Бунёдкорлик шижоати ёшларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштирмоқда
Версия для печати
  • 07 Август 2015

Бунёдкорлик шижоати ёшларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштирмоқда

Истиқлол йилларида юртимиз шаҳару қишлоқларида барпо этилаётган кўркам иншоотлар, замонавий кўприклар, кенг ва равон йўллар халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин ифодаси сифатида қалбимизда чексиз фахр-ифтихор туйғуларини жўш урдиради. Айниқса, мана шундай хайрли ишларга ёшларимиз муносиб ҳисса қўшишга интилаётгани қувонарлидир.

Чунончи, мамлакатимизда улғайиб келаётган йигит-қизларнинг бу жабҳадаги фаоллигини янада ошириш, уларни миллий қадриятларимизга эҳтиром руҳида тарбиялаш ва иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу борада “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ва қатор вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган “Бунёдкор” талаба-ёшлар меҳнат ҳаракатлари ҳам шундай хайрли мақсадларни кўзда тутади. Айни кунда юртимизнинг барча ҳудудида зарбдор меҳнат жамоалари тузилган бўлиб, уларга олий ўқув юртлари талабалари билан бир қаторда, меҳнат билан банд бўлмаган ёшлар ҳам жалб этилган. Хусусан, Самарқанд вилоятида ҳам навқирон авлод вакиллари бу борада фаоллик кўрсатмоқдалар.
— Ёшларнинг бўш вақтидан фойдаланиб, уларни меҳнатга жалб этиш ва шу орқали қўшимча даромад олишлари учун имкон яратиш мақсадида барча шаҳар ва туманларда “Бунёдкор” меҳнат ҳаракатининг кенг тарғиботи олиб борилмоқда, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши бўлими мудири Йўлдош Исомиддинов. —  Ҳозирги кунга қадар вилоятимиз бўйича 2500 нафарга яқин талабгорлардан аризалар қабул қилинди. Улар 158 та меҳнат гуруҳига бўлиниб, бириктирилган жойларда шижоат кўрсатишаётир. Меҳнат гуруҳлари, асосан, қурилиш, ободонлаштириш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилган.
Айтайлик, Самарқанд давлат университети талабаларининг бир гуруҳи ўз университетлари ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида қатнашаётган бўлсалар, яна кўплаб шижоатли ёшлар вилоятдаги бошқа қурилиш майдонларида бунёдкорларга яқиндан кўмаклашишмоқда. Жумладан, уларнинг шижоат ва ғайратидан “Холмўмин Дониёр” фермер хўжалиги, “Турон”, “Истиқлол ғунчалари” масъулияти чекланган жамиятлари қурувчилари ҳам қўшимча куч олишаяпти, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Эътиборлиси, ҳар бир гуруҳ қурилиш объектлари, ишлаб чиқариш корхоналари, суғурта идоралари билан тузилган шартнома асосида фаолият юритаяпти.
Самарқанд туманида талабалардан иборат бунёдкор жамоа намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойлар қурилишида қатнашаётганига гувоҳ бўлдик. Таъкидлаш жоизки, мазкур жараён “Устоз — шогирд” анъанаси асосида ташкил этилган экан. Талабалар бу ерда таътилни фойдали меҳнат билан ўтказиш баробарида, қўли гул усталардан қурувчилик сирларини ўрганмоқдалар. 
Университетнинг физика, ижтимоий-иқтисодиёт, ўзбек филологияси, механика-математика, тарих факультетлари талабалари эса вилоятнинг турли ҳудудларидаги бунёдкорлик ишларида алоҳида фаоллик кўрсатаётир. Ёшларнинг қай бири билан суҳбатлашмайлик, улар юртимиз тобора чирой очаётгани, одамларнинг фаровон турмуш кечириши учун бунёд этилаётган замонавий уй-жойлар қурилишига ўзларининг ҳиссаларини қўшаётганликларидан жуда хурсанд эканликларини билдирдилар.
Бундан ташқари, вилоятдаги бошқа олий ўқув юртлари талабалари ҳам “Бунёдкор” меҳнат ҳаракатида фаол қатнашаётир. Жумладан, Самарқанд қишлоқ ҳўжалиги институти талабалари Оқдарё туманида жойлашган ўқув-тажриба хўжалиги марказида, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти ёшлари жамоаси Пастдарғом туманида жойлашган Камолот маҳалласидаги намунавий уй-жойлар қурилишида, Самарқанд давлат чет тиллар институти вакиллари эса “Золотинка” ёзги дам олиш оромгоҳида  фаолият юритишмоқда.
Шунингдек, меҳнат майдонларида бунёдкор ёшларнинг овқатланиши, вақтида мазмунли ҳордиқ чиқариши, эҳтиёж туғилганда тиббий хизматдан фойдаланиши учун етарли шароитлар яратилган. Ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, хусусан, “Энг яхши меҳнат гуруҳи”, “Меҳнат гуруҳининг энг фаол аъзоси” танловлари, “Камолот”да менинг ўрним”, “Биз “Камолот” билан” викториналари ўғил-қизларда алоҳида таассурот қолдирмоқда.
— Бу меҳнат ҳаракатининг ташкил этилиши биз, талаба-ёшларнинг таътилни фойдали ва мазмунли ўтказишимизга хизмат қилмоқда, — дейди Самарқанд давлат университети талабаси Ҳамза Шодиёров. — Мен ҳам эзгу ишларга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман.
“Бунёдкор” талаба-ёшлар меҳнат ҳаракати — ёшларни нафақат меҳнатга, балки ҳаётга теран нигоҳ билан қарашга ўргатаётганини айтиш жоиз. Зеро, бундай фазилатлар мустақил юртимиз тараққиёти йўлида алоҳида аҳамиятга эга.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn