Ватанга муҳаббат ва садоқат ифодаси
Версия для печати
  • 22 Август 2015

Ватанга муҳаббат ва садоқат ифодаси

Пойтахтимизда “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида бўлиб ўтган “Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивали келажагимиз ворисларини миллий истиқлол ғояларига садоқат, юртга муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларда мамлакатимиздаги ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш каби мақсадларни назарда тутиши билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан уюштирилган мазкур тадбирда республикамизнинг барча ҳудудидан иқтидорли йигит-қизлар қатнашди.
Хусусан, фестиваль доирасида Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган “АКТ+хорижий тил=замонавий мутахассис!” мавзуидаги тақдимот қизиқарли ва долзарблиги билан иштирокчиларга манзур бўлди. Унда бугунги навқирон авлод вакилларининг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан тўғри ва самарали фойдаланиши ҳамда хорижий тилларни пухта билиши зарурлиги ҳақида сўз юритилди. Ўз навбатида, иштирокчиларга ўтган йили пойтахтимизда иш бошлаган Инха университети фаолиятидан мисоллар келтирилди. Чунончи, мазкур таълим даргоҳида яратилган шароитлар, замонавий ўқитиш тизими, талабаларни баҳолаш мезони ҳақида батафсил маълумот берилди.
— Тақдимот биз учун жуда фойдали бўлди, — дейди “Юрт келажаги” республика иқтидорли ёшлар танловининг рационализаторлик таклифлар йўналиши ғолиби Моҳигул Шукурова. —  Чунки бугун Ўзбекистон фарзандлари салоҳиятига жаҳондаги кўплаб давлатлар ҳавас қилмоқда. Мен ҳам ана шу йигит-қизлардан бири бўлиш учун ўз олдимга янада юксак мақсадларни қўйишим, янада кўпроқ ўқиб-ўрганишим кераклигини англадим.
Ёшларнинг ҳуқуқий билимини юксалтириш, қонунларимиз мазмун-моҳиятини улар ўртасида кенг тарғиб этиш ҳам бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир. Шу нуқтаи назардан иқтидорли ёшлар Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси, Конституциявий суд, Олий суд фаолияти билан яқиндан таништирилди. Ўз навбатида, улар қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти вазифалари ҳақидаги билимларини янада мустаҳкамлашди.
Фестиваль доирасидаги тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бўлиб ўтди. Бу ерда ёшлар дастлаб мазкур муассасанинг фаолияти билан яқиндан танишди. Шундан сўнг иқтидорли йигит-қизлар учун Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобининг тақдимоти ўтказилди.
“Истиқлол фарзандлари” фестивали “Туркистон” саройининг ёзги саҳнасида таниқли санъаткорлар ва ёшлар иштирокидаги гала-концерт билан якунланди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn