Ижтимоий ҳимоя ва қонунчилик
Версия для печати
  • 13 Август 2015

Ижтимоий ҳимоя ва қонунчилик

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг қонунчилик асосларига бағишланган анжуман ташкил этилди. Унда давлат бошқаруви органлари, вазирликлар, қўмиталар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Анжуманда қайд этилганидек, ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида халқимизнинг ўртача ёши 1990 йилдаги 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етди. Айни пайтда юртимизда 80, 90 ва юз ёшдан ошган минглаб табаррук қариялар умргузаронлик қилаяпти.
Айтиш ўринлики, давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ёши улуғ инсонлар ҳаётини янада яхшилаш, айниқса, уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни ривожлантириш ишларини янги босқичга кўтарди.
Унда кексаларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатишга йўналтирилган қонунчилик базасини тобора такомиллаштириш ва ушбу мақсадда саккизта қонун ҳужжати лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Ушбу ҳужжатлар ёши улуғ инсонларни, уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан бирга улар учун яратилаётган имтиёзлар қамровини ҳам кенгайтиришга қаратилган.
— Қонун ижодкорлиги доимий ҳаракатдаги жараён бўлиб, давр тақозоси ва тараққиёт туфайли бу борада янги-янги вазифалар қўйилиши табиий, — дейди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Даврон Қаландаров. — “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига мувофиқ қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари пировардида қарияларимизни ижтимоий ҳимоялаш самарадорлигини изчил ошириб боришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn