Меҳнат муҳофазаси — доимий эътиборда
  • 22 Август 2015

Меҳнат муҳофазаси — доимий эътиборда

Пойтахтимизда Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаларининг қурултойи бўлиб ўтди. Унда Республика Кенгаши ҳисоботи тингланди ҳамда делегатлар томонидан баҳоланди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз иқтисодиётининг барча жабҳасида бўлгани каби кимё ва фармацевтика соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, муайян ютуқ ҳамда натижаларга эришилмоқда. Бунда, албатта, тармоқдаги корхона ва ташкилотларда ходимларнинг самарали меҳнат қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани муҳим омил бўлаётир.
Бугунги кунда Республика Кенгаши тизимига кирувчи вазирлик, идора, ташкилот ва корхоналарда 50 мингдан зиёд касаба уюшмаси аъзолари бор. Уларнинг ижтимоий ҳимояси, меҳнат муҳофазасини таъминлаш ҳамда оила аъзоларини спорт-соғломлаштиришга жалб қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилаяпти. Аҳоли фаровонлигини ошириш, турмуш даражасини юксалтириш, инсон манфаатларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби долзарб вазифаларга йўналтирилган дастурлар ижросида ҳам касаба уюшмалари фаол иштирок этмоқда.
Тадбирда сўз олган делегатлар касаба уюшма ташкилотлари томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш масалаларига алоҳида тўхталдилар. Хусусан, йирик корхоналарда меҳнат қилаётган аёллар меҳнатини муҳофаза этиш масаласи таҳлил қилинди. Айни чоғда иш ўринларини аттестациядан ўтказиш, цех ва участкалар бўйича меҳнат шароитини янада яхшилаш, касаба уюшма ташкилоти роли ва ўрнини ошириш, ҳуқуқий маслаҳатхоналар фаолиятини кучайтириш, ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича тегишли таклифлар билдирилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn