Ташаббус, шижоат ва рағбат
Версия для печати
  • 21 Август 2015

Ташаббус, шижоат ва рағбат

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида иқтидорли ҳамда фаол йигит-қизларга “Камолот” уйлари топширилмоқда.

Мустақиллик йилларида билимли, жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни -вояга етказиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Улкан илмий ва интеллектуал салоҳиятга, юксак маънавиятга эга ўғил-қизларни тарбиялаш тизими шакллантирилди. Бинобарин, навқирон авлод вакилларининг жамиятдан муносиб ўрин эгаллашлари учун уларнинг турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётир. -Бунда Президентимизнинг 2007 йил 18 майдаги “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрда қабул қилинган “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғри-сида”ги қарорлари муҳим дастуриламал бўлаётир.
Хусусан, мустақиллигимизнинг 24 йиллик шодиёналари шукуҳи кезиб юрган айни кунларда Қашқадарё вилоятининг Муборак, Шаҳрисабз туманларида 48 хонадонли ҳамда Қарши шаҳрида 64 хонадонли кўп қаватли “Камолот” уйлари қуриб битказилиб, ёш оилаларга тантанали топширилмоқда. 
— Бундай имконият ва қулайликлар фарзандларимизни соғлом ва билимли этиб тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этади, — дейди янги уй соҳибаларидан бири, Шаҳрисабз шаҳридаги 2-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси, мусиқа йўналишида бир неча танловлар совриндори Юлдуз Назарова. — Бу давлатимиз томонидан биз, ёш оилаларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг амалдаги ифодасидир. Бунга жавобан фидокорона -меҳнат қилиб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшамиз.
— Бугун ҳаётимизда унутилмас кун, — дейди “Жасорат” медали соҳиби Бекзод Тўраев. — Вилоятимизда ёш оилалар учун қурилган “Камолот” уйидаги хонадонлардан бири бизга -насиб этди. Тураржойимиз жуда шинам экан. Бунинг учун давлатимиздан миннатдормиз.
“Камолот” уйларини тантанали топширишга бағишлаб ўтказилган маросимда навқирон авлод учун кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик уларнинг Ватан равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишлари, ўқиб-изланишлари учун юксак рағбат эканлиги таъкидланди.


Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


СУРАТДА: Шаҳрисабз туманида  истиқомат қилувчи Шерзод Нурбобоев ва Юлдуз Назарова фарзандлари “Камолот” уйида яйраб яшаётганидан жуда  хурсанд.


Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn