Санъат гулшанининг ниҳоллари
Версия для печати
  • 21 Август 2015

Санъат гулшанининг ниҳоллари

Кеча “Истиқлол” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун таъсис этилган “Ниҳол” мукофотини топширишга бағишланган тантанали тадбир ва гала-концерт бўлиб ўтди.

Унда тегишли вазирлик ҳамда идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари, санъат соҳасига ихтисослаштирилган олий ҳамда ўрта махсус таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ёшлар қатнашди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида, юксак маънавий фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш мақсадида мусиқа санъатини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.
2000 йилда таъсис этилган “Ниҳол” мукофоти билан эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, рақс ва опера санъати ижрочилиги йўналишида ижод қилиб, халқимиз эътирофини қозонаётган 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган иқтидорли ёшлар тақдирланмоқда. Ўтган йиллар мобайнида мазкур мукофот билан тақдирланганлар юксак ғамхўрликдан руҳланиб, янада фаол ижод қилишаяпти.
Айтиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 3 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофоти танловини ташкиллаштириш ишларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан, мазкур кўрик икки йилда бир марта ўтказилаётир. Бу эса юртимизнинг барча ҳудудида ижод қилаётган йигит-қизларни саралаб олиш, ғоявий-бадиий юксак савиядаги янги қўшиқлар ва мусиқий асарлар яратишга туртки бермоқда.
Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар саралаш -босқичлари 2014 йилнинг 31 октябридан 29 ноябригача ўтказилиб, унда 940 нафар ёш қатнашди. Жорий йилнинг 8 — 11 июль кунлари Ўзбекистон давлат консерваториясида бўлиб ўтган танловнинг республика босқичида 172 нафар иштирокчи мумтоз қўшиқ, мусиқа ижрочилиги, -эстрада, опера, рақс бўйича ўз маҳоратини намойиш қилди.
— Тинч ва фаровон, обод юртдагина санъат, маданият, илм-фан равнақ топади, — дейди “Ниҳол” мукофоти совриндори Шаҳзодбек Собиржонов. — Энг муҳими, мамлакатимизда биз, ёшларга барча имконият яратилган. Бу истеъдодимизни янада кенг намоён этишга, шу азиз Ватанимиз ривожи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга, бири-биридан гўзал мусиқий асарлар яратишга ундайди.
Санъат усталари ва “Ниҳол” мукофотининг бу йилги совриндорлари иштирокида гала-концерт намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Ҳодиев сўзга чиқди.


Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn