Фаровон заминда яшаш саодати
  • 14 Август 2015

Фаровон заминда яшаш саодати

Юртдошларимизнинг мутлақ катта қисми — 99,4 фоизи истиқлол йилларида қўлга киритилган ютуқлардан чексиз ғурурланади.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида фуқароларимизнинг кайфиятини билиш, уларнинг мамлакат ва жамият ҳаётининг муҳим соҳаларидаги ислоҳотларга бераётган баҳосини таҳлил этиш мақсадида “Ўзбекистон: мустақилликнинг 24 йили” мавзуида ўтказилган социологик тадқиқотда шулар маълум бўлди. Унда диёримизнинг барча ҳудудидан юртдошларимиз — шаҳару қишлоқлар аҳолиси, эркаклар ва аёллар, кексалар ва ёшлар, турли миллат, эътиқод вакиллари қатнашди.
Сўровга кўра, халқимиз мустақиллигимизнинг 24 йиллигини юқори кайфият, катта қувонч, она-Ватанидан фахрланиш, келажакка комил ишонч ҳисси билан кутиб олмоқда. Респондентларнинг 99,2 фоизи мамлакатимиз дунёда муносиб ўрнини топиб, одамлар учун миллати ва ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, фаровон ҳаёт шароити таъминланган давлат сифатида халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган, деб ҳисоблайди. Аҳолининг турли ижтимоий қатлами, элат ва ёш гуруҳларига мансуб кўпчилик ўзбекистонликлар юртимизнинг буюк келажаги, гуллаб-яшнаши, тинчлиги, хотиржамлиги ва барқарор тараққиётига ишонади. Уларнинг фикрича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида оддий одамларга ғамхўрлик кўрсатиш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишдек эзгу мақсад мужассамдир.
Марказ социологлари натижаларни шарҳлаб берар экан, аҳолининг мустақиллик тушунчасини ўзликни англаш билан узвий боғлаши муҳим қадриятга айланганини билдирдилар.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, одамлар иқтисодий ислоҳотларнинг ҳаётни яхши томонга ўзгартиришдаги самараларини ўзларида ҳис этмоқдалар. 92,7 фоиз оилаларнинг билдиришига қараганда, 2015 йилда уларнинг уй-жой ҳамда маиший шароитлари сезиларли даражада яхшиланиб, ижтимоий мақоми кўтарилган, фуқаролик ҳуқуқлари, шахсий хавфсизлиги янада яхши таъминланган. Бундан ташқари, ахборот олиш ва ундан фойдаланиш имкониятлари кенгайган. Айни пайтда одамларнинг нафақат мамлакат ичида, балки унинг ташқарисига саёҳат қилиши кўпайган. Сўровда қатнашганлар тез-тез зиёратгоҳларга ташриф буюраётгани, миллий урф-одат ва удумларга риоя этаётгани, тантаналарда қатнашаётганини мамнуният билан таъкидлашган.
“Ижтимоий фикр” маркази мутахассислари ушбу маълумотларни мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари ва глобал майдондаги мустаҳкам ўрни билан боғлайдилар. Бинобарин, аҳолининг мутлақ кўпчилиги давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар стратегиясини тўғри ҳамда самарали, деб билади. Тадқиқотда аниқландики, Ўзбекистон халқи ўз қадр-қимматини тўлиқ англаб, келажаги, ким ва нима учун меҳнат қилаётгани, яшаётганини ўзи учун аниқ тасаввур қилади.
Бинобарин, одамларнинг қарийб 97 фоизи иқтисодий ўсиш суръатлари, шахсий хавфсизлиги даражаси, тиббиёт, транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятлари, фуқаролик ҳуқуқлари ҳамда эркинликларининг таъминланганлигидан қониқиш ҳосил қилади. Айни чоғда Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама равнақ топтириш, атроф-муҳит муҳофазаси, таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар кенг қўллаб-қувватланаяпти. Фуқароларнинг қайд этишича,  Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ноёб дастуриламал ҳужжат бўлиб, унинг амалга оширилиши салмоқли натижалар бермоқда. Пировардида янада кўпроқ ёшлар олий таълим олишга интилаётир. Олий таълимнинг нуфузи, маълумотларга кўра, ўтган беш йилда олти фоиз ошган.
Ижтимоий сўров давомида респондентлар билдириб ўтганларидек, устувор ахлоқий тамойиллар жабҳасида сезиларли даражада ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Истиқлол йилларида оила ва жамиятда аёлларнинг тутган ўрни мустаҳкамланди, оналик ва болалик муҳофазаси янада тўлиқ таъминланмоқда. Тадқиқотда иштирок этганларнинг кўпчилиги ёши катталарга ҳурмат янада ошганини қайд этиб, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида рўёбга чиқарилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирган.
Яна шу маълум бўлдики, фуқароларнинг оила, жамият, мамлакат олдидаги шахсий масъулияти, давлат ишларида иштирок этишдаги фаоллашув даражасида ўсиш тенденцияси кўзга ташланмоқда. Тадқиқотга кўра, мустақиллик йилларида ҳамюртларимизнинг қонунларга муносабати энг юқори баҳони олган. Ушбу натижаларни “The World Justice Project” халқаро мустақил ташкилоти хулосалари ҳам тасдиқлайди. Унга мувофиқ, қонун устуворлигининг асосий кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон дунёда бешта етакчи давлатдан бири сифатида тан олинган.
Тадқиқотга кўра, Ўзбекистоннинг истиқлол йилларидаги изчил тараққиёти, давлатнинг халқаро майдондаги юксак обрўси кўп жиҳатдан мамлакатдаги сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий барқарорлик шарофатидандир. Респондентлар таъкидлаганидек, парламент ва Президент сайловларида иштирок этиш ўзбекистонликларга фуқаролик бурчини бажариш, конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш имконини яратди. Ушбу натижалар халқимизнинг мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовга юксак ишончи собитлигидан далолат бериб турибди.
Социологик тадқиқотда алоҳида урғу қаратилганидек, ўзбекистонликлар давлатимизнинг тинчликсевар сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси бугунги таҳликали замонда осойишталикни асраб-авайлаш, бошқа мамлакатлар билан ўзаро фойдали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳозирги кунда энг муҳим ҳамда долзарб вазифа, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг 90 фоизидан зиёди диёримиздаги барқарорлик, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик мустақиллик йилларидаги энг асосий ютуқлардан бири эканини билдирди. Фикрлар мониторингига қараганда, давлатимиз ўз олдида турган масалаларга муваффақиятли ечим топмоқда ва илғор ҳамда гуллаб-яшнаган мамлакатга айланди.
Сўровдан аён бўлдики, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишда, Ўзбекистоннинг барқарор ҳамда жадал тараққиёт суръатларини чуқур таҳлил қилиб беришда ОАВ катта ўрин тутмоқда. Хусусан, аҳолимиз айнан оммавий ахборот воситалари орқали Бутунжаҳон иқтисодий форуми томонидан энг тез суръатларда ривожланаётган давлатлар ичида Ўзбекистон Ҳиндистон ва Хитойдан ўтиб, бешинчи ўринни эгаллагани тўғрисидаги маълумотдан хабардор бўлди. Ҳамюртларимизнинг фикрича, халқаро экспертлар доирасининг мазкур юқори баҳоси Ўзбекистоннинг жаҳон айвонидаги нуфузини янада кўтаради.
Якунда яна бир бор тўхталиб ўтиш лозимки, истиқлолимизнинг 24 йиллик айёми бўсағасидаги жамоатчилик фикри тадқиқоти аҳоли байрамни кўтаринки кайфиятда қарши олаётганининг ёрқин намойишига айланди. Зеро, халқимизнинг давлатимиз танлаган тараққиёт йўли мутлақо тўғри эканлигига, у оилалар ободлигини янада ошириш, барқарор иқтисодий ўсиш, жамиятда эзгу ўзгаришлар бардавомлигига хизмат қилишига бўлган ишончи мустаҳкамдир.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида
С. ҚОСИМЖОНОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn