Маҳалла — ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси
  • 12 Август 2015

Маҳалла — ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрами тобора яқинлашиб келаётган шу кунларда “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари юқори савияда ўтказилмоқда.

Танловнинг Нукус шаҳрида бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикаси босқичида таъкидланганидек, Президентимиз раҳнамолигида маҳалла институтини янада ривожлантириш ҳамда ушбу ноёб тузилманинг ислоҳотлар жараёнидаги иштироки ва ваколатлари кўламини кенгайтириш юзасидан амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар унинг жамият ҳаётида тутган ўрни ҳамда нуфузи тобора ошишига хизмат қилмоқда. Хусусан, ҳар йили ўтказиб келинаётган ушбу кўрик-танлов фуқаролар йиғинларининг миллий ва маънавий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга кўмаклашиш, маҳаллаларни комплекс ривожлантириш борасида тўпланган илғор иш тажрибаларини ўрганиш ҳамда оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу танлов доирасида 15 та фуқаролар йиғини учта шарт асосида ўзаро баҳс олиб борди. Якунда биринчи ўринни Амударё туманидаги “Қитой” овул фуқаролар йиғини эгаллади. Кейинги ўринлар эса Шуманай туманидаги “Айбуйир” ҳамда Чимбой туманидаги “Гужемли” маҳалла фуқаролар йиғинларига насиб этди.
— Оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар сифатида тарбиялашда, жамият ҳаётида аҳиллик, тотувликни таъминлашда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳамияти беқиёс, — дейди ғолиб фуқаролар йиғини раиси Давлатбой Атажанов. — Хусусан, 3400 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган овулимизда ана шу жиҳатларга эътибор қаратилмоқда. Ҳудудимизда тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланаётган оилалар кўп. Уларнинг кўмагида ҳудудимизни янада обод қилишга астойдил ҳаракат қилаяпмиз. Ҳакамлар фаолиятимизни баҳолашда бунга алоҳида аҳамият беришди.  Биз нафақат ғолиб бўлдик, айни чоғда илғор иш тажрибаларини ўргандик. Бу эса истиқболда фаолиятимизни яна бир поғона кўтаришимизда қўл келишига ишонаман.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида 1039 та фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи самарали фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан жойларда маънавий муҳит барқарорлигини, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни она-Ватанга ҳамда миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фуқаролар ижтимоий фаоллигини юксалтириш, миллий ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш борасида комплекс ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шу йилнинг биринчи ярмида ҳамкорлар кўмагида 5700 га яқин маънавий-маърифий, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури мазмуни ва аҳамиятига бағишланган 3400 дан ортиқ, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизми доирасида 9713 та, “Ота-оналар университетлари” томонидан эса 5896 та тарғибот тадбирлари ўтказилган.
Кўрик асносида ана шундай ютуқ ва натижаларга эришган ҳамда танловнинг туман (шаҳар) босқичларида биринчи ўринни эгаллаган 19 та фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи ғолиблик учун баҳс олиб борди. Айни чоғда иштирокчиларнинг соҳага оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти бўйича билими, иш фаолиятида учрайдиган масалаларни ҳал этиш юзасидан дунёқараши синовдан ўтказилди. Пировардида эса Тошлоқ туманидаги “Тошлоқ” шаҳарча фуқаролар йиғини биринчи ўринни қўлга киритди. Кейинги ўринлар Ўзбекистон туманидаги “Яккатут” ва Олтиариқ туманидаги “Полосон” маҳалла фуқаролар йиғинларига насиб этди.
Урганч шаҳрида бўлиб ўтган танловнинг Хоразм вилояти босқичида алоҳида таъкидланганидек, мазкур тадбир фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида миллий ва маънавий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, маҳаллаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ишларни ўрганиш ва рағбатлантириш ҳамда илғор иш тажрибаларини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни шаҳар ва туман саралаш босқичларида 602 та фуқаролар йиғини фаол қатнашгани яққол тасдиқлайди. Вилоят босқичида эса 11 фуқаролар йиғини жамоалари ўзаро куч синашди.
Иштирокчилар фаолиятига баҳо беришда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллани тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш борасидаги ютуқ ва натижаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, баркамол авлодни тарбиялашда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини янада кучайтириш, ваколатлари доирасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ижтимоий шериклик муносабатларини бундан-да кенгайтириш бўйича бажарилаётган чора-тадбирлар ҳакамлар ҳайъати томонидан чуқур ўрганилди.
Якунда биринчи ўрин Урганч шаҳридаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинига насиб этди. Иккинчи ўринга бир йўла иккита жамоа — Янгиариқ туманидаги “Шихбоғи” ва Шовот туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинлари лойиқ кўрилди. Кейинги ўринни Хива туманидаги “Сангар” маҳалла фуқаролар йиғини қўлга киритди.
— Баҳслар қизиқарли ва самарали бўлди, — дейди Урганч шаҳридаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жумабой Мадаминов. — Муҳими, қилган меҳнатимиз ва эришган ютуқларимизга ҳаққоний баҳо берилди. ўолиб бўлганимиздан мамнунмиз. Айни чоғда бу зиммамиздаги масъулиятни янада оширади. Бу борада бизга танлов чоғида ўзлаштирган билимларимиз ва илғор маҳаллалар тажрибалари асқатади.
Кўрик-танловнинг Қашқадарё вилояти босқичида ҳудуддаги мавжуд 660 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органида фаолият кўрсатаётган фаоллар миллий ва умуминсоний қадриятлар — дўстона қўшничилик ва ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ёрдамга муҳтожларга ғамхўрлик кўрсатиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби эзгу ишларни амалга ошириш йўлида самарали хизмат қилиб келаётганига эътибор қаратилди.
— Йиғинимиз 6 та қишлоқ ва битта маҳаллани ўзида бирлаштирган бўлиб, ҳудудда жами 9042 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди Китоб туманидаги “Севаз” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Насриддин Қаландаров. — Ҳудудимизда ўндан ортиқ хусусий ҳамда оилавий корхоналар фаолият кўрсатади. Касаначилик ва ҳунармандчилик ҳам кенг ривожланмоқда. Ҳозир 4273 нафар хотин-қизнинг асосий қисми иш билан таъминланган. Миллий қадрият ва урф-одатларимизни кенг тарғиб қилиш, оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллада аҳиллик ва тотувликни таъминлаш ҳамда аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш масалалари ҳам доимий эътиборда бўлиб келаётир.
Туман ва шаҳар босқичларида ғолиб чиққан 14 та фуқаролар йиғини ўзаро беллашди. Унда йиғин фаолиятига оид кўрсаткичлар, эришилган ютуқлар ва уларни акс эттирувчи ҳужжат ҳамда фотоальбомлар, маҳалла аҳлининг фаровон ҳаёт кечириши йўлида амалга оширилаётган ибратли ишлар алоҳида ҳисобга олинди. Сўнгра ҳакамлар хулосаси эълон қилинди. Қарши шаҳридаги “Қарлиқхона” маҳалла фуқаролар йиғини биринчи ўринга лойиқ, деб топилди. Кейинги ўринларни Касби туманидаги “Хўжакасби” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда Китоб туманидаги “Севаз” қишлоқ фуқаролар йиғини жамоалари банд этди.
Сирдарё вилояти босқичида ушбу кўрик-танлов жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, оила институтини янада мустаҳкамлаш, жойларда аҳоли, энг аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, жамиятда маҳалла институтининг ўрнини кенгайтириш, нуфузини янада ошириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш мактаби сифатида тобора муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.
Вилоятдаги мавжуд 333 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи жойларда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларда фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол қилиб вояга етказиш борасидаги чора-тадбирлар, айниқса, эътиборга лойиқ.
— Баркамол авлод тарбияси устувор вазифаларимиздан ҳисобланади, — дейди Боёвут туманидаги “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жумабой Худойназаров. — Маҳалла аҳолисининг 500 нафардан зиёди ёшлардан иборат. Улар бандлигини таъминлашда ҳудудда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ёрдами салмоқли бўлмоқда. Таъкидлаш ўринлики, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигимиз аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда, ёшларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этишда қўл келмоқда.
Вилоят босқичига йўлланма олган 11 фуқаролар йиғинининг иш фаолиятида эришган ана шундай кенг қамровли ютуқ ва натижалари ошкоралик, тенглик ҳамда адолат тамойиллари асосида кўриб чиқилди. Унга кўра, Гулистон туманидаги “Юлдуз” маҳалла фуқаролар йиғини ғолиб, деб топилди. Иккинчи ва учинчи ўринларга Оқолтин туманидаги “Мустақиллик” ва Сирдарё туманидаги “Тадбиркор” маҳалла фуқаролар йиғинлари муносиб кўрилди.
Ғолибларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва ҳамкор ташкилотларнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Бир нечта номинациялар бўйича ҳам совриндорлар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.
Тадбирлар доирасида иштирокчилар иш фаолиятига оид фотоальбом, плакат ва ҳунармандчилик буюмларидан иборат кўргазмалар ҳам намойиш этилди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
Набижон СОБИРОВ,
Ойбек РАҲИМОВ,
Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn