Сўлим хиёбонда кўркам фаввора
  • 20 Август 2015

Сўлим хиёбонда кўркам фаввора

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида жойларда олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари юртимиз чиройига чирой қўшмоқда.

Наманганда реконструкциядан чиқарилиб, янгича қиёфа касб этган  Конституция хиёбони ҳам шаҳар аҳолиси учун айёмга муносиб туҳфа бўлди. Ҳудуднинг гавжум даҳаларидан бирида жойлашган бу гўша эндиликда аввалгидан-да обод масканга айланди. Бу ерда кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, атрофга зеб бериб турган манзарали дарахтлар парваришини яхшилаш мақсадида алоҳида суғориш тизими барпо этилди. Хиёбон атрофи ҳамда ички йўлаклар четига ёритиш воситалари ўрнатилди. Айниқса, мусиқали фаввора масканга янада кўрк бағишлади.
— Қаранг, мусиқа  садолари ва ранг-баранг ёритиш чироқларига уйғун ҳолда отилиб чиқаётган обиҳаёт атрофда микроиқлим ҳосил қилиб, кўнгилга завқ улашади, — дейди Наманган шаҳрилик Дилфуза Каримова. — Унинг заррин жилоларидан дилингиз равшан тортади. Бундай роҳатбахш масканда бўлган кишининг руҳи тетиклашади, жону тани ором олади. Шаҳримизда ана шундай ажойиб фаввора қурилганидан беҳад мамнунмиз.
Айтиш жоизки, бугун вилоят марказида 58 та фаввора ишлаб турибди. Диаметри 18 метр, сув пуркаш баландлиги эса 20 метрни ташкил этувчи мазкур янги иншоот тобора чирой очиб бораётган шаҳар кўркига ўзгача кўрк қўшди. Уни бунёд этиш учун 450 миллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.
Янгиланган хиёбон ва мусиқали фаввора очилишига бағишланган тантанали маросим “Мустақил юрт оқшоми” номли бадиий тадбир  билан ўзгача мазмун касб этди. Унда истиқлол йилларида аҳоли турмуш фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик  юмушлари хусусида сўз юритилди.  Шундан сўнг пойтахтдан ташриф буюрган таниқли санъаткорлар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б. Юсупов қатнашди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn