Билим ва иқтидор кўриги
  • 19 Август 2015

Билим ва иқтидор кўриги

Қашқадарё вилоятидаги “Лочин” оромгоҳида “Юрт келажаги — 2015” республика иқтидорли ёшлар танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудидан 419 нафар иқтидорли ўғил-қиз қатнашди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур танлов иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
Тадбирнинг тантанали ёпилиш маросимида сўзга чиққан “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши раиси Б. ўаниев улғайиб келаётган авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, ёшларга жаҳон андозалари даражасида таълим бериш ва жамиятимиздаги ислоҳотлар жараёнида уларнинг фаоллигини янада ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлади.
Айтиш жоизки, иқтидорли ёшлар учун “Лочин”да ўтган ўн кун унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Қатнашчилар ўз лойиҳаларини янада бойитиш билан бирга, турли соҳа мутахассислари иштирокидаги маҳорат дарслари, семинар-тренинглар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан учрашув ҳамда анжуманларда қатнашдилар. Махсус ишлаб чиқилган интерактив дастурлар асосида ўз ғояларини амалиётда қўллаш усулларини ўргандилар.
— Ушбу танлов ёшларнинг илм-фан, санъат ва замонавий технологиялар борасидаги изланишларини муносиб баҳолаш ҳамда келгусидаги фаолиятларида кўмаклашиш мақсадида ҳар йили ўтказиб келинаётир, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Фурқат Норматов. — Унинг якуний босқичини юқори савияда ва байрамона руҳда ташкил этиш учун “Лочин” болалар соғломлаштириш оромгоҳида барча шароит яратилди.
Бу йилги танловда иштирокчилар ўз билим ҳамда маҳоратларини архитектура ва дизайн, ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлари ҳамда техник ишланмалар, миллий ва амалий санъат, бадиий ижод ва публицистика каби ўн олтита йўналиш бўйича намойиш қилишди.
— “Юрт келажаги” танловида рационализаторлик таклифларим билан иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритдим, — дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси Жавоҳир Рустамов. — Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган тенгқурларим билан яқиндан танишиб, мириқиб суҳбатлашдик. Тадбирларда қатнашиб, бир олам таассурот олдик.
Ғолибларни тақдирлаш маросими ижодкор ёшлар ва таниқли эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.

А. МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn