Ватанга муҳаббат тараннуми
  • 13 Август 2015

Ватанга муҳаббат тараннуми

Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи ниҳоясига етди.

Қибрай туманида “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган мазкур ижодий беллашувда унинг бу йилги ғолиблари адабиёт, матбуот, телевидение ва радио, тасвирий санъат йўналишлари бўйича тақдирланди.
Ватанга муҳаббат ва садоқат кўнгилга ифтихор, завқ ва сурур бахш этувчи туйғулардир. Қўлига қалам олган ижодкор борки, юрт шаънига мадҳ битади, эришаётган оламшумул муваффақиятларимизни тараннум этади. Зотан, мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик, заҳматкаш халқимиз қўлга киритаётган улкан ютуқлар, ижодкорларнинг эмин-эркин фаолият юритишлари учун яратилган шарт-шароитлар адабиёт ва санъат аҳлини илҳомлантираётгани, шубҳасиз.
Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур танлов бу борада ижодий изланишлар олиб бораётган қаламкашлар, мусаввирлар, журналистлар учун муносиб эътибор ва рағбат бўлиб хизмат қилаётганини таъкидладилар.
— Бугун юртимизнинг барча гўшасида қалби эзгуликка лиммо-лим кишиларнинг қувончига шерик бўласиз, — дейди танлов ғолибларидан бири, “Чирчиқ тонги” газетаси муҳаррири Салима Яминова. — Қайси соҳани олманг, фидойи, меҳнатсевар халқимиз азму шижоати билан равнақ топмоқда. Бундай кезларда ҳар кимнинг дилидан “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган савол ўтиши табиий. Бу галги танловга тақдим этган туркум ижодий ишларимизда худди шу саволга дилдан, самимий жавоб излашга интилдик.
Танлов доирасида вилоят ижодкорларининг асарлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури маросимга байрамона файз бағишлади.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими А. Усмонов иштирок этди.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn