Хотин-қизлар манфаатлари — доимий эътиборда
Версия для печати
  • 07 Август 2015

Хотин-қизлар манфаатлари — доимий эътиборда

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг навбатдаги кенгайтирилган бошқарув йиғилиши сайёр тарзда Урганч шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмиталари раислари, тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий фаоллигини кучайтириш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 1991 йилда ташкил қилинган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айни мақсадга йўналтирилган давлат дастурлари ва бошқа ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутмоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолияти сарҳисоб қилинди. Хусусан, қуйи тизим фаолиятини замон талабларидан келиб чиқиб янада жонлантириш, давлат ва нодавлат тузилмалар билан ижтимоий шерикликни такомиллаштириш, оналик ва болаликни муҳофаза этиш, аёллар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш каби долзарб вазифалар муҳокама қилиниб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди.
Йиғилиш иштирокчилари Хоразм вилоятининг Хонқа ва Ҳазорасп туманларида бўлиб, аёлларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.
Тадбир доирасида Ҳазорасп туманида Аёллар ва оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг очилиш маросими ўтказилди.
Қайд этилганидек, жойларда очилаётган бундай марказлар хотин-қизлар  ўртасида маънавий муҳитни  соғломлаштириш, уларнинг тиббий, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оила институтини ривожлантириш мақсадларига хизмат қилаётир.
Аёллар, айниқса, фарзанд тарбияси ва рўзғор юмушлари билан машғул, иш билан банд бўлмаган уй бекалари жамиятда ўзини тўлақонли ҳис қилиши, ижтимоий фаоллиги ошишида мазкур марказларнинг таъсири ортиб бормоқда. Қолаверса, қизларни миллий қадриятларимизга таянган ҳолда тўғри тарбиялаш нечоғли муҳим эканини, яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг салбий оқибатларини аҳоли кенг қатламига етказишда ушбу марказлар алоҳида ўрин тутади.
Иштирокчилар, шунингдек, Хонқа туманидаги Ойдин ҳаёт маҳалласида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил қилинган фуқаролар йиғинига кўмаклашувчи бешта сектор фаолиятини ўрганишди. Хонқа ва Ҳазорасп туманларидаги ногирон ҳамда эҳтиёжманд оилаларга аравача, реабилитация воситалари берилди. Ушбу туманлар хотин-қизлар қўмиталарига “Spark” хизмат автомашинаси топширилди.
— Бундай тадбирлар самарали лойиҳаларни рўёбга чиқаришда ўзаро тажриба алмашиш имконини бериши билан ғоятда аҳамиятли, — дейди Хонқа тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргиза Жабборова. — Жумладан, тадбир давомида хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг ишбилармонлик салоҳиятини намоён этиши учун кўмаклашиш борасида ўз тажрибаларимиз билан ўртоқлашдик.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn