Ҳамжиҳатлик ва бунёдкорлик шу йилнинг 22-23 август кунлари бўлиб ўтадиган умумхалқ хайрия ҳашарида ўз ифодасини топади
  • 20 Август 2015

Ҳамжиҳатлик ва бунёдкорлик шу йилнинг 22-23 август кунлари бўлиб ўтадиган умумхалқ хайрия ҳашарида ўз ифодасини топади

Яна саноқли кунлардан кейин мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамини нишонлаймиз. Зотан, истиқлол боис ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ҳамда қадр-қимматимиз тикланиб, халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган ва курашган бебаҳо неъмат аҳамиятини теран идрок этаяпмиз.

Босиб ўтилаётган оғир ҳамда машаққатли, айни пайтда шарафли бўлган бу йўлда улкан ютуқларни қўлга киритиб, юксак марраларни забт этаяпмиз.
Шу кунларда юртимиз барча ҳудудида энг улуғ, энг азиз айёмга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан жорий йилнинг август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги сифатида эълон қилинган. Шу муносабат билан жойларда бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари жадал тус олди. 22-23 август кунлари бўлиб ўтадиган умумхалқ хайрия ҳашарида бу борадаги тадбирлар кўлами янада кенгайиши, шубҳасиз.
Истиқлол шарофати билан миллий урф-одатларимиз ҳамда улар замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, инсонни улуғлаш, ижтимоий ҳаётда вужудга келаётган турли масалаларни биргалашиб ҳал этиш каби ибратли қадриятлар тобора мустаҳкамланмоқда.
Бу борада, айниқса, янгича маъно-мазмун касб этган ҳашарнинг аҳамияти юқори. Зеро, ҳашар туфайли гўзал диёримизнинг ҳар бир гўшаси — қишлоғу шаҳарларимизда изчил амалга оширилаётган эзгу ишлар кенг қулоч ёзади, ҳудудларимиз обод қилиниб, ораста кўринишга келтирилади, янги иншоотлар фойдаланишга топширилиб, кўплаб иш ўринлари яратилади. Эҳтиёжманд инсонлар, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари ва ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, уларга давлат ҳамда жамоат ташкилотлари томонидан моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади.
Дарҳақиқат, давлатимиз мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтадиган умумхалқ хайрия ҳашари олдидан юртимиздаги барча ташкилот, корхона ҳамда муассасаларда мазкур тадбирни пухта ташкил этиш ва юқори савияда ўтказишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ҳамда ҳудудий тузилмалари ва республикамиздаги 10 мингга яқин фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан ҳашар кунлари амалга ошириладиган кенг кўламли вазифалар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ҳамда ҳовлилар атрофларини, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонларни ҳамда кўча ва йўлакларни тартибга келтириш, дарахтларга шакл бериш, ҳудудларни маиший ҳамда қурилиш чиқиндиларидан тозалаш ва бошқа юмушлар бажарилади.
Айнан ҳашар кунлари маҳалла муҳитида шаклланган ҳамда бугунги кунда ривожланиб бораётган ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш, етим-есирларга янада кўпроқ ғамхўрлик кўрсатиш каби халқимизга хос эзгу анъаналар кенг ифодасини топади.
— Мустақиллик — бебаҳо неъмат. Ҳар биримиз учун унинг қадри юксак, аҳамияти беқиёс, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг ўринбосари Д. Усманов. — Энг улуғ, энг азиз байрамимиз олдидан ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарида 17,5 миллион нафарга яқин киши, жумладан, 10 миллион нафардан зиёд ёшларнинг иштирок этиши кутилаётгани ҳам ана шундан далолатдир. Уларнинг ёрдами билан кўчалар, йўл ва майдонлар ободонлаштирилади, ариқ ҳамда лотоклар тозаланади, дарахтларга шакл берилади. Эҳтиёжманд оилаларга, ногирон ва ёлғиз қарияларга моддий ёрдамлар кўрсатилади. Айни чоғда юртдошларимизга байрам туҳфаси сифатида маиший хизмат шохобчалари, ишлаб чиқариш цехлари, маҳалла гузарлари ҳамда болалар спорт майдончалари ишга туширилади.
Мазкур тадбирда ёшларнинг фаол қатнашиши кутилаётгани, айниқса, эътиборга молик. Ҳашар фарзандларимиз қалбида она-Ватанга ва истиқлол ғояларига садоқат, миллий урф-одат ҳамда қадриятларимизга ҳурмат, бир-бирига кўмаклашиш, инсонпарварлик каби эзгу туйғуларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Умумхалқ хайрия ҳашаридан тушадиган маблағларнинг аксарият қисми “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини изчиллик билан давом эттиришга йўналтирилади.
Мухтасар айтганда, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, яратувчанлик каби эзгу ғояларни ўзида мужассамлаштирган умумхалқ хайрия ҳашари кунлари қишлоқ ва шаҳарларимиз янада обод бўлади, кўнгилларга қувонч улашилади, савобли амаллар кўлами кенгаяди. Пировардида мустақиллик байрамини обод манзилларда, кўтаринки кайфиятда кутиб оламиз.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn