«Мен Ўзбекистонни севаман!»
Версия для печати
  • 19 Август 2015

«Мен Ўзбекистонни севаман!»

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида олмалиқлик ёш оила соҳиблари — Муқаддасхон ва Умиджон Муродовлар турмушида яна бир қувончли воқеа юз берди. “Мен Ўзбекистонни севаман!” деб номланган вилоят ёшлар фестивалида қатнашган ушбу навқирон авлод вакиллари шаҳар марказида бунёд этилган замонавий “Камолот” уйи эгаларидан бирига айланишди.

Паркент туманининг сўлим “Қўшчинор” истироҳат боғида Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб ўтказилган мазкур анжуман ана шундай бахтли оилаларга замонавий тураржойларнинг калитларини топшириш маросими билан бошланди.
Эртамиз давомчиларини миллий истиқлол ғояларига садоқат, юртга муҳаббат руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ёшларга доир давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида уюштирилган ушбу фестивалда ёш қаламкашлар, илм-фан, маданият ва спорт, шунингдек, тадбиркорлик йўналишида катта муваффақиятларга эришаётган иқтидорли йигит-қизлар ҳамда уларнинг устоз-мураббийлари қатнашди.
— Мустақиллик тенгдошиман, — дейди фестиваль иштирокчиси, қибрайлик ёш тадбиркор Бобуржон Зокиров. — Ҳозир пойтахтимиздаги Турин политехника университетида ўқияпман. Шу билан бирга, шахсий бизнесимга эгаман. Бундан сал аввалроқ уч-тўрт тенгдошим билан бамаслаҳат мўъжазгина корхона очгандик. Ниҳоятда қисқа муддатда илмий асосланган хариталардан фойдаланган ҳолда, турли ўлчамларда Ер шари моделларини ясашни ўзлаштирдик. Ҳозир ишларимиз анча юришиб кетган. Жамоамиз аъзолари сони ҳам йигирма нафардан ошди. Энг муҳими, корхонамиз Президентимиз қарори билан тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастурига киритилди. Унга кўра, муайян имтиёзларга эга бўлдик. Кичик бизнес субъектимиз беш йилга солиқлардан озод қилинди. Ҳозир глобуслардан ташқари, ўқув жараёнида фойдаланиладиган турфа геометрик чизғич ва фигуралар, осма хариталар ишлаб чиқаришни ҳам бошлаганмиз. Бундан ташқари, глобусларнинг бир қисмини экспортга йўналтириш ниятидамиз.
Анжуман доирасида миллий ҳунармандчилик, тасвирий ва амалий санъат ҳамда инновацион ихтирочилик борасида изланишлар олиб бораётган ёшларнинг ижод намуналаридан иборат кўргазма уюштирилди. Шунингдек, ёш тадбиркор ва фермерлар ўз маҳсулотлари тақдимотини ўтказдилар. Республика миқёсидаги турли кўрик-танлов ва беллашувларда юқори натижаларни қўлга киритган иқтидор эгалари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Санъат усталари ҳамда ижрочи ёшлар томонидан тайёрланган концерт дастури кечага алоҳида файз бағишлади.
Фестивалда Тошкент вилояти ҳокими А. Усмонов сўзга чиқди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn