Истиқлол — бебаҳо неъмат
  • 08 Август 2015

Истиқлол — бебаҳо неъмат

Мустақиллик ҳар бир юртдошимиз ҳаётига янгича мазмун, турмушига фаровонлик олиб кирди. Миллий истиқлол ғояcи фуқароларимизни она-Ватан равнақи учун бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилишга ундамоқда.

Бинобарин, бугун барча соҳада қўлга киритилаётган муваффақиятлар биз танлаб олган тараққиёт йўли нақадар тўғри ва ишончли эканлигининг амалий тасдиғи сифатида намоён бўлмоқда.
Республика Маънавият тарғибот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳам ана шулар ҳақида сўз юритилиб, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган янгиланишлар, эришилаётган ютуқларни аҳолига етказишда журналистларимиз олдида турган муҳим масалаларга эътибор қаратилди. Унда таниқли олимлар, экспертлар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, маънавият тарғиботчилари, босма ва электрон ОАВ вакиллари қатнашди.
Ҳадемай, мустақиллигимизнинг 24 йиллигини катта байрам сифатида нишонлаймиз. Жойларда энг улуғ, энг азиз айёмни муносиб кутиб олишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Бунда, таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 17 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Айни жараёнда истиқлолимизнинг бебаҳо неъмат эканлигини, унинг қадр-қимматини халқимиз, айниқса, ёшларимизга етказишда оммавий ахборот воситалари ходимлари зиммасига катта масъулият юкланади. Зеро, кечаги кунимизни бугунги ҳаётимиз билан таққослаш, юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора юксалиб бораётгани, улкан марралар мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш ижодкорлардан улкан маҳорат талаб қилади. Шу кунларда республикамизнинг барча ҳудудида ўзгача шукуҳ билан ўтказилаётган “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остидаги ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирларни халқчил, самимий руҳда ёритиш ҳам долзарб аҳамият касб этади.
Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn