Обод юртнинг бунёдкор ёшлари
  • 14 Август 2015

Обод юртнинг бунёдкор ёшлари

Бугун мамлакатимизнинг барча гўшасида истиқлолнинг 24 йиллик шодиёналарини муносиб кутиб олиш ва ўтказишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Республикамиз ҳудудларида олиб борилаётган бунёдкорликлар ва ободончилик ишлари, айниқса, бу юмушларга камарбаста бўлаётган шижоатли ёшларни кўрганда, кўнглимиз фахру ифтихорга тўлади.

Жумладан, юртимизда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати  Марказий кенгаши томонидан талаба-ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ёзги таътил даврида уларни фойдали меҳнатга жалб этиш мақсадида “Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракати  фаолияти йўлга қўйилганлиги ҳар жиҳатдан ибратлидир.
Чунончи, бошқа жойларда бўлганидек, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Сурхондарё вилояти кенгаши ҳамда Термиз давлат университети томонидан ҳам бу борада бир қатор тадбирлар ишлаб чиқилиб, талабалар учун барча шарт-шароит яратиб берилмоқда.
— Бундан кўзланган асосий мақсад, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Термиз давлат университети  бошланғич ташкилоти етакчиси Музаффар Норқобилов, — ёшларда Ватан равнақи, халқ фаровонлигига йўналтирилган бунёдкорлик туйғусини шакллантиришдан иборат. Эзгуликка йўғрилган бундай ташаббусни амалга ошириш жараёнида ёшлар  билан  фахрийлар, воҳалик таниқли ёзувчи ва шоирлар ўртасида мулоқотлар, учрашувлар ҳам ташкил этилмоқда.
Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг 2005 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга бериладиган имтиёзлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳарбий хизматни ўтаб, қисм қўмондонлигидан тавсиянома олиб қайтган  абитуриентлар учун  катта имкониятлар эшигини очиб берди. Термиз давлат университетининг жисмоний маданият факультети талабаси, “Бунёдкор” ёшлар меҳнат ҳаракати аъзоларидан бири Фазлиддин Қосимов ҳам ана шу имтиёз асосида ўқишга қабул қилинган.
— Ёзги таътилда фойдали меҳнат қилиб, кўп нарсани ўрганаяпмиз, — дейди у. — Қолаверса, ишлаб даромад орттираяпмиз. Бу албатта, оиламиздагилар учун яхшигина ёрдам ҳисобланади.
Бугунги кунда университет талабалари воҳанинг қурилиш ишлари қизғин олиб борилаётган нуқталарида бунёдкорларга яқиндан кўмакдош бўлишмоқда. ўайратли ва шижоаткор ёшларнинг аксарияти воҳадаги “Гавҳар Нур” масъулияти чекланган жамияти, “Термиз тезкор саноат”, “Эл Сурхон Самарқанд”, “Улуғ обод Осиё”, “Термиз таъмир-қурилиш” масъулияти чекланган жамиятлари қурувчилари билан елкама-елка туриб меҳнат қилишмоқда. Шунингдек, университетнинг жисмоний маданият факультети бунёдкор-талабалари Термиз туманининг Солиобод ва Тинчлик маҳаллаларида намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойлар, тарих, иқтисод, филология  факультетлари талабалари эса Термиз шаҳрида бунёд этилаётган кўп қаватли уйлар  қурилишида жонбозлик кўрсатишмоқда.
— Мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрамини нишонлашга тайёргарлик кўрилаётган ҳозирги пайтда талаба-ёшларимизнинг аксарияти  шодиёнага тараддуд ишларига ўз ҳиссаларини қўшиш истагини билдиришди, — дейди Термиз давлат университетининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Ойбек Рўзиев. — Талабалар ёзги таътил давомида ўз ўринларини бунёдкорлик ишларида, деб ҳисоблашган бўлса, уларнинг 100 нафари университетнинг ўзида қолиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш юмушларига кўмаклашишмоқда.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn