Совриндорлар тақдирланди
Версия для печати
  • 22 Август 2015

Совриндорлар тақдирланди

Ватан мадҳи, истиқлол тараннуми. Бу — ижодкорни илҳомлантирувчи мўъжизакор куч. Шу боис ана шу мавзуда яратилган асарлар китобхону ўқувчилар, томошабину тингловчилар қалбидан чуқур жой олади, уларни юртни севишга, тинчлик ва осойишталикни қадрлашга ундайди.

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбирда ана шундай сара ижод намуналари алоҳида эътироф этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, турли вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Бадиий академия, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ўтказилган мазкур танлов “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этгани ҳолда, Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги руҳига мос равишда ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар истиқлол йилларида ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз эркинлигини таъминлаш, журналист масъулиятини ошириш, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини қайд этдилар.
“Энг улуғ, энг азиз” танлови бадиий асарлар, босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари, телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари, тасвирий ҳамда кино санъати асарлари йўналишларида ўтказилди. Унинг республика босқичига 376 нафар иштирокчининг 4880 ижодий иши қабул қилинди.
Тақдирлаш маросимида ҳар бир йўналиш бўйича 1, 2, 3-ўринлар ғолиблари ҳамда рағбатлантирувчи мукофот соҳибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn