Истиқлол фарзандлари
  • 20 Август 2015

Истиқлол фарзандлари

Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги муносабати билан пойтахтимизда шу номда ёшлар фестивали бошланди. Мустақиллик шарофати билан мамлакатимизда фан, таълим-тарбияга бўлган эътибор тубдан ўзгарди.

Президентимизнинг беқиёс ғамхўрликлари туфайли ёшларимизнинг баркамол бўлиб улғайишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилмоқда. “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури эртамиз эгаларининг замонавий стандартлар асосида таълим-тарбия олиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришида муҳим аҳамият касб этаяпти.
Бунинг самараси ўлароқ, сўнгги йилларда кенг дунёқарашга, қатъий ишонч ва эътиқодга эга, мустақил фикрлайдиган, Ватанимизнинг янада равнақ топиши учун муносиб ҳисса қўшишга интилаётган янги авлод мутахассислари тайёрланди. Кўплаб йигит-қизларимизнинг турли халқаро мусобақалар, фан олимпиадаларида улкан муваффақиятларни қўлга киритаётгани эса барчамизга алоҳида ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги муносабати билан кеча пойтахтимизда бошланган “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остидаги “Истиқлол фарзандлари” деб номланган ёшлар фестивали ҳам баркамол авлодни қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу тадбирлардан биридир.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу фестивалда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиблари, халқаро олимпиадалар, турли спорт мусобақалари, танловлар ғолиблари, фаол ёшлар қатнашмоқда.
Тадбирнинг биринчи куни юртимизнинг Бош майдонидаги Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида бунёд этилган бу ердаги ҳар бир иншоот ёшларда катта таассурот қолдирди.
— Энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги шодиёналари арафасида “Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивалининг ўтказилаётганидан жуда мамнунмиз, — дейди спортнинг таэквондо бўйича тўққиз карра Ўзбекистон, икки карра Осиё, икки карра жаҳон чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Дилбархон Холжигитова. — Ушбу анжуман жонажон Ўзбекистонимизда биз, ёшларга жуда катта имкониятлар яратиб берилаётганининг бир ифодасидир. Бизнинг Ватанимиз олдида адо этишимиз керак бўлган бурч, қилажак хизматларимиз ҳали жуда кўп. Юртимиз тараққиётига муносиб улуш қўшиш биз, ёшларнинг энг улуғ мақсадимиз ҳисобланади.
Фестиваль иштирокчилари Ёшлар ижод саройида ташкил этилган “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам!” мавзуидаги ижодий ишлар, инновацион ва бизнес ғоялар тақдимоти ҳамда “Ватанимга муҳаббатим изҳори” номли акция якунига бағишланган кўргазмада ҳам қатнашдилар. Қўл меҳнати ва қалб қўри билан ясалган ҳар бир ижод намунаси йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, турли ранглар жилосини ўзида акс эттирган миллий либослар, имконияти чекланган болалар марказлари ўқувчиларининг иқтидорини намоён қилувчи расмлар, нақшинкор санъат асарлари ва ҳайкалтарошлик намуналари иштирокчиларда ёрқин таассурот қолдирди.
Шунингдек, тадбир дастуридан ўрин олган “Ўзбекистон ёшларининг рекордлари” мавзуидаги тақдимот, истеъдодли йигит-қизлар билан ўтказилган учрашув ҳам ўзига хос унутилмас онларни тақдим этди.
Фестивалнинг дастлабки куни Ёшлар ижод саройида ўтказилган Ёшлар йиғма симфоник оркестри ва иқтидорли ёш опера ижрочиларининг гала-концерти билан якунланди.
Ёшлар фестивали 22 августга қадар давом этади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn