Юксак ҳуқуқий маданият — демократик жамият асоси
  • 14 Август 2015

Юксак ҳуқуқий маданият — демократик жамият асоси

Пойтахтимизда “Юксак ҳуқуқий маданият — демократик жамият асоси, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали амалга ошириш кафолати” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), парламент қуйи палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таълим муассасалари ҳамда ОАВ ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, мустақилликка эришган пайтдан бошлаб юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий қадрият сифатида белгилаб олинди. Мазкур энг муҳим демократик принцип Ўзбекистон халқи учун мамлакатимизнинг ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган, бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидан ишонч билан олға боришини таъминлаётган ва тараққиётнинг дунёда ўхшаши бўлмаган ноёб “ўзбек модели” асосидир.
Жамиятда ҳуқуқий маданиятнинг ўсиши ҳамда қонун устуворлиги ва қонунийлик тамойилига содиқлик аҳолининг ҳокимиятга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлашида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўтган даврда мамлакатимизда энг юксак ва илғор халқаро принципларга жавоб бера оладиган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини таъминлайдиган норматив-ҳуқуқий асос яратилди. У Конституция, 16 та кодекс, 400 дан зиёд қонунларни ўз ичига олади. Ўз навбатида, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасига оид 70 дан ортиқ халқаро шартномаларни ратификация қилди.
Фуқароларда демократик ҳуқуқий тафаккурни шакллантириш, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини уларга етказиш мақсадида кенг кўламли ва тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш миллий дастури, давлатимиз раҳбарининг “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги Фармони қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди.
Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш жараёнига давлат органлари ва таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, жумладан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Бош прокуратура жалб этилган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ягона маълумотлар базасини шакллантириш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиши фуқароларга меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланишлари учун катта қулайлик яратди. Бугунги кунда www.lex.uz сайтига 34 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган бўлиб, унга ҳар куни 12 мингдан зиёд фойдаланувчилар ташриф буюрмоқда.
Буларнинг барчаси одамлар дунёқарашини тубдан ўзгартиришга замин яратмоқда. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, аҳолининг жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокига оид ҳуқуқлари кафолатларини кенгайтирувчи янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Хусусан, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун давлат бошқаруви органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳуқуқий маданиятни ошириш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.
Тадбирда фуқароларда ҳуқуқий маданият, давлат ва жамият ўртасидаги манфаатлар мувозанатини таъминлаш бўйича давлат органлари ва таълим муассасалари, жамоатчилик ташкилотлари ҳамда ОАВ олдида турган масалалар ҳар томонлама муҳокама қилинди.
Якунда кўрилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

С. МАХСУМОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn