Ўзбекистон Озарбайжон оммавий ахборот воситалари нигоҳида
  • 20 Август 2015

Ўзбекистон Озарбайжон оммавий ахборот воситалари нигоҳида

1 сентябрь куни Ўзбекистон ўз давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигини нишонлайди. Ушбу қутлуғ сана арафасида Озарбайжоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари ўзларининг электрон порталларида республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид хабар-мақолаларни чоп этишаётгани кузатилмоқда.

Жумладан, Озарбайжоннинг “Trend” ахборот агентлиги мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида қўлга киритган муваффақиятларига бағишланган мақолани эълон қилди.
Унда қайд этилганидек, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг чуқур ислоҳотлар ўтказиш борасида ўз йўлини танлаб олди ва кейинги 24 йил мобайнида барча соҳада катта ютуқларга эришди. “Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ислоҳотларнинг “ўзбек модели” мазкур муваффақиятларнинг бош омили, амалга оширилаётган кенг қамровли ҳамда тизимли ўзгаришлар асоси бўлиб қолмоқда”.
Тараққиётнинг бу модели беш машҳур тамойилга асосланади. Мақола муаллифи уларнинг ҳар бирини санаб ўтиши баробарида, ушбу тамойиллар юзасидан мухтасар тушунтиришларни ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола этган.
Day.az электрон портали ҳам мамлакатимизга бағишланган материалда Ўзбекистон иқтисодиётида эришилган муваффақиятларга алоҳида эътибор қаратган. Унда таъкидланганидек, “Изчил ўсиб бораётган иқтисодиётга ва юксак салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистон қудратли, саноати ривожланган давлатга айланди. Мамлакатда замонавий юқори технологиялар қўлланилиши ҳисобидан ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 25 фоизга етди. Экспортга мўлжалланган ҳамда рақобатбардош маҳсулотларнинг 60 фоиздан зиёди юқори технологияга асосланган тармоқларда ишлаб чиқарилмоқда”.
Мақолада қайд этилганидек, тарихан қисқа даврда иқтисодиёт 5,5 баробардан зиёд ўсди, аҳолининг аниқ даромадлари жон бошига ҳисоблаганда қарийб 9 баробар ошди. “Ўтган вақт мобайнида миллий иқтисодиётга жалб қилинган 190 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги сармоялар, шу жумладан, 65 миллиард АҚШ долларидан зиёд хорижий сармоялар ҳисобидан автомобилсозлик, нефть ва газ кимё саноати, нефть-газ ҳамда темир йўл машинасозлиги, замонавий қурилиш материаллари, маиший электроника ишлаб чиқариши, фармацевтика, замонавий озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати сингари янги тармоқлар барпо этилди”, дея ёзилади Day.az. ахборот порталида.
Мақолада айтиб ўтилганидек, бугун мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тармоғида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар шаклланди. Фермерлик ҳаракатини ривожлантириш учун кенг йўл очилгани шарофати ўлароқ, айни пайтда юртимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 90-92 фоизи фермер хўжаликлари томонидан етиштирилмоқда.
Ўзбекистон аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжининг катта қисми импорт эвазига қондирилган 1990 йилга таққослаганда, бугунги кунга келиб, зарур маҳсулотларнинг 96 фоизини ички ишлаб чиқариш таъминламоқда.
“Шу билан бирга, — деб ёзилади Day.az ахборот порталида, — кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги ҳиссаси 56 фоиздан зиёдни ташкил этаяпти. Бу соҳада иш билан банд аҳолининг 75-77 фоизи меҳнат қилмоқда”.
Report.az электрон саҳифасида эълон қилинган бошқа бир мақолада ҳам республикамизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар туфайли жамиятнинг барқарор ва изчил ривожланиши, аҳоли турмуш даражасининг юксалиши таъминланаётгани қайд этилган. Унда ҳар йили Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи соғлиқни сақлаш, таълим, коммунал хўжалиги ва аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ бошқа соҳаларга йўналтирилаётгани алоҳида таъкидланган. Аҳолининг репродуктив саломатлигини, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза этишга ажратилаётган маблағлар оналар ўлимини икки баравардан зиёд, болалар ўлимини уч баравар камайтириш имконини берди. Ирсий ва туғма нуқсонли болалар туғилиши икки баравар камайди.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида ўртача умр кўриш 7,5 йилга (66 ёшдан 73,5 ёшга) ошди, бунда аёлларнинг ўртача умр кечириши 75 ёшни ташкил қилмоқда.
Мақолада муайян ижтимоий соҳага давлат ва жамият томонидан катта эътибор қаратилгани ҳолда, ҳар бир йилга ном берилиши Ўзбекистонда яхши анъанага айлангани хусусида ҳам атрофлича фикр юритилган. Муаллиф Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2015 йил мамлакатда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани ҳақида тўхталар экан, кексалар, авваламбор, фашизм устидан қозонилган ўалаба ҳамда Ватанимизни қайта тиклашга муносиб ҳисса қўшган 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ёши улуғ инсонлар, биринчи навбатда, ёлғиз қариялар ва ногиронларга кўрсатиладиган ижтимоий ҳамда маиший хизматлар рўйхатининг кенгайганини таъкидлайди. “Қабул қилинган Давлат дастури доирасида 2,25 триллион сўм миқдорида (229,6 миллион АҚШ долларига тенг) маблағ ажратилган”, дея хабар берилади нашрда.
“Интерфакс-Озарбайжон” ахборот порталида ёритилган мақолада эса давлатимиз томонидан соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида атрофлича фикр юритилган. Сўнгги беш йил мобайнида 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилди, 523 та спорт иншооти ҳамда 100 дан зиёд сузиш ҳавзалари қурилди. Бугунги кунда уларда 2 миллион нафардан зиёд ёшлар, жумладан, 840 минг нафардан ортиқ қизлар спорт билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.
Мақолада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” мавзуида ўтказилган тадқиқот натижалари ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган. “Ушбу тадқиқотга кўра, Ўзбекистон “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” рейтингида 158 мамлакат орасида 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллаган”, дея таъкидланади “Интерфакс-Озарбайжон” ахборот порталида эълон қилинган мақолада.
Озарбайжоннинг “Ethnoglobus” ахборот агентлиги ҳам ўз муштарийларига юртимиз аҳолиси ўртасида соғлом турмуш тарзининг юксалиб бораётганини билдириб, мамлакатимиз умумтаълим мактаблари ҳузурида фаолият кўрсатаётган фан тўгараклари ва спорт секцияларида 482,1 мингдан зиёд болалар шуғулланаётганини қайд этади. “Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида мактаблар ҳамда маҳаллаларда 6,5 мингдан ортиқ спорт секциялари ишлаб турибди. Спортга жалб этилган болаларнинг умумий миқдори 12,3 фоиздан ошади”, дея ёзилади мақолада.

«Жаҳон» АА.
Боку

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn