Меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ифодаси
  • 25 Август 2015

Меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ифодаси

Мамлакатимиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари кўтаринки руҳда ўтказилди.

Истиқлол шарофати билан миллий урф-одатларимиз ва улар замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, инсонни улуғлаш ҳамда турли ижтимоий масалаларни ҳамжиҳатликда ҳал этиш каби эзгу қадриятлар тикланиб, ҳаётимиздан тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Хусусан, кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиладиган ҳашар одати мустақиллик йилларида умуммиллий анъана даражасига кўтарилди.
Ҳар йили миллий байрамларимиз олдидан бўлиб ўтадиган ҳашарларда миллионлаб юртдошларимиз томонидан маҳаллалар ҳудудлари, гузарлар, кўчалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳу қабристонлар ободонлаштирилиб, тартибга келтирилаётгани, ёлғиз қариялар ва ногиронларга, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий-маънавий ёрдамлар кўрсатилаётгани мисолида ҳам буни яққол кўриш мумкин. Зеро, ҳашар ўзаро ёрдам, инсонпарварлик, олижаноблик, саховатпешалик каби туйғуларни ёшлар онгига сингдиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги байрами олдидан 22-23 август кунлари “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди. Энг улуғ, энг азиз айёмимизни муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, халқимиз орасида ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни кучайтириш, муҳтожларга беғараз ёрдам, меҳр-мурувват кўрсатишдек фазилатларни намоён этиш, маҳаллалар, аҳоли тураржойларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, санитария ҳолатини яхшилаш, шунингдек, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида уюштирилган мазкур тадбир давомида юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қиладиган кенг қамровли ишлар рўёбга чиқарилди.
Умумхалқ хайрия ҳашари олдидан мамлакатимиздаги барча ташкилот, корхона ва муассасаларда мазкур тадбирни юқори савияда ташкиллаштиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани бу борада муҳим омил бўлди. Хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари ва юртимиздаги мавжуд 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ҳамда ҳовлилар атрофларини, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонларни, кўчаю йўлакларни тартибга келтириш, маиший ҳамда қурилиш чиқиндиларидан тозалаш, дарахтларни оқлаш ва буташ каби юмушлар уюшқоқлик билан бажарилди.
— Ҳашарда 17 миллион 828 минг нафардан зиёд фуқаролар, жумладан, 11 миллион 562 минг нафардан ортиқ ёшлар қатнашгани мазкур тадбир юксак даражада ўтказилганидан далолат бериб турибди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Ж. Иноғомов. — Ҳашарчиларнинг ғайрат-шижоати билан икки кун давомида 38 минг гектардан зиёд майдонлар ободонлаштирилди, 25 минг километрлик ариқ ва лотоклар тозаланди, 9 мингдан ортиқ қабристон ҳамда 800 га яқин зиёратгоҳлар ободонлаштирилди, 17 миллионтадан ошиқ дарахт оқланиб, уларга шакл берилди. Айни чоғда хайрия ишлари ҳам изчил давом эттирилди. 18 мингдан ортиқ кам таъминланган оилаларнинг уй-жойи ҳашар йўли билан таъмирдан чиқарилган бўлса, 20 мингга яқин эҳтиёжманд оилаларга, шундан 7 мингга яқин ногирон ва ёлғиз қарияларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Тўрт миллиард сўмдан зиёд маблағлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига хайрия ёрдами сифатида йўналтирилди.
Шунингдек, маҳаллаларда 189 та маиший хизмат кўрсатиш ҳамда савдо шохобчаларини, спорт иншоотларини, гўзаллик салонлари ва маҳалла гузарларини барпо қилиш билан боғлиқ юмушлар айни ҳашар кунларида ниҳоясига етказилди. Маҳалла идоралари, болалар спорт майдончалари фойдаланишга топширилди. Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги “Ишкент” ҳамда “Узун”, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги “Таварон” ва бошқа ҳудудларда ҳам фуқаролар йиғинлари бинолари ҳашар йўли билан тўла қуриб битказилди.
Шунга мос равишда Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Болалар ва ўсмирлар спорт мажмуаси, Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги Тошкент маҳалласида минифутбол майдони, Сурхондарё вилоятининг Музработ туманидаги Анорзор маҳалласида эса соғломлаштириш маркази ишга туширилди.
Ҳашар кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудида ана шундай кенг кўламли бунёдкорлик ва яратувчанлик ҳамда меҳр-мурувват тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган ҳашарда бир миллион 430 минг 265 нафар киши иштирок этиб, улар томонидан 1935 гектар майдон обод қилинди ва 1039 километрлик ариқлар тозаланди, шунингдек, бошқа эзгу ишлар ҳам рўёбга чиқарилди.
— Халқимизга хос меҳр-мурувватдан бизнинг оила ҳам четда қолмади, — дейди Амударё туманидаги “Дарё бўйи” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Айтбой Машарипов. — Саховатпеша инсонлар саъй-ҳаракати билан уйимиз таъмирдан чиқарилди. Бундан жудаям мамнунмиз. Бу биз учун мустақиллик байрамига катта туҳфа бўлди.
Бундай хайрли ишлар Сурхондарё вилоятида ҳам кенг қулоч ёзди. Воҳанинг туман ва шаҳарларида яшаётган 847 нафар кекса ҳамда ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар вакилларининг уй-жойлари таъмирланди. Айни чоғда эҳтиёжманд оилалар, ногирон ва ёлғиз кексаларга 245 миллион 424 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Масалан, Бойсун туманидаги “Кўлқамиш” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Тожи Бозоров ҳамда Даштиғоз маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳасан Холмуродовнинг хонадонларини таъмирлаш учун бир миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. Денов туманидаги Нурли манзил маҳалласида яшовчи Рўзиман Тўраевга уй-рўзғор буюмлари олиб берилди.
— Ҳашарнинг инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаб, ёшлар қалбига она-Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини сингдиришдаги ўрни катта, — дейди пойтахтимизнинг Сергели туманидаги “Учувчилар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Махсума Маматқулова. — Ҳудудимизда
4 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Ҳашарда мингдан ортиқ киши, шу жумладан, 700 нафарга яқин ёшлар фаол қатнашди. Бевосита уларнинг саъй-ҳаракати билан иккита кам таъминланган оиланинг уй-жойи таъмирлаб берилди. Янги гул дўкони ишга туширилди. Тураржойлар атрофлари, кўчаю йўлаклар ораста кўринишга келтирилди.
Бухоро вилоятининг Олот туманидаги Аккали маҳалласида яшовчи Энамгул Бобоева ҳашар нафақат ободончилик, тозалик ва бунёдкорликнинг, айни чоғда меҳр-мурувватнинг ҳам яққол ифодаси эканини чин дилдан ҳис этганини билдирди. Гап шундаки, қарамоғида ногирон фарзанди бор ушбу оилага “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг туман бўлинмаси томонидан моддий ёрдам кўрсатилди.
Вилоят бўйича бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари баробарида, меҳр-мурувват тадбирларига алоҳида аҳамият қаратилди. Жумладан, 1421 эҳтиёжманд оилага моддий кўмак берилди, 283 та оиланинг уй-жойи таъмирланди. Умумхалқ хайрия ҳашари кунларида амалга оширилган ушбу эзгу ишларда 903 минг нафардан зиёд фуқаро фаол қатнашди.
— Юртбошимиз раҳнамолигида истиқлол йилларида ҳашар янада теран маъно касб этмоқда, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Наманган вилояти бўлими бошқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат Кенжаев. — Ҳашар кунларида маҳаллалар, кўчалар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳу қабристонларни тартибга келтириш, ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатиш, олижаноб туйғуларни ёшлар онгига сингдириш ишлари жадал тус олганидан ҳам буни билиш қийин эмас. Аниқ мисоллар ёрдамида айтадиган бўлсак, ҳудуд бўйича 3 минг 875 гектар майдон ободонлаштирилди, бир минг 710 километрлик ариқлар тозаланди, зиёратгоҳу қабристонлар тартибга келтирилди.
Умуман, бунёдкорлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини ўзида мужассамлаштирган умумхалқ хайрия ҳашари кунларида республикамиз бўйлаб қанчадан-қанча манзиллар обод бўлди. Ва бу ободлик кўнгилларга ҳам кўчди. Дарҳақиқат, улуғ айёмга мана шундай кўтаринкилик билан шоду хуррам пешвоз чиқмоқдамиз.

«Халқ сўзи» мухбирлари
хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn