Табиатни асраш — бурчимиз
Версия для печати
  • 13 Август 2015

Табиатни асраш — бурчимиз

Қизилқум саҳросининг Жирақудуқ дарасидаги Тошўрмон ноёб палеонтологик музей-қўриқхонаси юртимиз ва дунё олимларининг катта қизиқишига сабаб бўлаяпти.

Яқинда ушбу табиат мўъжизасини қайта ўрганиш ва дунё аҳлига танитиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси  ҳамда “Экосан” халқаро жамоат фонди ҳамкорлигидаги “Масс-медиа ва экология: барқарор ривожланиш мақсадларида ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида Навоий вилоятига экологик медиатур ташкил этилди.
— Бу ҳудуднинг вужудга келиши ҳақида турли қарашлар мавжуд, — дейди Навоий вилояти Ўлкашунослик музейи директори Рамазон Эгамов. — Уларнинг бирига кўра, бундан миллион йиллар аввал табиати бой, гўзал манзарага эга бўлган Мингбулоқ ботиғига коинотдан бегона бир жисм келиб  урилади. Натижада денгиз суви парчаланиб, бу ерлар юз йиллар давомида қуёш нуридан панада, чанг-тўзон гирдобида қолади. Оқибатда эса бегона жисмнинг кимёвий, физикавий хусусияти билан қоришуви туфайли денгиз атрофидаги ўрмонзорлар, қуруқлик ҳамда сувда яшовчи жониворлар ўзга бир шаклга, яъни тошга айланади.
Соҳа мутахассислари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг жойлардаги ижроси, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларнинг қўлланилиши асносида эришилаётган ютуқлар, ёввойи жониворлар популяцияси, ноёб табиий ёдгорликларни асраш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.
— Мамлакатимизда табиатни муҳофаза этиш, ер ости ва ер усти ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда кимёвий чиқиндиларни сақлашда зарур меъёрларга амал қилиш бўйича қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётир, — дейди Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходими Маъмура Толибова. — Шу билан бирга, республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу эса кутилган самарани бериб, мамлакатимизда экологик ҳамда иқтисодий барқарорлик таъминланаётир.  
Медиатур иштирокчилари Қизилтепа туманидаги Тўдакўл кўлида балиқ чавоқларини етиштиришга ихтисослаштирилган “Аква-Тўдакўл” қўшма корхонаси, ёввойи ўрдакларни сақлаш ва кўпайтиришга мўлжалланган “Яшил диёр” қўриқхонаси, жониворларни кўпайтираётган “Адизбобо” ҳамда “Кубаро Диёр” фермер хўжаликлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.
Медиатур давомида бу каби тадбирлар жамоатчиликнинг экологик билимини янада ошириши баробарида, табиатни аслича асрашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn