Ҳунарим — бахтим, саодатим
  • 08 Август 2015

Ҳунарим — бахтим, саодатим

Давлатимиз мустақилликка эришгач, азалий қадриятларимизни тиклашга, миллий ҳунармандчилигимиз анъаналарини ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Натижада бугун минглаб ҳунар эгалари ўз меҳнати билан элда эъзоз топаётир.

Хусусан, Президентимизнинг 2010 йил 30 мартдаги “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони бу соҳадаги юксалишларни янада юқори поғонага кўтарди.
Мустабидлик замонида бизнинг ишимизга бўлган нооқилона муносабат ҳунармандчилигимизни жар ёқасига олиб келиб қўйди. Ўша даврда хавотирда ишлашга мажбур эдик. Шу боис касбимизни ёшларга ўргатиш, шогирдлар тайёрлаш мушкул бўлган. Шукрки, бугун барча шарт-шароит яратиб берилган, имтиёзлар қўлланилаяпти. Солиқлардан озодмиз. Кулоллик цехимиз учун ер майдони ажратилган. Ажойиб устахонамиз бор. Бир ҳунармандга эътибор шунчалик бўлади-да!
Ҳозир Янгиариқ туманидаги Каттабоғ қишлоғида кулоллик мактабимизнинг саккизинчи авлод вакиллари камол топмоқда. Улар турли нақшинкор идишлар тайёрлаш билан бирга, қадимий обидаларни таъмирлаш ва замонавий биноларни кошинлар билан безаш ишларида ҳам фаол қатнашмоқда. Урганчдаги Хоразмий, Беруний ёдгорлик мажмуалари, Бухоро шаҳридаги  бир нечта зиёратгоҳларни кошинлар билан безаш ишларида иштирок этдик. 15 йилдан буён кулоллик цехимиз қошида “Устоз — шогирд” мактаби ишлаб турибди. Эллик нафардан ортиқ шогирдлар тайёрладик. Бизнинг ёш кулоллар хаттотлик ҳунарини ҳам пухта ўрганаяптилар.
Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, ишларим “Ташаббус —2015” республика кўрик-танловида юқори баҳоланди. Танловнинг “Энг яхши ҳунарманд” йўналиши бўйича биринчи ўринга лойиқ топилиб, олтин медаль, махсус диплом, Президентимиз совғаси — “Spark” автомашинаси билан тақдирландим. Бугунги кунгача нимага эришган бўлсам, юртимизда ҳунармандларга бўлган алоҳида эътибор, яратиб берилган имкониятлар туфайлидир. Бизнинг ишимизга берилаётган юксак баҳо ташаббус кўрсатишга, мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишларида фаол қатнашишга ва янгиликлар яратишга ундайди.

Аллазар САЪДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон ҳунармандлар уюшмаси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn