Инсон қадри улуғланган юрт
  • 11 Август 2015

Инсон қадри улуғланган юрт

Мамлакатимиз бўйлаб «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!» шиори остида навбатдаги саломатлик ҳафталиги бошланди.

Юртимизда аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш мақсадида тиббий кўрикларни ташкил этиш, жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, тиббий маданият даражасини янада юксалтиришдек эзгу мақсадга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.
Кеча мамлакатимизнинг барча ҳудудида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида бошланган навбатдаги саломатлик ҳафталиги ҳам ана шундай саъй-ҳаракатларнинг яна бир ёрқин ифодасидир.
Эътиборлиси, бу галги ижтимоий акция энг улуғ ва энг энг азиз байрам — Истиқлолимизнинг 24 йиллик шодиёналари арафасида бўлиб ўтаяпти. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган ҳафталик давомида ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари ва тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг 300 нафардан зиёд фан докторлари, профессорлари, доцентлари ҳамда малакали шифокорлари вилоятларда бўлиб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишаётир.
Айтиш жоизки, соғлиқни сақлаш тизимида ҳаётга татбиқ қилинаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Оналик ва болаликни муҳофаза этишнинг ўзига хос миллий модели шакллантирилди. Давлатимиз раҳбарининг “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори моҳият эътибори билан фарзандларимизнинг жисмоний ва маънавий камолотини таъминлаш, эл саломатлигини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.
Давлат даражасидаги эътибор туфайли бугун барча вилоятлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари, чекка туманлар шифохоналари ҳам замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда. Бу эса тиббий кўрикларни самарали ўтказишда қўл келаётир. Юксак малакали шифокорлар ҳар бир туман тиббиёт бирлашмаси, кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктларининг ўзидаги илғор тиббий технологиялар ёрдамида беморларга аниқ ташхис қўйишмоқда. Қишлоқлар аҳолиси, диспансер ҳисобида турадиган беморлар, ногиронлар, ёшлар ва хотин-қизларга зарур ёрдам ҳамда тавсиялар берилаяпти.
— Мана шундай тадбирлар сабаб кўпчиликнинг узоғи яқин бўлмоқда, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош хирурги Миршавкат Акбаров. — Табиийки, мамлакатимиз пойтахтидан юқори малакали мутахассисларнинг чекка ҳудудларга бориб, каттаю кичикнинг аҳволидан хабар олиши, тиббий кўрикдан ўтказаётгани ва яратиб берилаётган қулайликлардан барча мамнун. Шу боис бу галги ҳафталик қамрови янада кенгайди. Хусусан, хирург, акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, невропатолог, кардиолог, эндокринолог, офтальмолог, оториноларинголог, уролог, ортопед-травматолог, стоматолог, дермато-венеролог каби ўнлаб мутахассислар турли ёшдаги аҳолини малакали тиббий текширувдан ўтказишаяпти.
Шу ўринда қуйидаги рақамларга эътиборингизни қаратсак: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилаётган бу каби ижтимоий акциялар натижасида биргина 2014 йилда 6 миллион 500 минг нафар мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Мана шундай амалий ишлар туфайли сўнгги ўн йилда ривожланишида нуқсони бор болалар сони 1,3 баробар, 6-15 ёшли болалар орасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш 34,4 фоиз, пневмонияга чалиниш 49,7 фоиз, бронхит билан хасталаниш 32,8 фоиз ва сколиоз билан касалланиш 32,7 фоиз камайди.
Акция доирасида юртимизнинг энг олис ҳудудларидаги аҳоли қатламлари ҳам қамраб олинаётгани тадбирларнинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Бу галги йирик анжуман икки босқичда уюштирилиб, дастлаб вилоятнинг ўзида фаолият кўрсатаётган малакали мутахассислар ҳудуд аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказдилар. Иккинчи босқичда эса республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларидаги энг тажрибали мутахассислар иштирокида юқори даражадаги консилиумига эҳтиёжи аниқланиб, олдиндан рўйхати тузилган фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилаётир.
Қувонарлиси шундаки, бугун барча вилоятлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари, чекка туманлар шифохоналари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги боис тиббий кўрикларни самарали ўтказишга муваффақ бўлинмоқда. Аниқ мисол билан гапирадиган бўлсак, биргина ўтган йили 133 та тиббиёт муассасаси янгитдан қурилди ва реконструкция қилинди. Гулистон шаҳридаги вилоят онкология диспансери, Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий маркази, Андижон шаҳридаги кўп тармоқли вилоят тиббиёт маркази, Нукус шаҳридаги Республика силга қарши кураш диспансери ва бошқалар ана шулар жумласидандир. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан 400 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ва қарийб 30 миллион АҚШ долларилик хорижий кредит ҳамда грант маблағлари йўналтирилди.
Қишлоқлар аҳолиси, диспансер ҳисобида турувчи беморлар, ногиронлар, ёшлар ва хотин-қизларга зарур ёрдам ҳамда тавсиялар берилаётир. Бу эса, ўз навбатида, одамларнинг мушкули осонлашиши, дарди енгиллашувида муҳим аҳамият касб этади.
Кеча мазкур ҳафталик доирасида Тошкент вилоятининг Пискент тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида ҳам онахонлар, отахонлар, ёш болали аёллар, хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилди.
— Муассасамиз энг сўнгги русумдаги, илғор тиббиёт асбоб-ускуналари, лаборатория жиҳозлари, рақамли рентген аппарати билан таъминланган бўлиб, бу аҳоли сиҳат-саломатлигини таъминлашда муҳим ўрин тутаяпти, — дейди мазкур поликлиника бош шифокори Шаҳло Раҳимова. — Тиббий текширувлар ана шундай замонавий диагностика асбоб-ускуналари, жумладан, флюро-мобиллар, УТТ ва ЭКГ аппаратларида ўтказилаётгани аниқ ташхис қўйишда қўл келмоқда. Тадбир давомида пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, ёлғиз кексалар, болалар, фертил ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилаётир. Шунингдек, оилаларга мутахассисларнинг бириктирилганлиги ҳам каттаю кичикнинг саломатлигидан мунтазам хабардор бўлиб туришимизга имкон бермоқда. Давлатимиз томонидан яратилаётган шарт-шароитлардан барча мамнун. Буни шифокорлар кўригига келаётган турли ёшдаги фуқароларнинг самимий дил сўзларидан ҳам англаш мумкин.
Поликлиникага хонадонларимиз кўрки бўлган пири бадавлат кексаларимиз, жажжи фарзандининг қўлидан тутган оналар, хотин-қизлар бирин-кетин кириб келишмоқда. Улар рўйхатдан ўтиб, шифокорлар қабулига киришга тадорик кўришаяпти.
— Саксон етти ёшдан ошдим, — дейди туман марказида истиқомат қилувчи Нагима она Камолиддинова. — Илгари ҳозиргидек фаровонлик, эъзозу эҳтиром, ғамхўрлик қаерда эди дейсиз?! Бу — мустақиллик шарофати. Бугунги текширувни айтмайсизми? Поликлиникада барча шарт-шароит муҳайё этилган. Биз бундан ниҳоятда хурсандмиз. Мана шундай эзгу ишларнинг бошида турган Президентимиз ҳамиша омон бўлсинлар, деб дуо қиламиз.
Фарзандини педиатр қабулига олиб келган пискентлик Комила Каримова бизнинг журналист эканлигимизни билиб, “Мен ҳам гапирай”, деб келиб қолди.
— Икки фарзанднинг онасиман, — дейди у. — Яратганга шукрки, қизларим Зилола ва Заҳро соғ-саломат катта бўлишаяпти. Оилавий ҳамшираларимиз ҳам кунда, кунора улар ҳолидан хабар олиш мақсадида уйимизга келиб туришади. Ўзим ҳам соғлиғимдан нолимайман. Юртимизда биз, оналарга ва фарзандларимизга кўрсатилаётган юксак эътибор ҳамда ғамхўрлик учун Президентимизга мингдан-минг раҳмат айтаман.
Поликлиникада қадамлари шахдам, юришлари тетик равишда докторлар билан кулиб гаплашаётган отахон эътиборимизни тортди.
— Мен малакали мутахассислар кўригидан ўтиш учун атайин Бўка туманидан келдим, — дейди 76 ёшга кирган Чинпўлат Тошбоев. — Худога шукр, соппа-соғ эканман. Буларнинг барчасига мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамлик сабаб, деб ўйлайман. Негаки, тараққиёт ҳам, ободлик ҳам, фарзандларимизнинг бехавотир ўсиб-улғайишлари ҳам ана шу улуғ неъмат туфайлидир. Қолаверса, доимо меҳнат билан машғул бўлиш, яхши ният қилиш, эл корига яраш ҳам умрни узайтиради. Шукрки, мустақилликни, бугунгидек гўзал ва обод турмушни кўрдик.
Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу хайрли ишлар миллатни соғломлаштириш ғоясининг асосини ташкил қилади. Бинобарин, бугунги кунда ҳар қайси халқ, давлат ва жамиятнинг ривожланиш омили инсон, унинг соғлиғи ҳамда турмуш даражасига бераётган эътибори, шу йўлдаги саъй-ҳаракати билан ўлчаниши барчамизга кундек равшан. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, кексаларни эъзозлаш мақсадида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг нечоғли муҳим ва долзарб эканлиги давлатимиз раҳбарининг “Соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади”, деган сўзларида ҳам яққол ўз ифодасини топган.

Фурқат САНАЕВ,
Омонулла ФАЙЗИЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn