Ҳаётимиз кўрки, хонадонимиз файзи
  • 12 Август 2015

Ҳаётимиз кўрки, хонадонимиз файзи

Пойтахтимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маънавият тарғиботчилари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёши улуғ инсонларга ҳурмат, эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳаётини янада яхшилаш, саломатликларини мустаҳкамлаш, шунингдек, моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, жорий йилнинг юртимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номлангани ва шу асосда Давлат дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир.
Республика Маънавият тарғибот маркази “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Нуронийлар эъзозимизда” лойиҳасини амалга ошириб келаяпти. Айни шу лойиҳа доирасида таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларидан иборат ёшлар гуруҳи кексаларимиз ҳолидан хабар олиб, уларнинг ўгитларидан баҳраманд бўлишаётир.
Бундан ташқари, марказ томонидан нуронийларни эъзозлаш, қадр-қимматини янада юқори кўтаришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаяпти. Хусусан, “Кексаларга меҳр-оқибатли бўлайлик”, “Шукроналик — саодатимиз рамзи”, “Ватан остонадан бошланади”, “Кексалари эъзозланган юрт” номли буклетлар тайёрланиб, маҳаллалар, таълим муассасалари, ташкилотларга тарқатилди. Шунингдек, 20 номда буклет, 5 номда ўқув-услубий қўлланма, 30 номда маъруза матни ва тақдимот слайдлари жойларга етказиб берилди.
Юз ёшдан ошган отахону онахонлар дуосини олиш, уларнинг ҳаёт тажрибаларидан сабоқ чиқариш ҳам айни муддаодир. Бу борада “Кексаларни эъзозлаб, дуосини олайлик” деб номланган тарғибот материаллари тайёрланди ва кўп нусхада жойларга етказилди.
Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимизда ҳаётимиз кўрки ва хонадонимиз файзи бўлган нуронийларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик, инсон, унинг қадр-қиммати, бахт-саодати ҳамда саломатлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бир қисми, холос.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn