Миллий электрон суд иш юритуви тизими кенгаймоқда
  • 20 Август 2015

Миллий электрон суд иш юритуви тизими кенгаймоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида “E-Sud” миллий электрон суд иш юритуви тизими жорий этилган судларга оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил қилинди.

Тадбирда сўз олганлар юртимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар — суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, соҳага оид қонунчиликни либераллаштириш, тизимни бугунги кун талаби даражасида демократлаштириш ҳамда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш, пировардида эса инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар бугун юқори самара бераётганлигини алоҳида таъкидлашди. Бу борада, албатта, мамлакатимизда давлат бошқаруви соҳасини ахборотлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асоси тўлиқ шакллантирилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йил 10 июнь куни эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, фуқароларнинг судга ариза ва илтимосномаларни электрон шаклда юбориш тартиб-таомиллари белгиланди.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 декабрдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан БМТ Тараққиёт дастури ваколатхонаси билан ҳамкорликда “E-Sud” миллий электрон суд иш юритуви тизими ишлаб чиқилди ва амалиётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда. Бу тизимнинг асосий вазифаси суд электрон хизматларини шакллантириш, судлар очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш ҳамда улар фаолиятига электрон ҳужжатлар алмашинувини жорий қилишдан иборат бўлиб, айни чоғда у ўзини ҳар жиҳатдан оқламоқда.
— “E-Sud” миллий электрон суд иш юритуви тизими фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судида синовдан муваффақиятли ўтди, — дейди қўшма лойиҳа миллий координатори Холмўмин Ёдгоров. — Унинг икки йиллик фаолияти давомида жами 40 мингдан зиёд электрон тарздаги аризалар келиб тушди. Жорий йилнинг биринчи ярмида 11 мингга яқин суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза электрон шаклда қабул қилинди ҳамда судда кўриб чиқилди.
Лойиҳа экспертлари ушбу тизимнинг биринчи инстанция кўламини янада кенгайтирди, яъни даъво, шикоят ва махсус иш юритиш бўйича қўшимча функциялар ишлаб чиқдилар ҳамда ҳисоботларни шакллантириш имкониятини яратдилар. Айни чоғда пойтахтимиздаги учта — фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманлараро судлари “E-sud” тизимини йўлга қўйиш мақсадида зарур ускуналар билан жиҳозланди.
Таъкидлаш керакки, судлар фаолиятига АКТни татбиқ қилиш одил судлов очиқлиги ва ошкоралигини, тизимда ҳужжат алмашинуви самарадорлиги ва тезкорлигини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни янада юксалтиришга хизмат қилади.
Пресс-тур доирасида иштирокчилар фуқаролик ишлари бўйича Зангиота ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида бўлиб, “E-Sud” миллий электрон суд иш юритуви тизими билан яқиндан танишдилар. Айни чоғда журналистлар учун маҳорат сабоқлари ҳам ташкил этилди.

З. ХОЛТЎРАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn