Тест натижалари эълон қилинди
Версия для печати
  • 21 Август 2015

Тест натижалари эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул бўйича Давлат комиссияси мамлакатимиз олий ўқув юртларида бўлиб ўтган қабул имтиҳонлари натижаларини тасдиқлади.

Қайд этиш жоизки, Президентимизнинг шу йил 23 июндаги “2015/2016 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий ўқув йилида олий таълимнинг бакалавриат йўналиши учун 57 907 ўрин ажратилди. Шулардан 19 120 нафари давлат гранти, 38 787 нафари эса тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилиниши кўзда тутилган.
Тошкент кимё-технология институти (Қўнғирот бўлими)нинг махсус сиртқи бўлимига давлат гранти бўйича 65 нафар талаба ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимига 50 нафар талаба тўлов-контракт асосида қабул қилинади.
Мазкур йилда республикамиздаги университет ва институтлар қабул комиссияларига 605 минг 836 нафар йигит-қиз ҳужжат топширди. Бир ўринга ўртача танлов 10,45 тани ташкил қилди.
Биз Тошкент автомобиль- йўллар институтига борганимизда, бу ерда тест синовидан муваффақиятли ўтган кўплаб йигит-қизлар, ота-оналарнинг хурсандчилигию ҳаяжонига гувоҳ бўлдик.
— Пухта билим олган, изланган одам, албатта, ўз мақсадига етишига бугун яна бир карра амин бўлдим, — дейди мазкур олий ўқув юртининг талабалигига муяссар бўлган қибрайлик Дилнавоз Аҳмедова. — 168,2 балл билан давлат грантига қабул қилинибман. Эндиги ниятим, аъло ўқиб, келгусида Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган мутахассис бўлиб етишишдир.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, юртимизда тест жавобларини олий ўқув юртига келмасдан ҳам билиш имконияти яратилган. Бу қўшимча хизмат талабаликка даъвогарлару уларнинг яқинларига қулайлик туғдирмоқда. Хусусан, абитуриентлар тест имтиҳонлари жавоблари билан нафақат ўзлари ҳужжат топширган олий ўқув юртларида махсус ўрнатилган стендлар -орқали, балки “SMS”  ва “Click” хизмати орқали ҳам танишишлари мумкин. Қолаверса, интернетдаги http://result2015.dtm.uz/ манзилидан ҳам тест натижаларини билса бўлади.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn