Мустақил юрт оқшоми
Версия для печати
  • 06 Август 2015

Мустақил юрт оқшоми

Наманганда мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!” шиори остида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Улардан бири вилоят марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтди.

“Мустақил юрт оқшоми” деб номланган мазкур бадиий-мусиқий кечада нуронийлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида давлат мукофотлари билан тақдирланган фуқаролар, ишлаб чиқаришда юқори натижаларни қўлга киритган турли соҳа вакиллари, танловлар ғолиблари, ижодкорлар, истеъдодли ёшлар қатнашди.
Тадбир аввалида тадбиркорларимиз томонидан тайёрланган истеъмол моллари, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси ташкил қилинди. Айни чоғда иқтидорли мўйқалам соҳибларининг замонамиз қаҳрамонлари сиймоси акс эттирилган асарлари  намойиш қилинди.
— Таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури кечага ўзгача файз бағишлади, — дейди Наманган давлат университети талабаси З. Пўлатова. — Шунингдек, Наманган санъат коллежи, болалар мусиқа ва санъат мактабининг халқаро ва республика танловларида юқори натижага эришган энг иқтидорли ўқувчиларининг чиқишлари кўнгилларга бир олам завқ олиб кирди.
Шунингдек, қатнашчилар вилоят ўлкани ўрганиш музейида бўлиб, шаҳар ва туманларнинг истиқлол даврида эришган ютуқ ҳамда натижаларини акс эттирувчи кўргазма ва вилоят телерадиокомпанияси ижодкорлари тайёрлаган, “Ким эдигу ким бўлдик?” ғоясини ўзида мужассамлаштирган махсус видеороликни томоша қилдилар.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn