Маҳалла танлови — билим ва тажриба мактаби
  • 14 Август 2015

Маҳалла танлови — билим ва тажриба мактаби

Яна саноқли кунлардан кейин мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамини катта шодиёналар билан нишонлаймиз. Зеро, истиқлол туфайли ўзлигимизга қайтдик.

Халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган ва курашган, “мустақиллик” деган бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини бугун теран идрок этаяпмиз, ўтган давр мобайнида босиб ўтган оғир ва машаққатли, айни вақтда шарафли йўлимиз, кенг кўламли ислоҳотларимиз, қўлга киритган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамиятини нафақат юртдошларимиз, балки жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.
Энг улуғ, энг азиз айёмга қизғин ҳозирлик кўрилаётган айни кунларда “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида бўлиб ўтаётган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари ана шу мақсадларга қаратилгани билан алоҳида мазмун-моҳият касб этмоқда.
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида ўтказилган танловнинг Сурхондарё вилояти босқичида тарихан қисқа бўлган йигирма тўрт йил давомида халқимиз томонидан барча жабҳаларда қўлга киритилган улкан ютуқлар ва буларнинг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан маҳалла фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатида шакллантирилди ва ушбу ноёб тузилма бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашмоқда. Ҳозир юртимизда мавжуд 10 мингга яқин фуқаролар йиғинлари томонидан 30 дан зиёд вазифалар муваффақиятли бажариб келинаяпти. Жумладан, тизимда иш юритаётган фаоллар миллий ва умуминсоний қадриятлар — дўстона қўшничилик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ёрдамга муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларида бош-қош бўлишмоқда.
Кўрик-танловнинг вилоят босқичида ана шундай муваффақиятларга эришган ва қуйи босқичларда ғолиб бўлган 14 та фуқаролар йиғини жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан уларнинг ҳудудларда амалга оширган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари ҳамда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва аҳоли осойишталигини сақлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгилаб берилган вазифаларни бажариш борасида қўлга киритган ютуқлари ошкоралик ҳамда адолат мезонлари асосида баҳоланди. Якунда Термиз шаҳридаги “Алпомиш” маҳалла фуқаролар йиғини биринчи ўринни қўлга киритди. Кейинги ўринларни Қумқўрғон туманидаги “Ўзбекистон” ва Сариосиё туманидаги “Шарафобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари эгаллади. 
— Президентимиз раҳнамолигида кўп асрлик тарихга эга бўлган маҳалла институтини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди танлов ғолиби бўлган маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ишқобил Поёнов. — Жумладан, тизим ходимларининг малакасини юксалтириш бўйича ўқув-курслари ташкил этилди. Айни чоғда иш фаолиятимизда қўл келадиган кўплаб услубий адабиёт ва қўлланмалар етказиб берилмоқда. Мазкур танлов ҳам бу борадаги билимларимизни мустаҳкамлашга хизмат қилганини айтиш зарур. Албатта, ушбу билим ва кўникмалар бундан кейинги иш фаолиятимизни янада самарали ташкил этишда қўл келади.
Ўрта Чирчиқ туманида ўтказилган кўрик-танловнинг Тошкент вилояти босқичида маҳалла институтининг ҳаётимизда тутган ўрни, аҳамиятига юксак баҳо берилди. Дарҳақиқат, бугун маҳаллага дахлдор бўлмаган бирор вазифа, бирор юмуш йўқ. Одамлар бир ишни бошлашдан аввал маҳалла фаолларига мурожаат қилади. Жойларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ташаббуси, иштироки ва кўмаги билан ҳал бўлаётган масалалар кўп. Бу, шубҳасиз, истиқлол йилларида маҳалла институтининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришдаги мавқеини янада мустаҳкамлашга қаратилган эътибор шарофатидандир.
Ҳакамлар ҳайъати 18 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан амалга оширилаётган ишларга холис ва ҳаққоний баҳо берди. Натижада Паркент туманидаги “Обжувоз” маҳалла фуқаролар йиғини ғолиб, деб топилди. Ангрен шаҳридаги “Тараққиёт” ва Пискент туманидаги Ойбек номидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари кейинги ўринларга лойиқ кўрилди.
— Маҳаллада ишлаш қанчалик шарафли бўлса, шунчалик масъулиятли ҳамдир, — дейди Ангрен шаҳридаги “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Тенглашев. — Маҳалламизда 2400 га яқин оилалар, 5 мингдан ортиқ аҳоли бор. Доимо уларнинг қувончу ташвишларига шерикмиз. Очиғи, бугун она-Ватанимиз юртдошларимиз азму шижоати билан гуллаб-яшнамоқда. Оилаларда фаровонлик, файз-барака бор. Тўйлар тўйларга уланаяпти. Фарзандлар камолидан мамнунмиз. Шуларни кўрганда, кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, деган ўй кўнглимиздан ўтади.
Танловнинг Жиззах вилояти босқичида иштирок этган 13 та маҳалла фуқаролар йиғинининг бошқа кўрсаткичлари баробарида, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун шарт-шароит яратиш борасидаги ишлари, шунингдек, улар фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар, маслаҳат марказлари, “Ота-оналар университетлари”, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” билан ҳамкорлиги  атрофлича ўрганилди.
Иш фаолияти давомида юқори натижаларга эришган Жиззах шаҳридаги “Қипчоқ” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси ғолиб бўлди. Кейинги ўринларни эса Жиззах туманидаги “Қаҳрамон” ҳамда ўаллаорол туманидаги ўафур ўулом номидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари банд этди.
— Истиқлол йилларида халқимизнинг дунёқараши ва турмуш даражаси юксалди, — дейди “Қипчоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тўлқин Тўрақулов. — Буни маҳалламиз ҳудудида истиқомат қилаётган 3054 нафар кишининг ҳаёт тарзи ва интилишлари мисолида кўриш мумкин. Уларнинг ёрдамида Давлат дастури доирасида ҳудудимизда 2,5 гектарлик Қариялар боғи ташкил этиб, 3600 туп манзарали, 2 минг туп мевали дарахт кўчати ўтқаздик. Жиноятчиликнинг олдини олиш, маҳалла ёшларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни иш билан таъминлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлашда ҳам уларнинг кўмагига таянамиз. Шу ҳамкорлик самараси ўлароқ, танловда муваффақият қозондик. Бу эса зиммамиздаги масъулиятни янада оширади.
Кўрик-танловнинг Навоий вилояти босқичида сўз олганлар томонидан алоҳида қайд этилганидек, Юртбошимиз раҳнамолигида маҳалла институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг аҳоли фаровонлигини юксалтириш, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлашдаги ролини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар бугун ўз самарасини бермоқда. Буни танловда иштирок этган 10 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фаолияти мисолида яққол кузатиш мумкин. Уларнинг жойларда амалга ошираётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳамда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўналишларидаги фаолияти, айниқса, тадбир қатнашчилари ва ҳакамлар ҳайъатида илиқ таассурот қолдирди.
— Мазкур танлов фаолиятимизни янада такомиллаштириш билан бирга, фаол фуқаролар йиғинлари билан ўзаро тажриба алмашиш, уларнинг илғор иш тажрибаларини ўзлаштиришимизда айни муддао бўлди, — дейди Навбаҳор туманидаги “Қоровултепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилшод Очилов. — Айни чоғда бажарган ишларимизни сарҳисоб қилдик ҳамда эътиборимиздан четда қолаётган, ҳал қилишимиз керак бўлган вазифаларни белгилаб олдик.
Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, “Қоровултепа” маҳалла фуқаролар йиғини биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар эса Нурота туманидаги “Миришкор” ва Кармана туманидаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинларига насиб этди.
Бугун Бухоро вилоятида 558 та фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи самарали фаолият юритмоқда. Шу йилнинг биринчи ярмида улар томонидан ҳамкор ташкилотлар кўмагида 4 мингга яқин маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасида 2 минг 258 та, “Ота-оналар университетлари” томонидан 2 минг 400 га яқин, тўй-ҳашам ва бошқа маросимларни ихчам тарзда ўтказиш бўйича 5 мингдан зиёд турли тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Айни чоғда маҳаллаларда 2 мингдан зиёд тадбиркорлик ва оилавий бизнес субъектлари фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, 2 минг нафарга яқин фуқароларнинг ишга жойлашишига кўмак берилди.
Бундай натижаларни қўлга киритишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларида тўпланган тажриба ва илғор иш услубларини кенг оммалаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур танлов шу нуқтаи назардан фойдали бўлаяпти. Тадбирнинг очилишида сўз олганлар буни алоҳида таъкидлашди.
— Самимий ва қизғин руҳда ўтган кўрик-танлов иш фаолиятимиз самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади, — дейди Вобкент туманидаги “Шакаркент” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мансур Холов. — Ҳудудимизда 3780 нафар киши яшайди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни кенг ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда ёшлар тарбияси каби масалалар доимий эътиборимизда. Йигирмадан зиёд хонадон ўз томорқасида лимон етиштириш билан машғул, 3 та тикув цехида 50 нафарга яқин хотин-қизлар меҳнат қилаяпти. Маҳалла фаоллари саъй-ҳаракати билан кейинги йилларда ҳудудимизда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари умуман қайд этилмади.
Танлов асносида иштирокчи фуқаролар йиғинларининг ана шундай ютуқ ва натижалари таҳлил қилинди. Пировардида Жондор туманидаги “Жондор” маҳалла фуқаролар йиғини биринчи ўринни эгаллади. ўиждувон туманидаги “Хатча” ҳамда Когон туманидаги “Туткунда” маҳалла фуқаролар йиғинлари кейинги ўринларга муносиб, деб топилди.
ўолибларга “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.
Тадбирлар доирасида иштирокчилар иш фаолиятига оид кўргазмалар ҳам бўлиб ўтди.
Танловнинг ҳудудий босқичлари якунланди.

Нормурод ТЕМИРОВ,
Fайрат ШЕРАЛИЕВ,
Тожиддин ҚАМАРОВ,
Азамат ЗАРИПОВ,
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn