натижаси десак, адашмаймиз.
Мана, яқинда Ислом Каримовнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китоби “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилди. Китобни қўлимизга олиб, варақлашимиз билан Ўзбекистоннинг мустақиллик давридаги тарихи ва тараққиёти, бугунги ютуқлари ва истиқбол режалари, ҳаётимизнинг турли соҳаларидаги сифат ўзгаришлари, халқимизнинг моддий ва маънавий қудрати, унинг бунёдкорлик даҳоси, аждодлар ва келгуси авлодлар олдидаги муқаддас бурч ва масъулият — ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмайдиган ана шундай долзарб мавзуларни бамисоли кўзгудек акс эттирган бу ноёб асар, табиийки, бутун китобхон халқимиз қатори бизнинг ҳам диққат-эътиборимизни тортди.
Китобдан муаллифнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг VII съездида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқлари, мамлакатимизда шу йилнинг 29 март куни бўлиб ўтган муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри сайловчилари вакиллари билан учрашувлари, 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашувда билдирган энг муҳим концептуал фикр ва ғоялари, ҳаётий хулосалари жой олган бўлиб, улар 12 та мавзу бўйича тўпламга киритилган.
Ҳар бир мавзу мамлакатимиз тараққиёти, жамият ҳаётининг аниқ бир йўналишини пухта таҳлил этишга қаратилган бўлиб, шу аснода бугунги кунда Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маданий соҳаларда қўлга киритган ютуқлари ва истиқбол режаларининг яхлит манзараси кўз ўнгимизда намоён бўлади. Шу маънода, бу китоб — Ўзбекистоннинг энг янги тарихи, бугуни ва унинг келажакдаги ривожи бўйича яхлит фундаментал асар, ҳаётий қўлланма дейиш мумкин. У чуқур илмий тушунча ва қарашлар асосида, айни пайтда оддий одамлар ҳам тушунадиган, халқона, содда тилда ёзилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Китобни синчиклаб ўқиб чиқиб, ўзим учун ўта жиддий аҳамиятга эга бўлган ва бир-бири билан узвий боғланган қуйидаги тушунча ва ибораларга эътибор қаратдим: мустақиллик, Ватан, миллат қайғуси, дахлдорлик туйғуси, тинчлик ва омонлик, миллий тикланиш, шукроналик. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, уларнинг барчаси китобнинг “Ким эдигу ким бўлдик? Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган бош ғояси  асосида таҳлил этилган.
Маълумки,  мустақиллик бировга қарам бўлмаслик, ўз хоҳиш-иродаси ва инон-ихтиёрига, ўз ҳаёти ва тақдирига ўзи эгалик қилишни англатади. Мустақиллик миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳамма учун энг муқаддас туйғу, олий қадрият ҳисобланади. Бу ҳақиқат бизга кейинги 24 йиллик тарихимиздан яхши маълум. Халқимиз уч минг йиллик миллий давлатчилик тарихи давомида қандай оғир қийинчиликларни кўрмади. Эрон аҳамонийлари, грек-македон босқини, араб ва мўғуллар истилоси, уч хонлик ўртасидаги низо ва адоватлар, чоризм мустамлакачилиги, 70 йилдан ортиқроқ давом этган коммунистик ҳукмронлик, улар келтирган зарар ва йўқотишлар — буларнинг барчасини сўз билан ифода этиш қийин.
Китобда мустақиллик феномени тўғрисида алоҳида фикр юритилгани бежиз эмас. Муаллифнинг қайд этишича, бир пайтлар ўта қолоқ, бир ёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган, юртимиздаги вазият деярли жар ёқасига келиб қолган Ўзбекистонни яхлит тарзда сақлаб қолишнинг ягона ва энг тўғри йўли мустақилликни қўлга киритиш эди.
Ўтган асрнинг 80-йиллари охири, 90-йиллари бошларида мамлакатимизда содир бўлган ўта мураккаб ва таҳликали воқеа-ҳодисаларни бугунги тинч-осойишта, эркин ва фаровон кунларда, биринчидан, тасаввур қилишнинг ўзи қийин, иккинчидан, уларни чуқур таҳлил этиб, аниқ хулосалар чиқариш янада мушкул масала. Бунинг учун яқин ва узоқ тарихни нафақат яхши билиш, мустақиллик каби муқаддас туйғунинг мазмун-моҳиятини тушуниш, балки ана шу воқеаларни бошидан ўтказиб, “халқимнинг, Ватанимнинг тақдири учун мен жавобгарман” деб, туну кун бутун борлиғини шу йўлга бағишлаган раҳбарнинг ҳис-туйғулари, юрак изтироблари билан яшаш керак. Бу эса ҳамманинг қўлидан келавермайди. Бунинг учун фақат билим, тажриба ва тафаккурнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун жасорат ва матонатга, эл-юрт муҳаббатига тўла буюк қалб ҳам керак.
Ҳақиқатан ҳам, мустақилликнинг ўтган 24 йили даврида халқимиз босиб ўтган мураккаб ва шонли йўлни, эришилган ютуқларнинг омилларини катта билим, ҳаётий тажриба асосида турли мураккаб воқеа-ҳодисаларни чуқур таҳлил этиш, уларнинг оқибатларини олдиндан кўра билиш салоҳияти муаллифнинг Ватанга чексиз меҳр-муҳаббати ва садоқат туйғуси билан уйғун бўлиб кетгани китобнинг ҳар бир саҳифасида яққол сезилиб туради.
 Маълумки, ҳаётда эришиладиган ютуқларнинг бош омили мақсадга боғлиқ. Тўғри танланган мақсад халқ ва жамиятни бирлаштиради, унинг сафарбарлиги, қатъиятини кучайтириб, тўғри йўлга бошлайди. Бу фикрларга урғу бераётганимизнинг сабаби шундаки, баъзан биз ўзимиз ҳаётда тўғри йўл танлай олмасдан қийналамиз. Агар катта мамлакатнинг узоқ истиқболга мўлжалланган мақсадини тўғри белгилашда адашиш бўлса-чи?
Шу маънода, 90-йилларнинг бошида Ўзбекистон раҳбарияти олдида ўта масъулиятли вазифа турарди. Бир томондан, юртимиз ҳали маъмурий-буйруқбозлик тизимига асосланган бошқарув шароитида яшар, демократик қадриятлар ҳаётимизга жорий этилмаган эди. Бошқа томондан эса, дунё тажрибасида ривожланишнинг кўплаб йўллари мавжуд бўлиб, уларнинг орасида айнан Ўзбекистонга, унинг миллий, ҳудудий, демографик, иқтисодий, маънавий хусусиятларига тўғри келадиган йўлни танлаб олиш керак эди. Бу энг оғир вазифа эди.
Сиёсий лидерларнинг халқ ва Ватан тақдири, келажагини ҳал қилишдаги  ўрни ва аҳамияти ана шундай мураккаб шароитда яққол намоён бўлади. Биз Президентимиз Ислом Каримовнинг ана шундай ҳаёт-мамот масаласида узоқни кўзлаб, етти ўлчаб, бир кесиш усулида иш тутгани туфайли миллий тараққиётнинг пухта ўйланган тўғри йўлини танладик. Китобда бу ҳақда ўқиймиз: “Мустақиллик йилларида мақсад қилиб қўйган марраларни, аввало, энг тараққий  этган демократик  давлатлар қаторига кўтарилиш, фаровон ва бадавлат ҳаёт кечириш,  халқаро майдонда  ўзимизга муносиб ўрин  эгаллаш йўлида қўлга киритган ютуқларни сарҳисоб қилиш учун “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволга холисона жавоб бергандагина кўп нарса биз учун аён бўлади” (72-бет).
Ягона тўғри йўлни танлаш масъулияти ҳаммага ҳам берилавермайди, уни ҳамма ҳам жиддий ҳис этавермайди. Бундай масъулиятни ўз бўйнига олган лидердан кучли билим ва тажриба, мақсадга эришиш йўлида қатъият, азму шижоат, жасорат ва собитқадамлик, тарихий вазиятларни холис таҳлил қила олиш ва улардан тўғри хулосалар чиқаришдек ноёб салоҳият талаб этилади.
Бу ҳақда фикр юритар эканмиз, ушбу китоб кечаги ва бугунги ҳаётимиздаги воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилиш, солиштириш, таққослаш ва келажагимизни аниқ тасаввур этиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли эканини чуқур ҳис қиламиз. Ахир бугунги кунгача ўз йўлини топа олмасдан, салтанат кемаси билан ҳали у қирғоққа, ҳали бу қирғоққа урилиб, қайси манзил-маконда қўним топишни билмасдан, овораи сарсон бўлиб юрганлар ён-атрофимизда камми? “Ҳавойи гаплар билан “Биз мустақил бўлдик”, деб  кўкрагини кериб, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиш учун ҳаракат қилиш ўрнига бошқа давлатларнинг пинжига кирган баъзи мамлакатлар бугун қандай аҳволга тушиб қолганини ўзингиз кўряпсиз. Айримлари қарзга ботиб қолгани ва ундан қутулишга ҳеч қачон  куч-қуввати етмаслигини ҳам  яхши биласиз”, деб таъкидлайди муаллиф бу ҳақда (73-бет). Бизнингча, бу ўринда изоҳнинг ўзи ортиқча.   
Китобни ўқир эканмиз, унинг мазмун-моҳиятидан “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, эртага қандай мақсадларга эришишимиз керак?” деган саволга аниқ жавоб топамиз. Келинг, ана шу жавобларнинг айримлари хусусида тўхталайлик.
Кеча дунё ҳамжамияти томонидан тан олинмаган, мустабид шўро давлатининг хом ашё базаси бўлган, иқтисодиёти қолоқ ва ночор, халқимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари топталган, қарам ўлка эдик. Бугун эса мамлакатимиз бутун дунё тан олган, саноати, қишлоқ хўжалиги жадал ривожланаётган, халқининг инсоний ҳуқуқ ва эркинликлари конституциявий асосда тўла кафолатланган, жаҳон “бахт индекси”да тобора юқори ўринларга кўтарилиб бораётган озод, мустақил, демократик замонавий давлатга айланмоқда.
Кеча пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, пахта етиштириш ҳатто одамлар ҳаёти ва саломатлигидан устун турган, 6 миллион тонна пахта етиштириш режасини бўйнига бўйинтуруқ қилиб осиб олган, фақат томларидагина пахта экилмай қолган қашшоқ юрт эдик. Бугун эса ана шундай адолатсиз тизимдан, “шок терапияси” каби номақбул моделлардан бутунлай воз кечиб, машҳур беш тамойилга асосланган, ўз тараққиёт йўлини танлаб олган мустақил давлатмиз. Ўзбекистон дунёда “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган ривожланиш стратегиясига, кейинги ўн йил давомида ялпи ички маҳсулоти йилига 8 фоиздан кам бўлмаган ҳолда ривожланиб келаётган, рақобатдош экспорт товарлари ишлаб чиқараётган, биз учун мутлақо янги бўлган автомобилсозлик, нефть ва газ кимёси, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат, тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқларга эга мамлакатга айланди.
Кеча ижтимоий ҳаётимиз тўлиқ сиёсий тус олган, устуворлик фақат сиёсий-мафкуравий жиҳатларга қаратилган, Ленин бобо, Сталин бобо ва бошқа “бобо”ларимизнинг бизни бахтли қилиш ҳақидаги сохта “ваъда”лари учун улардан миннатдор бўлиб, уларнинг шаънига қўшиқлар куйлар эдик. Ёлғон мафкура асосида қурилган “октябрят”, “комсомол” деган “тобланиш” босқичларидан ўтган, комсомол бўлмасанг, партияга кирмайсан, партияга кирмасанг, ҳеч қандай вазифада ишлай олмайсан каби ҳукмрон қарашларга бўйсуниб яшаган, ўзининг миллий қаҳрамонлари, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларини унутишга маҳкум этилган халқ эдик.
Бугун эса ўзининг улуғ аждодлари билан ҳақли равишда фахрланадиган, улардан руҳий қувват оладиган, Ўрта асрларда Шарқ оламида математика, алгебра, астрономия, тиббиёт, кимё, геология, геодезия, адабиёт, фалсафа, тилшунослик, мусиқа илмини мисли кўрилмаган юксак босқичга кўтарган мутафаккир боболарининг шарафли анъаналарини муносиб давом эттиришга қодир бўлган халқмиз. Бунинг тасдиғини 2014 йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этган дунёнинг 50 мамлакатидан келган атоқли олимлар халқимизнинг бебаҳо меросини юксак даражада эътироф этгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Кеча миллий маданияти, урф-одатлари, анъаналари, муқаддас дини таъқиб остига олинган, сохта “совет маданияти”га ишонган, мустақиллик ғоялари учун қирғин-қатағонга дучор этилган минг-минглаб асл фарзандларини ёд этишдан жудо қилинган, жаҳон андозаларига мос билим олишдан кўра, диплом олишга қизиқтирилган, минглаб авария ҳолатларидаги таълим, маданият муассасаларига эга халқ эдик. Бугун эса маънавият ва маърифат давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган, “Озод ва обод юртда яшайдиган, янгича фикрлайдиган одамларнинг ўйлари ҳам, уларнинг ҳаёти, турмуши ҳам гўзал ва фаровон бўлиши керак” (191-бет) деган юксак мезон асосида яшаётган, жамиятни соғломлаштиришни, мамлакатни обод қилишни кўнгил ободлигидан бошлаган, замонавий таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, маиший хизмат муассасаларига эга, барча шаҳар ва қишлоқлари, ҳатто, энг чекка қишлоқларида ҳам катта-катта ўзгаришлар амалга оширилаётган, фуқаролари фаровон яшашини таъминлаш давлат сиёсатининг бош мақсадига айланган халқмиз.
Кеча диний қадриятларимиз топталган, диний байрамларимиз тақиқланган, масжидларимиз омборхона, отхона, машина эҳтиёт қисмлари сақланадиган жойларга айлантирилган, 74 йил давомида совет тузуми даврида атиги 173 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига боришга муяссар бўлган, “дин — афюн” деб эълон қилинган мамлакатда яшайдиган халқ эдик. Бугун эса, муқаддас ислом динимиз тикланган, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замаҳшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Абдулхолиқ ўиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби ўнлаб, юзлаб азиз авлиёларимизнинг ўлмас меросини ўрганиш, муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиш имконига эга бўлдик. Айни пайтда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг таълим-тарбия, илм-фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси — АЙСЕСКО томонидан Тошкент шаҳрининг 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинганидан фахрланиб яшайдиган, йилига 5200 нафардан ортиқ фуқароларимиз ҳаж сафарига бориб келадиган мамлакатга айландик.
Кеча ижтимоий муаммолар тўлиб-тошиб ётган, колхозчилар қўлига ҳар ойда 42 сўм пул оладиган, энг аввало, қишлоқ аҳолиси ўта қийналган, ер муаммоси ҳал этилмаган, бутун совет ҳокимияти йилларида қишлоқ аҳолисига бор-йўғи 300 минг гектарга яқин ер томорқа сифатида берилган, қишлоқ инфратузилмаси тўлиқ ишдан чиққан, уч-тўрт оила каталакдек гувала уйларда яшашга маҳкум этилган ночор кишилар эдик. Бугун юртимизда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар янада чуқурлаштирилиб, фермерлик ҳаракати ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Унинг моддий ва молиявий базаси мустаҳкамланиб, фермерларга янада кенг йўл очиб берилмоқда. Биз бу борада янги имтиёз ва имкониятларни туғдириш, қишлоқда пайдо бўлаётган мулкий муносабатларни, янги ўрта синф вакиллари — мулкдорлар, тадбиркор ва ишбилармонларнинг манфаатларини ҳимоялаш бўйича пухта ўйланган, илмий асосланган дастурга эга, қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида йилига 10 мингдан ортиқ замонавий уй-жойлар қурилаётган мамлакатмиз.
Бундай қиёсий фикрлар китобни ўқиш асносида яна ва яна хаёлимиздан ўтаверади ва биз беихтиёр ўзимиз ҳам сифат ва мазмун жиҳатидан бутунлай янги инсонларга айланганимизни ҳис этамиз. Чунки китобда зикр этилган рақамлар, мулоҳаза ва хулосалар бизнинг кўз олдимизда, замондошларимиз иштирокида содир бўлаётган, барчамизга таниш манзараларнинг яққол ифодасидир. Шунинг учун бу китоб айнан биз учун, биз каби минг-минглаб юртдошларимиз учун, уларнинг орзу-интилишлари, ҳаётий манфаатлари ҳар томонлама ҳисобга олиб ёзилганини чуқур қониқиш билан эътироф этамиз.
Маълумки, бугунги кунда дунё ғоят мураккаблашиб бормоқда, биз таҳликали ва қалтис бир замонда яшамоқдамиз. Шунинг учун ҳам китобда дунёдаги ҳозирги кескин вазиятда ҳушёрлик ва сергаклигимизни йўқотмасдан, кимлар бизга хайрихоҳ, кимлар ғаразли кўз билан қараётганини, бугунги ҳаёт олдимизга қандай талабларни қўяётганини чуқур англаб, огоҳ, сезгир ва сафарбар бўлиб яшашимиз талаб этилаётгани алоҳида таъкидланиб, бу борадаги долзарб вазифалар аниқ белгилаб берилган.
Хулоса ўрнида айтганда, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китоби муаллифнинг мамлакатимиз ва халқимиз олдидаги улкан масъулиятини, бу масъулият амалда қандай буюк, олис ва яқин келажагимиз учун мустаҳкам пойдевор бўладиган ишлар билан адо этиб келинаётганини аниқ ҳаётий мисоллар, режа ва лойиҳалар, энг муҳими, эл-юртимиз учун беқиёс фидойилик, меҳр ва садоқат асосида яққол намоён этадиган ва барчамизни шундай яшашга даъват қиладиган кенг қамровли ноёб асардир. Бу китобни ҳар томонлама синчиклаб ўқиб-ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини халқимиз, айниқса, ёшларимизга етказиш, унда илгари сурилган ғоят муҳим фикр ва ғоялардан кундалик фаолиятимизда дастуриламал сифатида фойдаланиш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Абдухалил МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn